Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:49

Тожикистон: Президент қизининг фармацевтика империяси - Озодлик суриштируви


Тожикистон президентининг бешинчи қизи ҳукуматнинг пули, давлат имтиёзлари ва элчи турмуш ўртоғининг лоббисидан фойдаланиб йирик фармацевтика империясини қурган. Парвина Раҳмонова авторитар президент Эмомали Раҳмон ҳокимиятга келганидан бери унинг катта бойлик орттирган ёки юқори давлат лавозимларига тайинланган кўплаб фарзандлардан бири.

Бироқ, Раҳмоннинг бошқа фарзандларидан фарқли ўлароқ, Раҳмонова жамоатчиликка деярли кўриниш бермайди.

Парвина оилавий суратларда ҳам кам кўринади. Унинг турмуш ўртоғи Ашраф Гулов 2021 йилдан буён Туркияда элчи бўлиб ишлайди. Элчихона сайтида унинг исми тилга олинмайди. Озодлик тожик хизмати журналистлари унинг туғилган санасини аниқлай олишмади.

Раҳмонова олти йил ичида Тожикистон фармацевтика бозорини эгаллаган "Сифат Фарма" (Sifat Pharma) компаниясини сиёсий алоқалари ёрдамида бошқариб келади.

2017 йилда ташкил этилганидан буён ширкат Тожикистон пойтахти Душанбеда 20 га яқин дорихоналар тармоғини қуриш билан бирга давлат тендерларида миллионлаб долларлик лойиҳаларни қўлга киритди.

Тожикистон ҳукумати CОVID-19 пандемияси даврида Раҳмонованинг компанияси воситачилигида Европа Иттифоқида ишлаб чиқарилган тиббий ускуналар ва дори-дармонларни сотиб олган.

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон (ўртада) оила аъзолари билан. Унинг бешинчи қизи, "Сифат Фарма"​ эгаси Парвина Раҳмонова ўнгдан иккинчи.
Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон (ўртада) оила аъзолари билан. Унинг бешинчи қизи, "Сифат Фарма"​ эгаси Парвина Раҳмонова ўнгдан иккинчи.

Озодлик радиоси олиб борган суриштирув натижалари:

  • "Сифат Фарма" бош директори Шерали Холов Тожикистон халқаро банки акциядори. Озодлик радиоси тожик хизмати олдинги суриштирувда Шерали Холов Раҳмонова эрининг укаси билан алоқаси борлигини аниқлаган;
  • "Сифат Фарма"нинг бошқа бир раҳбари рақобатчиларга фирма иштирок этаётган давлат тендерларида қатнашмасликни айтади, дейди соҳада фаолият юритаётган икки тадбиркор;
  • Қизининг компанияси ва Франция фармацевтика компанияси ўртасидаги ҳамкорликни йўлга қўйишга Раҳмоннинг ўзи ёрдам берган;
  • "Сифат Фарма" давлат шартномаларини ҳам ютиб олган.

Озодлик "Сифат Фарма", Гулов, Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва президент маъмурияти билан боғланиб, ширкатга давлат томонидан кўрсатилаётган ёрдам юзасидан изоҳ сўради. Уларнинг ҳеч биридан жавоб бўлмади.

"Сифат Фарма" "Тожикистон аҳолисини халқаро стандартларга мос дори воситалари билан таъминлаш мақсадида Беларус, Ҳиндистон ва Эрон соғлиқни сақлаш вазирликлари билан ҳамкорлик тўғрисида шартномалар имзолаган", — дейилади Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарида.

Бу ташкил этилганига беш ой ҳам бўлмаган компания учун ажойиб старт эди.

Парвинанинг турмуш ўртоғи Ашраф Гулов 2021 йилдан буён Тожикистоннинг Туркиядаги элчиси бўлиб ишлайди.
Парвинанинг турмуш ўртоғи Ашраф Гулов 2021 йилдан буён Тожикистоннинг Туркиядаги элчиси бўлиб ишлайди.

