Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:01

OzodDayjest: Ўзбекистонда амалдор-бизнесменларга яшил чироқ ёқилди


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Партия раҳбарлари плагиаторликда айбланди. Давлат амалдорларига бизнес билан шуғулланишни тақиқлаш таклифи инобатга олинмади. Коммунал хизмат вазирлиги 100 миллион cўмлик таъмир ҳақида ёлғон маълумот берди. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

Ўзбекистондаги икки партия раҳбари кўчирмакашликда айбланди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосарлари – Ўзбекистон халқ демократик партияси раиси Улуғбек Иноятов ва “Адолат” партияси фракцияси раҳбари Зуҳра Ибрагимова ўзганинг мақоласини ўз номидан эълон қилишда айбланди (www.xabar.uz, 3 июль). “Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот ва жамоатчилик билан алоқалар бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Деҳқонов бу масалада ушбу арбобларга очиқ хат йўллади.

Маълум бўлишича, жорий йил 30 июль куни Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги сайтида Ш. Деҳқоновнинг “Фаол ва ташаббускор авлод – Янги Ўзбекистон драйвери” номли мақоласи чоп этилган. 1 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг расмий сайтида Улуғбек Иноятов муаллифлигида “Ёшлар манфаатлари йўлида кучимизни аямаймиз” номли мақола эълон қилинган. Ш. Деҳқоновга кўра, ХДП раиси унинг мақоласини сўзлари тугул, нуқта-вергулигача ўзгартирмасдан кўчириб олган. “Бу очиқдан-очиқ сўз ва фикр ўғирлиги”, деган муаллиф.

“Адолат” партияси фракцияси раҳбари Зуҳра Ибрагимова ҳам 2 июль куни ЎзА сайтида эълон қилинган “Ўзбекистон ёшлар сиёсатида дунёга намуна бўлмоқда” номли мақолаcида Ш. Деҳқоновнинг муаллифлик ҳуқуқини поймол қилган.

“Хуллас, Ўзбекистондаги иккита катта сиёсий партияни бошқариб келаётган, спикер ўринбосари деган олий мақомга муносиб кўрилган cиз ҳурматли шахсларнинг бу хурмача қилиғингиз мени нафақат таажжубга солди, балки ачиниш ҳисси ила чуқур ўйга ҳам толдирди. Ахир, cизнинг ортингизда неча юз минг кишилик маслакдошларингиз турибди, қолаверса, олий қонун чиқарувчи ва инсоннинг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи парламентда раҳбар курсиларида ўтирибсиз. Сизлар эса, аксинча иш тутиб, бировнинг ҳуқуқига дахл қилаётганингиз қайси мантиққа тўғри келади?” деб ёзган Ш. Деҳқонов.

“Мамлакат ютқазди, амалдорлар ютди” – давлат амалдорларига бизнес билан шуғулланишни тақиқлаш таклифи инобатга олинмади

6 июль куни Ўзбекистон президенти “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади. Қарор лойиҳаси 23 июнда муҳокамага чиқарилган эди. Маҳаллий нашрларга кўра, қарор лойиҳасининг 2-бандида “тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши қатъиян тақиқланган давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахслари ва ходимларининг рўйхатини белгилаш” назарда тутилганди. Аммо, маълум бўлишича, ҳужжатнинг имзоланган талқинидан мазкур қисм чиқариб юборилган.

“Моҳиятан бу билан янги Ўзбекистонда амалдорлар учун хизмат ваколатларидан фойдаланиб бойишнинг энг осон йўлига айланган бизнес фаолиятни амалга оширишга яна яшил чироқ кўрсатилгандек. Яқин қариндошлари ёки шотирлари орқали гуллаб-яшнаётган бизнес активларга эга ҳокимлар ва вазирлар энди хотиржам тортсалар бўлаверади. Улар ғалаба қозондилар”, деб ёзди иқтисодий мавзуларга ихтисослашган блогер Отабек Бакиров.

Таҳлилчи давлат амалдорлари учун жорий этилган декларация тартиби борасида ҳам айрим эътирозли нуқталарга эътибор қаратган.

“Ҳеч бир вазир ё ҳокимнинг акаси ёки укаси, отаси ёки онаси ва ҳатто вояга етган фарзанди ҳам потенциал коррупцион даромадлар расмийлаштириладиган шахслар эмас. Тошкентнинг қоқ марказидаги бинони сотиб олган вазирнинг ўғли эсинглардами? У ҳеч қандай декларация топширишга мажбур эмас. Тошкентнинг амалдаги эгаси-ку янги нормаларга кўра – ғирт фаришта... Нимаям дердик, миллат ютқазди, мамлакат ютқазди. Амалдорлар эса ютди”, дея хулоса қилган О. Бакиров.

Депутатлик сўровига беписандлик: вазирлик 100 миллион cўмлик таъмир ҳақида ёлғон маълумот берди

Ўзбекистонда депутатлик сўровини кўриб чиқмагани учун жавобгарлик кучайтирилган бўлса-да, ижро ҳокимияти – вазирликлар, давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларда сўровларга бепарволик давом этмоқда (“Ўзбекистон овози” газетаси, 7 июль).

“Баъзи сўровларга келган жавобларни кўрсангиз, қуруқ гапдан нарига ўтмаганига амин бўласиз. Кўп ҳолларда “келаси йилда дастурга киритамиз” дейилади, тамом. Масалалар жойига чиқиб ўрганилмасдан, вазирликдаги бир мутахассис шунчаки жавоб ёзадиганга ўхшайди. Бу депутатлик сўровига беписандлик билан қараш деб ўйлайман. Ҳамма бир бирига солса, сансалорлик авж олса, унда муаммони ким ҳал қилади?” деган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Муқаддас Ўрозалиева.

Сўровга жавобан ёлғон маълумот бериш ҳоллари ҳам учрамоқда. Масалан, Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳри Ипак йўли кўчасида янги қурилган кўп қаватли уйларнинг канализация сувлари Чоршанбе каналига ташлаб қўйилгани оқибатида канал суви ифлосланиб, антисанитария ҳолати юзага келган. Бу эса ҳар хил касалликлар келиб чиқиши хавфини пайдо қилган. Мазкур масалада Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига такрор-такрор депутат сўрови юборилган. Вазирлик эса 100 миллион маблағ ажратилган, таъмирлаш ишлари олиб бориляпти, дея ёлғон маълумот берган.

Қайд этилишича, депутатлик сўровини кўриб чиқмагани ёки унга жавоб бермагани, кўриш муддатини бузгани учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда жавобгарлик назарда тутилган, лекин бу механизм амалда тўлиқ ишламаяпти.

XS
SM
MD
LG