Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:41

Умид ва ишончдан "чуқур тушкунлик"ка. Ўзбекистон сайловлар арафасида


Президент Шавкат Мирзиёев.
Президент Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 9 июль куни бўлиб ўтадиган президент сайловларида учта рамзий рақибини мағлуб этишга ҳозирланар экан, пойгада қатнашиш ҳуқуқига эга бўлмаган яна бир сиёсий фаолнинг ҳикояси мамлакатдаги режим ислоҳотлари қанчалик чекланган бўлганини кўрсатмоқда.

9 июль куни бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида ким ғолиб чиқишига шубҳа йўқ. Ўтган йилларда Президент Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёнинг аҳолиси энг кўп мамлакатида аввало ислоҳотлар йўлини эълон қилиб, ўзгаришларга умид уйғотди, кейин эса кўпчилик таҳлилчилар одатий репрессив тартиб деб атайдиган сиёсатга ўтди.

Режимга мухолиф бўлган собиқ университет ректори Хидирназар Аллақулов ҳеч қачон сайловга номзодини қўйиш имкониятига эга бўлмаган. Унинг айтишича, сиёсий партия тузишга уринишлари ҳукумат томонидан бир неча бор, баъзан эса шафқатсизларча бостирилган.

Мирзиёев янги президентлик муддатига ўтар экан (яқинда амалга оширилган конституциявий ислоҳот туфайли бу муддат беш йилдан етти йилга узайтирилди), айнан Аллақулов ва тарафдорларининг давлат билан қарама-қаршилиги Ўзбекистондаги сиёсий илиқлик қанчалар чегараланганлигини ёрқин кўрсатиб турибди.

Профессор Хидирназар Аллақулов.
Профессор Хидирназар Аллақулов.

“Мустақилликнинг 32-йилида сиёсий майдонимизда рақобат бўлмаган”, - дейди Озодлик билан телефон орқали суҳбатда 67 ёшли Аллақулов. Унинг ўз партиясини рўйхатдан ўтказиш бўйича аризаси бир неча марта Адлия вазирлиги томонидан рад қилинган.

“Улар буни исташмайди. Улар адолатни истамайдилар. Улар қонун устуворлигини истамайдилар», дея шикоят қилди Аллақулов.

"Нопок Усуллар"

Мирзиёевнинг сайловдаги уч нафар рақиби томонидан 10 май куни бошланган сайловолди ташвиқотида бу каби баёнотлар бўлмаган ва бўлиши ҳам кутилмаган.

Бу учликдан бири собиқ таълим вазири, яна бири ўрмон хўжалигининг собиқ юқори лавозимли амалдори, учинчиси эса яқинда Сенатдаги ваколат муддати тугаган, касби бўйича судья.

2 июль куни давлат телевидениеси номзодлар ўртасидаги икки раундли «дебат»нинг иккинчисини намойиш қилди, унда на Мирзиёев, на унинг рақиблари иштирок этди. Уларнинг ўрнига юборилган вакиллар ўртасидаги муҳокамалар эса суст ва қарама-қаршиликсиз кечди.

Мирзиёевнинг сайловдаги уч расмий рақиби сингари, Аллақулов ҳам собиқ давлат хизматчиси, аммо унинг ҳолатида ҳозир ҳукумат лавозимидан кўра қамоқ жазоси эҳтимоли кўпроқ.

Ўтган ой Фарғона шаҳрида ўзининг “Ҳақиқат, тараққиёт ва бирдамлик” партиясини рўйхатдан ўтказиш учун имзо тўплаш чоғида у ва унинг тарафдорлари номаълум шахслар ҳужумига учради.

Тўқнашув ички ишлар бўлимида давом этди. Аллақулов ўзига, ўғли ва набирасига фуқаро кийимидаги бир гуруҳ одамлар ҳужум қилганини даъво қилмоқда.

“Улар бизни мармар полга йиқитишди, оёқларимизни қайиришди, оғриқ нуқталарига уришди, нафас олишимизга қўйишмади, жинсий аъзоларимизга тегинишди”, - дейди Аллақулов.

