Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:04

Андижонча тафтиш: Фермер хўжаликларига “Дамаслар юриши” уюштирилмоқда


Андижон вилоятининг Избоскан туманида ҳар якшанба куни “Дамаслар юриши” номли тадбир ўтказилмоқда. Тадбирда тумандаги қишлоқ хўжалигига оид ташкилотлар вакилларидан иборат 300 кишилик гуруҳ 70 дан зиёд Дамас колоннаси билан қишлоқларни оралаяпти. Тадбир иштирокчилари тумандаги фермер хўжаликларини тафтиш қилиб, семинар ўтказишмоқда.

Сўнгги уч ҳафтадан буён ҳар якшанба куни Избоскан кўчаларини Дамаслар колоннаси ораламоқда.

Бу ҳақда Озодликка хабар қилган избосканлик фермерлардан бирига кўра, “Дамаслар юриши” номли тадбир ортидан фермерларнинг иши қолиб кетаяпти:

“Избоскан туманида ҳокимлик ва вилоятдан келган раҳбарлар биз фермерларни ҳар якшанба куни “Дамаслар юриши” қилиб, ишдан қўяпти. 70 та Дамас ушланиб, жиннига ўхшаб далама-дала айлантириб юришибди. Сизлардан илтимос шу беъмани ишни йўқотишга ёрдам беринг”, дейилади избосканлик фермердан келган мактубда.

Озодлик боғланган Избоскандаги бошқа бир фермернинг айтишича, “Дамаслар юриши” тадбирида тумандаги қишлоқ хўжалигига оид барча ташкилотлар вакиллар иштирок этмоқда:

“Тумандаги нефть база, химия, зашита, кадастр каби барча қишлоқ хўжалигига алоқадор ташкилотлардан вакиллар бор. Вилоятдан ҳам вакиллар келишган. Туман ҳокимлигидан ҳам бир қанча одам бор. Кейин тумандаги фермер хўжаликларининг раислари ҳам бор. Жами 300 дан зиёд одам қатнашаяпти. Уларнинг ҳаммасига фермерлар Дамас топишлари шарт. Тумандаги Дамаслар ўша куни ижарага олинмоқда. Айрим фермерлар бепулга хизмат қилишаяпти. Кун бўйи шу Дамасларда далаларга борилмоқда”, деди избосканлик фермер Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Избоскан туман ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, “Дамаслар юриши” тадбири орқали фермер хўжаликларида семинарлар ўтказилмоқда:

“Дамасчиларимиз тумандаги ҳар бир фермер хўжаликларини айланиб, семинарлар ўтказаяпти. Фермер хўжаликлари даласига бориб, уларда кетаётган ишлар ўрганилади. Жойларга бориб, далалар айланиб чиқилади. Ҳар якшанба кунлари шундай тадбир бўлаяпти. Битта Дамасда 5-6 киши бўлади. Бошида автобус ташкил қилинган эди. Тўртта-тўртта автобусда юрилган эди. Кейин Дамасга ўтдик. Фермерларнинг кўпчилигида Дамас бор, шунинг учун Дамасни маъқул топдик. Тадбиримиздан мақсад бошқа фермерларда қилинаётган ишлар оммалаштирилади. Камчиликлари айтилиб, бартараф қилиш йўллари изланади”, деди туман ҳокимлигидаги исмини очиқламаётганимиз мулозим.

Маълум бўлишича, “Дамаслар юриши” тадбири орқали тумандаги 291та фермер хўжалиги далаларига бориш режаланган. Ҳозирда ҳар якшанба камида 5-6та фермер хўжалигида семинар ўтказилаяпти.

Избоскандаги ушбу тадбирни вилоятнинг бошқа туманларида ҳам қўллаш бошлангани айтилаяпти.

Ўзбекистонда турли баҳоналар билан хусусий таксилар ва жамоат транспортларидан текинга фойдаланиш амалиёти собиқ совет давридан буён кузатилиб келмоқда.

Жумладан, пахта мавсумларида талабаларни далага ташишда жамоат транспортлари бепулга фойдаланиш ёки бирор ҳудудга нуфузли меҳмон ташриф буюрса, ўша ҳудуддаги такси машиналари текинга хизмат қилишга мажбурлаш ҳолатлари деярли ҳар йили кузатилади.

XS
SM
MD
LG