"Сифат Фарма" 2017 йилнинг 2 майида рўйхатдан ўтган. Тожикистон президентининг бешинчи қизи Парвина Раҳмонова унинг ягона асосчиси сифатида қайд этилган. Раҳмонова бугунги кунгача компаниянинг ягона акциядори бўлиб қолмоқда .

Озодлик радиоси ўрганган давлат харидлари ҳужжатларига кўра, "Сифат Фарма" ташкил этилган кундан бошлаб 2023 йилнинг августигача Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бир қатор давлат тиббиёт муассасаларига дори-дармон етказиб бериш бўйича 5,5 миллион долларлик давлат шартномаларини ютиб олган.

Маълумотларга кўра, "Сифат Фарма" нинг иккита шўба корхонаси – "Сифат Фарма" тиббий кийим-кечак фабрикаси ва "Тибби тожик" тиббий хизмат кўрсатиш компанияси давлат тендерларида 326 минг доллардан ортиқ лойиҳаларни қўлга киритган.

Раҳмонова ташкил қилган империянинг умумий қийматини ҳисоблаш қийин. Тожикистон компанияларнинг ҳукуматга тўлаган солиқлари ҳақидаги маълумотларни эълон қилмайди. Амалдорларнинг даромадлари ва мол-мулки ҳақида декларациялар ҳам оммага ошкор қилинмайди.

Жамият тафаккури ва савияси Ғарб жамиятиникига тенг бўлса, албатта, муаммони ҳал қиламиз, - деганди мулозим Жума Давлатзода ўша пайтда Озодлик радиосининг тожик хизматига.

"Сифат Фарма" вебсайтига кўра, ҳозирда Тожикистонда компаниянинг 18 та дорихонаси фаолият юритади, уларнинг иккитаси Душанбе шаҳрида жойлашган.

Озодлик кўриб чиққан божхона маълумотларига кўра, "Сифат Фарма" 2018 йилдан бери камида 3,2 миллион долларлик маҳсулот, асосан дори-дармон импорт қилган. Бу кўрсаткич анча юқори бўлиши мумкин, чунки кўпгина юк қайдномаларида жўнатма қиймати кўрсатилмаган.

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 2019 йил 17 ноябрь куни Парижда бўлиб ўтган Тожикистон-Франция ишбилармонлар кенгаши йиғилишида. Учрашув якунида Раҳмон қизининг «Сифат Фарма» компанияси француз компанияси билан шартнома имзолаган.
Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 2019 йил 17 ноябрь куни Парижда бўлиб ўтган Тожикистон-Франция ишбилармонлар кенгаши йиғилишида. Учрашув якунида Раҳмон қизининг «Сифат Фарма» компанияси француз компанияси билан шартнома имзолаган.

"Президент қизининг компанияси"

1990-йиллар бошида Совет Иттифоқи парчаланиб, Раҳмон Тожикистонда ҳокимиятни қўлга киритганидан бери унинг фарзандлари, уларнинг турмуш ўртоқлари ва қайноталари катта бойлик ва сиёсий нуфузга эга бўлди.

У тўққиз фарзандидан учтасини, хусусан, парламент юқори палатаси раиси ва Душанбе мери бўлиб ишлаётган тўнғич ўғли, 35 ёшли Рустам Эмомалини давлат лавозимларига тайинлаган. Агар отаси истеъфога чиқса, у муваққат президент бўлади.

Рустам Эмомали назоратидаги оммавий ахборот воситалари унинг синглиси Раҳмонованинг бизнес манфаатларини реклама қилади.

"Сифат Саноат" директори Ҳокимшо Идиев бошқа тадбиркорлардан "Сифат Фарма" иштирок этаётган тендерларда қатнашмасликни сўраган.