Мирзиёевни курсида қолдириш кампаниясига старт берилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:12:09 0:00

Ҳужумлар пайтида олган аниқ жароҳатларига қарамай – Аллақулов Озодликка ўз танасидаги кўкаришлар, шунингдек, ҳужум натижасида ўғлининг қорин қисмидаги тушган чоклар акс этган бир нечта фотосуратларни юборди – ҳозир унинг ўзи тергов остида, ички ишлар ходимлари баданига шикаст етказишда айбланмоқда. Бу ҳақда Фарғона вилояти ИИБ матбуот хизмати хабар берди.

“Улар партиямиз ишига аралашиш учун энг нопок усулларни қўллашмоқда, – деди Аллақулов ўзининг қонунбузарлик содир этганини рад этиб. – Бу сафар очиқча зўравонлик қилишди. Май ойида Андижонда бир гуруҳ аёллар бизга ҳужум қилди. Улар фаррошлардек кийинишган, лекин аслида ички ишлар ходимлари эди”.

Аллақулов учун Фарғонада 7 июнда юз берган воқеа 2021 йил февралидан бери энг катта қўрқитишга уринишдир. Ўшанда у рўйхатдан ўтмаган партиясининг қурултойини ўтказмоқчи бўлган ва бундан сал аввал ўша йил охирига режалаштирилган президентлик сайловларида иштирок этиш истагини билдирган эди. (Ўзбекистонда, Қозоғистонда бўлгани каби, сайловга номзод рўйхатдан ўтган партия ёки уюшма томонидан кўрсатилиши керак – таҳр.)

Шундан сўнг хавфсизлик кучлари унинг Тошкентдаги уйини ўраб олган ва Аллақуловни Андижонга олиб кетишган. ИИВга кўра, кимдир унинг устидан шикоят қилган эмиш.

Аллақуловнинг айтишича, ўша рейд давомида унинг оила аъзолари милиция ходимлари томонидан жисмоний зўравонликка учраган.

“Менинг уйимга яқин ҳудудда 15 га яқин видеокамера бор, – дейди Аллақулов. – Улар мени ўнг ва чапдан суратга олишади. Бошқа кўплаб фаолларда ҳам вазият худди шундай”.

Аллақулов: Шоввозсой бўйича халққа ким ҳисобот беради?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:09 0:00

"Энг муҳим қизил чизиқ"

Сиёсий плюрализмнинг йўқлиги Ислом Каримовнинг шафқатсиз бошқарувидан қолган қатор муаммолардан биридир. Мирзиёев эса 2016 йилда Каримов вафот этгунига қадар 13 йил бош вазирлик қилган.

Унинг вафотидан кейин мамлакатда фақат битта янги сиёсий партия пайдо бўлди – Ўзбекистон Экологик партияси (ЭП) 2019 йилда рўйхатдан ўтди. Собиқ ўрмончи Абдушукур Ҳамзаевни бўлажак сайловларда ўз номзоди сифатида кўрсатган ЭПни эса мустақил куч деб бўлмайди.

Аллақуловнинг сўзларига кўра, унинг партиясини қўллаб-қувватлаганлар мунтазам таъқиб қилинмоқда.

2021 йилда, партияни рўйхатдан ўтказиш биринчи марта рад этилганида, Адлия вазирлиги керакли 20 000 имзонинг фақат ярмини тасдиқлаган. Ҳуқуқ ҳимоячилари бу чегарани узоқ вақтдан бери реал эмас деб аташган. Охирги рад этишда вазирлик партия томонидан тақдим этилган атиги 1439 та имзони тасдиқлаган.

Мирзиёев “Янги Ўзбекистон” ғоясини ўзининг сиёсий кампанияларида марказий ўринга қўйди, жумладан, конституциявий референдум олдидан унга “ноллаштириш” ва кетма-кет яна икки муддатга сайланиш ҳуқуқини берди.

У пахта далаларида мажбурий меҳнатга деярли барҳам бергани, мамлакатни туризм ва сармояга очиб бергани ҳамда чекланган ОАВга эркинлик бергани мақталади.

