Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:31

OzodDayjest: Ўзбекистонда бойлар учун ҳашамат солиғини жорий этиш таклиф қилинди


Оммавий тадбирларни ташкил этишда карантин чекловларига амал қилинмаяпти. ХДП вакили бойлардан кўпроқ солиқ олиш таклифи билан чиқди. “Шаҳидлар хотираси” майдонида қурилиш қилишга ҳаракат жамоатчиликнинг эътирозига сабаб бўлмоқда. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

Карантин чекловлари амалдами ёки йўқми?!

Ўзбекистонда коронавирус тарқалиши тезлашгани ортидан 28 июндан карантин чекловлари кучайтирилди. Лекин оммавий тадбирларни ушбу чекловларга амал қилмаган ҳолда ташкиллаштириш давом этмоқда (www.gazeta.uz, 30 июнь).

“Gazeta.uz” нашри ҳукумат томонидан карантинга доир қабул қилинаётган қарор ва чоралар баъзида бир-бирига зид экани, айрим чекловларга риоя қилишнинг эса умуман иложи йўқлигига эътибор қаратди.

29-30 июнь куни Тошкент Ботаника боғида ёшлар ва талабалар форуми бўлиб ўтди. Ташкилотчилар коронавирус пандемияси билан боғлиқ чеклов чоралари ҳисобга олиниши ҳақида айтган. Аммо тадбир суратларига қаралса, кўплаб иштирокчилар ниқоб тақмай юргани, ижтимоий масофага эса риоя қилинмаётганини кўриш мумкин.

28 июнь куни Тошкентда ташкил этилган “Таҳсин” мукофотини топшириш маросимида ҳам одамларнинг бир жойга тўпланишининг олди олиб бўлмаган, кўплаб иштирокчилар ниқобсиз юрган.

22 июнь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги Махсус комиссия қарорига биноан ниқобсиз фуқаролар жамоат транспортига қўйилмаслиги ҳақида хабар берди.

Қайд этилишича, Тошкентда ниқоб режимига йўловчиларнинг фақат бир қисми риоя қилмоқда. Аксар одамлар ниқобни иягига тушириб олади ёки умуман тақмайди. Жамоат транспортида ижтимоий масофани сақлашнинг иложи йўқ, айниқса тиғиз пайтда. Бозорлар ва супермаркетларда ҳам карантин талаблари инкор қилинмоқда.

“Gazeta.uz” нашри кўтарилган саволлар бўйича Махсус комиссия ва бошқа идоралардан изоҳ сўраган.

ХДП: Ҳашаматга муккасидан кетган амалдорларни махсус солиққа тортиш лозим

Ўзбекистонда бой ва камбағал аҳоли гуруҳлари ўртасидаги фарқ сезиларли даражада ошиб бормоқда. Шу боис даромадга ва мол-мулкка қараб, табақалаштирилган солиқ тизимини татбиқ этиш лозим, деб ёзган Ўзбекистон халқ демократик партияси матбуот хизмати раҳбари Абдували Сойибназаров (“Ўзбекистон овози” газетаси, 30 июнь).

Бугунги пандемия шароитида ҳам аҳолининг ижтимоий-иқтисодий аҳволи оғирлашди. Камбағалларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш учун ҳам табақалаштирилган солиқ тизими муҳим. Қайд этилишича, бу ўринда гап қимматбаҳо товарларга, масалан, ҳашаматли кўчмас мулк, қимматбаҳо машина ва заргарлик буюмларига солиқ солиш тўғрисида кетмоқда.

“Ҳашамат солиқлари самарадорлигига ишончсизлик билан қарайдиганлар ҳам йўқ эмас. Яъни солиқ тўловчи табақалаштирилган солиқ мавжуд бўлмаган мамлакатларда харидни амалга ошириши ёки ҳою ҳавас нарсаларини солиқ даражаси паст минтақада рўйхатдан ўтказилган юридик шахс номига расмийлаштириши ҳам мумкин. Шу сабабли солиқ бобида бундай ташаббусни илгари сурар эканмиз, уни тўлашдан бўйин товлаш ҳолларига қарши кураш масаласини ҳам бирйўла ҳал этиш таклифини кун тартибига қўймоқчимиз”, деган ХДП вакили.