"Мен шартнома бўйича таклиф бермоқчи эдим. Идиевга қўнғироқ қилдим. У менга: "Бу тендерга уринма, чунки бу бизники", деди. Шу суҳбатдан кейин мен тендерга кирмасликка қарор қилдим”, дейди тадбиркорлардан бири.

Душанбедаги тадбиркорлар йиғилишларида Идиев тез-тез "Сифат Саноат"ни "президент қизининг ширкати" деб таништиради. Идиев Озодлик сўровига жавоб бермади.

"Сифат Саноат" юқори мартабали ҳукумат амалдори Раҳмоннинг Туркияда элчилик қиладиган куёви Ашраф Гуловга бориб тақалади.

Тожикистон парламенти юқори палатаси раиси ва Душанбе мери Рустам Эмомали.
Тожикистон парламенти юқори палатаси раиси ва Душанбе мери Рустам Эмомали.

2022 йил июль ойида Тожикистоннинг "Ховар" давлат ахборот агентлиги турк тадбиркорлари делегацияси Гуловнинг "ташаббуси ва ёрдами билан" Тожикистонга сафар қилгани ҳақида хабар берган.

Ташриф натижасида Раҳмонованинг тиббий кийим-кечак ишлаб чиқарувчи "Сифат саноат" компанияси ва Туркиянинг асбоб-ускуналар ишлаб чиқарувчи Dundalar компанияси ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланган.

Гулов Тожикистоннинг Туркиядаги элчихонасига изоҳ сўраб қилинган мурожаатга жавоб бермади.

Тожикистоннинг Туркиядаги элчихонаси сайтида маълум қилинишича, Гулов ва унинг рафиқасининг беш фарзанди борлигини, бироқ элчихона Раҳмонованинг исми ва унинг Тожикистон президентининг қизи эканлигини тилга олмаган.

Тожикистон корпоратив реестридан олинган маълумотларга кўра, Гуловнинг қизи онасининг соғлиқни сақлаш империясига қўшилган ҳамда 2018 йил февраль ойида "Сифат Табобат" ширкатига асос солган.

Бу компаниянинг ягона акциядори Гулов ва Раҳмонованинг қизларидан бири Рамзия Гулова. Ўшанда Гулова университетнинг биринчи курс талабаси бўлган . Компания номи кейинчалик "Тибби тожик" номига ўзгартирилган.

Давлат харидлари бўйича маълумотларга кўра, корпоратив рўйхатда тиббий хизмат кўрсатувчи компания сифатида тавсифланган "Тибби тожик" 2022 йилдан буён 184 000 долларлик давлат шартномаларини ютиб олган.

Гулова ҳақида маълумотлар кам. Аммо Озодлик кўриб чиққан ҳужжатларга кўра, у Душанбедаги Россия-Тожикистон Славян университетида ўқиган.

Озодлик "Тибби тожик"нинг электрон почтаси ва телефонини топа олмади. Бироқ 2019 йил ноябрида Раҳмоннинг Францияга ташрифи чоғида «Сифат Фарма» номидан француз ҳамкори билан шартнома имзолаган Жамшед Ҳамидовнинг Whatsapp аккаунти орқали Гуловага ёзма сўров юборди.

«Сифат Фарма» компанияси вакили Жамшед Ҳамидов (чапда) президент Эмомали Раҳмоннинг Францияга ташрифи чоғида 2019 йил 17 ноябрь.
«Сифат Фарма» компанияси вакили Жамшед Ҳамидов (чапда) президент Эмомали Раҳмоннинг Францияга ташрифи чоғида 2019 йил 17 ноябрь.

Ҳамидов Whatsapp’дан "Тибби тожик"да ишлашини, бироқ "Сифат Фарма"да ишламаслигини айтди. У Гулова ҳақидаги саволлар билан танишиб чиққанини маълум қилди, бироқ Озодликка мақола чоп этилгунгача жавоб келмади.

Форум

XS
SM
MD
LG