Аммо муваффақиятсизликлар унинг биринчи муддатида ҳам кўринди. Ўтган йили Қорақалпоғистондаги тартибсизликлар қонли бостирилгани ҳам унинг обрўсига соя ташлади.

Ўтган ҳафта Каримовдан кейинги юмшаш даврида гуллаб-яшнаган хусусий нашрлардан бири «Gazeta.uz»нинг ўша воқеалар бир йиллиги муносабати билан эълон қилинган мақоласи олиб ташланди.

Ўчирилган мақолада ўша вақтдаги қон тўкилиши “олдини олса бўладиган фожиа” эди деб аталган ва давлат комиссияси инқироз бўйича ваъда қилинган ҳисоботни ҳалигача тақдим этмагани таъкидланган. Шунингдек, унда 21 киши ўлгани ҳақидаги расмий рақамларга шубҳа қилинган. Баъзи маълумотларга кўра, қурбонлар кўпроқ.

Сиёсатшунос Рафаэл Сатторов май ойида Карнеги жамғармасига ёзган мақоласида Қорақалпоғистоннинг конституциявий мақомини пасайтириш таклифи сабаб бўлган зўравонликларни (бу таклифлар тартибсизликлардан кейин бекор қилинган) “[Мирзиёев] бошқарувидаги энг катта сиёсий инқироз” деб атади.

Мирзиёев ҳозирда “ислоҳотчилар жумбоғ”ига дуч келмоқда, ўзи бошлаган ўзгаришлар “ҳокимиятни мустаҳкамлаш кампаниясига тўсқинлик қилаётганини” англайди, дейди таҳлилчи.

Аллақулов Каримовдан кейинги дастлабки даврда мамлакат аҳолиси “умид қилган ва ишонган”ини тан олади, лекин ҳозирда “қонунсиз диктатура” остида “чуқур депрессия”га тушиб қолганини таъкидлайди.

Аллақуловда мамлакат олий раҳбарига нисбатан пессимистик қараш учун барча асослар бор.

Мирзиёев ҳали ҳам ислоҳотчими? ТАҲЛИЛ
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:17:36 0:00

Уни Термиз давлат университети ректори лавозимидан озод этиш тўғрисидаги буйруқни 2004 йилда ўша пайтдаги бош вазир Мирзиёев имзолаган эди.

Бунинг ортидан собиқ ректорга қарши кампания бошланган, жиноят иши очилган эди. У барибир оқланган ва кейин у ўзининг бўшатилиши масаласини Женевада БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасига олиб чиқди.

2017 йилда, Мирзиёев ҳокимиятга келганидан бир йил ўтиб, қўмита Аллақулов фойдасига қарор чиқарган, бироқ у ҳеч қачон ўз ишига қайта тикланмаган.

“Кўпчилик учун ректорнинг роли бизнинг тизимимизда энг фойдали лавозимлардан бири ҳисобланади, чунки у орқали кўплаб коррупцион схемалар мавжуд. Мен ректор бўлганимда ҳаммасини тўсиб қўйганман», дейди Аллақулов.

“Мен адолатсизлик билан ёлғиз курашиб бўлмаслигини билиб олдим”, деб тушунтиради у партия тузиш қарорини. "Бу мамлакатда қонун устуворлиги остида яшашни хоҳлайдиганлар жуда кўп, айниқса ёшлар."

Норвегия Хельсинки қўмитасининг Марказий Осиёдаги минтақавий вакили Мариус Фоссумнинг айтишича, 9 июль кунги сайловнинг яққол фаворити дахлсиз қолар экан, Аллақуловнинг сиёсий фаолияти хавф остида.

“Ўзининг сиёсий режаларини эълон қилар экан, [Аллақулов] президентга очиқдан-очиқ эътироз билдирди ва биз бунга муносабатни кўряпмиз, – деди Фоссум Озодлик билан суҳбатда. – [Бу шунга далолат қиладики] Президент ва унинг оиласига тегма. Бу бугунги кунда ҳам Ўзбекистонда энг муҳим қизил чизиқ бўлиб қолмоқда”, дейди у.

Форум

XS
SM
MD
LG