Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:00

OzodDayjest: Спорт вазири Азиз Абдуҳакимов ёлғон маълумот берганликда айбланди


Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов
Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов

Сенатор зўравонлик қурбони бўлаётган мардикор аёллар ҳақида гапирди. Спорт ва туризм вазири ёлғон маълумот бергани маълум бўлди. Андижонда рашк туфайли эрини пичоқлаб ўлдирган аёл қамалди. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

“Cпорт вазири ёлғон маълумот берган” – Шахмат федерацияси ходимлари ҳамон маошсиз ишламоқда

Ўзбекистон шахмат федерацияси ходимлари деярли бир йилдан буён маошсиз ишлаб келмоқда, дея хабар қилди Kun.uz нашри. Федерация масъул ходимига кўра, маош муаммоси 2020 йил апрель ойида бошланган. 2021 йил январида марказий шахмат клубидан қарз олинган ва шу қарз ҳисобидан ходимларга январь-февраль ойи учун маош тўланган, аммо ойлик бериш яна тўхтатилган. Ходимларга ўтган вақт давомида бирор марта мукофот ёки рағбатлантириш пуллари ҳам тўланмаган.

“Шахматни ривожлантирамиз, оммалаштирамиз, дейилди, лекин федерация ходимларининг ўзи ойлик олмаяпти, шахмат қандай оммалашади?” деган федерация ходими.

Федерация вакили бош вазир ўринбосари, туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимовнинг “маош муаммоси ҳал қилинди” деган баёноти ҳам ёлғон эканини таъкидлаган. Эслатиб ўтамиз, жорий йил 26 май куни А. Абдуҳакимов Ўзбекистон шахмат федерацияси ходимларининг маош муаммоси ҳал этилгани, бу масала билан шахсан ўзи шуғулланганини айтган эди.

Kun.uz нашри суриштирувида маълум бўлишича, деярли бир йилдан буён маошсиз ишлаётган айрим мутахассислар ташкилотни тарк эта бошлаган.

Сенатор: Мардикор аёллар зўравонлик ва ноҳақлик қурбони бўлмоқда

Мардикор бозорлари нафақат шаҳарларда, балки туман ва узоқ қишлоқларда ҳам бор. Афсуски, ишга ёлланишга чиққан инсонлар орасида хотин-қизлар сони кўпчиликни ташкил этмоқда. Ачинарлиси, хотин-қизлар оғир ишларни ҳам бажаришга мажбур бўлмоқда, деб ёзган Олий Мажлис Сенатининг Гендер тенглик ва хотин-қизлар масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова (“Маҳалла” газетаси, 24 июль).

Қайд этилишича, иш берувчилар фаолиятини назорат қилиш имкони йўқ, бу эса аёллар ҳеч қандай ҳуқуқий ҳимояга эга эмас деганидир. Қўшни Қозоғистон ва Қирғизистонга ишлагани бораётган ўзбекистонлик аёллларнинг ҳам ҳуқуқлари кафолатланмаган.

Сенаторга кўра, оғир моддий аҳвол юртимизнинг турли жойларидан келган аёлларни мардикор бозорига чиқиб, паст ҳақ тўланадиган қора иш топиб кун кечиришга мажбур қилмоқда. Ёзилмаган қоидага биноан бир кунлик иш ҳақи бир килограмм гўшт нархи даражасида белгиланади.

“Баъзи бирлари иш жараёнида турли даражада жароҳат олади. Ишга ёлланган пайтда зўравонлик ёки ноҳақлик қурбонига айланиш ҳолатлари ҳам кам эмас. Чунки амалда уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари қонун билан ҳимояланмаган”, деган М. Қодирхонова.

Бу борада мардикор аёлларни ҳуқуқий жиҳатдан муҳофазалаш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ишга эҳтиёжи бор аёлларни ўқитиш ва касб-ҳунарга тайёрлаш муҳим эканини таъкидланган.

Эрини бошқага бериб қўйишни истамаган аёл уни пичоқлаб ўлдирди

Жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти Хонобод шаҳри суди шаръий никоҳдаги эри бошқага уйланаётганини эшитиб, уни ўлдирган аёлга ҳукм ўқиди (www.daryo.uz, 28 июль).

Маълум бўлишича, Янгийўл туманида яшовчи аёл 2020 йил май ойида Тошкент шаҳрида новвойчилик қилаётган андижонлик эркак билан шаръий никоҳ асосида турмуш қуради. Жуфтлик бир неча ой ижарада яшайди. Бу орада улар ўртасига совуқлик тушади. Андижонга қайтган эркак яқинлари қистови билан бошқа аёлга уйланишга қарор қилади. Бундан хабар топган аёл Избоскан туманига – эрининг уйига боради. Эркак уни яхши кўриши, уйдагилар кўнгли учун мажбуран уйланаётгани, тўй ўтгач Тошкентга қайтиб боришини айтади.

Қайд этилишича, аёл шарманда бўлган ҳолда қайтишни истамай, далада айланиб юришган пайтда эрини пичоқлаб ўлдиради.

“У ҳолсизланиб, ерга ўтириб қолди. Танасидан пичоқни олиб, пахтазор томонга улоқтирдим ва уни бошқа аёлга бериб қўйишни истамаганим учун шундай қилишга мажбур бўлганимни айтиб, ундан узр сўрадим”, деган судланувчи ўз кўрсатмасида.

Суд Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) билан айбдор деб топилган аёлга 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

XS
SM
MD
LG