Шунингдек, партия ҳашаматли ипотека уйларини қураётган компаниялар ва тижорат банклари даромадидан мажбурий ажратмалар олиб қолиш тартибини жорий этишни таклиф этмоқда. Бу маблағлар аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, жумладан, уй-жойи йўқ, яшаш шароити оғир аёллар, меҳрибонлик уйлари битирувчилари учун арзон уй-жой қуришга йўналтирилади.

“Бойлар кўпроқ тўлаши, ижтимоий масъулиятни зиммасига олиши кераклиги ҳақидаги ташаббусларимиз кимларгадир хуш келмаслигини ҳам яхши тушунамиз. Лекин ижтимоий барқарорликни сақлаш ва мустаҳкамлаш учун бу жуда муҳим масала. Мамлакатдаги ресурс ва имкониятлар бир ҳовуч бойлару ҳашаматга муккасидан кетган амалдорларга эмас, халқимизнинг турмушидаги қийинчиликларни енгиллатишга хизмат қилиши ҳар томонлама адолатли бўлади”, дея хулоса қилган ХДП матбуот хизмати раҳбари А.Сойибназаров.

“Шаҳидларнинг руҳи чирқирамайдими?!” – Ёдгорлик мажмуасидаги қурилиш жамоатчиликда эътироз уйғотди

“Тошкентдаги “Шаҳидлар хотираси” майдонида қурилиш қилишга доир саъй-ҳаракатлар жамоатчиликнинг кескин эътирозига сабаб бўлди (“Маҳалла” газетаси, 26 июнь).

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев “Шаҳидлар хотираси” хиёбони моддий маданий мерос объектлари рўйхатида туриши, бу рўйхатдаги объектларга шикаст етказиш ва уларнинг ҳудудларида моддий маданий мерос объекти ҳисобланмайдиган бино-иншоотлар ҳамда бошқа объектларни рухсатнома олмасдан қуриш маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлишини эслатди.

“Шундоқ ҳам Тошкентнинг бир неча боғ ва хиёбонлари кимларнингдир тижорий мақсадлари йўлида хусусийлаштирилди ёки тугатилиб, ўрнида кўп қаватли уйлар қуриб бўлинди. Шу кунгача бу ишларни ҳаммамиз билиб, билмасликка олдик, ҳаммасига кўз юмиб келдик”, деб ёзди Д.Ғаниев.

Депутат ватан истиқлоли ва халқ озодлиги йўлида мардона кураш олиб бориб, шу йўлда азиз жонини фидо қилган юз минглаб аждодлар хотирасини абадийлаштириш мақсадида барпо этилган хотира мажмуасидан ҳам тижорат мақсадларда фойдаланиш тўғрими, деган саволни ўртага ташлади.

“Мустабид тузум давридаги қатағонлар туфайли қурбон бўлган, инсонийлик шаъни, қадр-қиммати топталган ватандошларимизнинг хотирасини топташ, руҳини чирқиратиш эмасми бу?” дея савол қўйди у.

Вазирлар Маҳкамаси қарори (ХДФУ – хизмат доирасида фойдаланиш учун грифига эга) билан мажмуада реконструкция ишлари учун Mimar Group компанияси ва Ijod-Ijod хусусий корхонаси тендерсиз танлаб олинган.

Ёдгорлик мажмуаси ҳудудида объектлар қурилишини молиялаштириш учун маҳаллий бюджетдан 20 миллиард сўм, шунингдек, мажмуа яқинидаги 2,67 гектар ер ҳамда 0,9 гектарли аквапарк ҳудудини сотишдан тушадиган маблағни йўналтириш режалаштирилган.

“Комплекс атрофидаги 3,7 гектар тилло нархдаги ерни эгаллаб олиш учун ўйлаб топилган реконструкция лойиҳаси гўё. Бошқача иқтисодий мотив мантиқсиз. Шарманда. Муҳр. Бу менинг ўта шахсий фикрим. Шаҳид кетганлар руҳи чирқираётгани аниқ. Чирқиратадиям. Агар Коррупцияга қарши кураш агентлиги буни ўрганмаса, билмадим, яна нимани ўрганиш керак”, деб ёзди блогер Отабек Бакиров.

XS
SM
MD
LG