Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:52

Нижний Новгородда ФСБ икки муҳожирни отиб ташлади (ВИДЕО)


23 октябрь куни Россиянинг Нижний Новгород шаҳрида мамлакат хавфсизлик кучлари махсус амалиёт пайти террорчиликда гумонланган икки одамни отиб ўлдирди, яна бирини қўлга олди. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, ҳибсга олинган ва отиб ўлдирилган шахслар Ўзбекистон ватандошларидир.​

Россия Федерал хавфсизлик бюросига кўра, Нижний Новгороднинг Академик Сахаров кўчасида​ якшанба куни тонг саҳарда махсус хизмат ходимлари “Daewoo Nexia” машинасини тўхтатганида уни ичида бўлган шахслар қаршилик кўрсатган ва полиция ходимларига жанговар граната улоқтирган.

Шундан сўнг Россия махсус хизматлари уларга қарши ўт очишга мажбур бўлган.

Оқибатда машина ичида бўлган икки шахс отиб ўлдирилди, яна бири тириклайин қўлга олинди.

Ҳибсга олинган ва ўлдирилган шахслар Ўзбекистон ватандошлари экани айтилмоқда. Полиция ва махсус кучлар ўрмонга қочишга улгурган яна бир ўзбекистонликни қидирмоқда.

LifeNews тарқатаётган тасдиқланмаган маълумотларга кўра, отиб ўлдирилган шахслар "28 ёшли И.Даурбеков ва 22 ёшли У.Икромилин" (фамилиялар бузиб ёзилган бўлиши мумкин).

Шунингдек, ижтимоий тармоқларда ҳодиса гувоҳлари олган операция жараёнида гумонланувчилар машинаси портлатилиши видеокадрлари қўйилди.

(Видео "ВКонтакте" ижтимоий тармоғидан олинди)

Нижний Новгород вилояти бўйича полиция бошқармасида Озодлик сўровига “Цвети” мавзесида жойлашган хусусий уйлардан бирида ҳам махсус амалиёт ўтказилгани, бироқ унга фақат Федерал хавфсизлик хизмати жангчилари жалб қилинганини билдиришди.

- Махсус амалиёт махсус кучлар томонидан ўтказилди. Унга полиция ходимлари жалб қилингани йўқ. Амалиёт давомида бирорта маҳаллий жароҳат олгани йўқ. Олиб борилган амалиёт тафсилотлари масаласида ФСБга мурожаат қилинг, деди нижний Новгород полицияси вакиласи Светлана Ковилина.

Маҳаллий ФСБ бошқармасида Озодлик сўровига Академик Сахаров кўчасидаги ҳодиса юзасидан ҳозирча изоҳ берилмаслиги, яқин кунларда расмий матбуот хабари эълон қилинишини билдиришди.

Полицияда “Цвети” мавзесида олиб борилган махсус амалиёт 8 соатдан ортиқ вақт давом этганини тасдиқлаб беришди. Бироздан кейин Youtubeда маҳаллий оммавий ахборот воситаларида хусусий уйлардан бирининг қуролланган ФСБ жангчилари томонидан ҳужум қилиниши видеоси пайдо бўлди.

ФСБ иддаосига кўра, уларнинг ижарага олинган икки хонали квартирасида портловчи модда қидирилган, бироқ у ердан Россияда тақиқланган “ИШИД” қора байроғи ва маскалар топилган. Машина юкхонасида СОБР жангчилари портловчи модда аниқлагани ва махсус робот ёрдамида портлатиб юборилгани айтилди.

Н.Меркулованинг "ВКонтакте" тармоғидаги саҳифасидан олинди.
Н.Меркулованинг "ВКонтакте" тармоғидаги саҳифасидан олинди.

“Время Н” ахборот агентлигига ФСБдаги ўз манбасига таяниб берган хабаридан ўлдирилган шахслар Ўзбекистондан экани, улардан бири ҳатто уйлангани маълум бўлди.

Россиянинг LifeNews нашри орқали сиздирилган маълумотларга кўра, ФСБ бир неча кун давомида исми ошкор этилмаётган ўзбекистонликлар ортидан оператив кузатув олиб борган.

- Ҳуқуқ ҳимоячилари бу шахсларни “синов тариқасида” қурол сотиб олаётган пайтда қўлга туширмоқчи бўлган. Ходимларимиз уларнинг Россияда тақиқланган “Ислом давлати”га қасамёд қилганини аниқлади. Айнан шу “давлатга” қарши Сурияда бизнинг учоқларимиз урушаяпти, дея хулоса қилди LifeNews мухбири.

Ҳозирда муҳожирлар ўликлари маҳаллий моргга экспертизага юборилгани маълум.

О.Панфилов: “Бундай амалиётлар пропаганданинг ажралмас қисми”

Экстремизмга қарши кураш маркази шу кунларда тарқатган хабарга кўра, Россия пойтахти Москвада диверсия уюштириш мақсадида уч нафар Ўзбекистон ва Қирғизистон ватандоши кириб келган.

Махсус хизматлар қидирувга берилган “Маймун” лақабли ўзбекистонликлардан бирининг исми-шарифи Равшанбек Сулаймонов бўлиб,у ҳозирда Россия ҳудудида яшириниб юрганини айтмоқда. Шунингдек, бу шахслар 7 октябр куни Москванинг “Крокус Экспо” кўргазма комплексидаги ҳожатхоналардан бирида топилган портловчи моддага алоқаси борлиги тахмин қилинди.

Россия оммавий ахборот воситаларида Суриядаги Россия Қуролли кучлари ҳаво-ҳарбий амалиётлари “ИШИД ва террорчиларга қарши кураш” сифатида берилаётган бир пайтда Россия ичкарисида ”исломий гуруҳларга қарши” махсус амалиёт кескин кўпайгани кузатилмоқда.

Гуржистон Давлат университети профессори, журналист ва сиёсий таҳлилчи Олег Панфилов Озодлик билан суҳбатда ФСБ тарқатаётган бу хабарларга жиддий шубҳа билан қараш зарурлигини гапирди.

- Билмадим, балким амалиётлар режа асосида қилинаяпти. Мен кўп маротаба “ИШИД” ташкилоти тузилишига эътибор қаратганман. Қандай пайдо бўлгани, ким томонидан молиялаштирилаётгани номаълум бўлган ташкилотнинг Россия махсус хизматларига алоқаси борлигига ишончим кучаймоқда. Биринчидан, фсбчиларнинг ўзлари 30 фоиз ИШИД жангчилари русийзабон эътироф қилиб келади. Иккинчидан, ҳанузгача бу “жангариларни” Россия ҳудудида ёллаш усуллари фош этилмаган. “Исломий давлат” гуруҳига ёлланаётган марказий осиёликларнинг аксар қисми Россия ҳудудида ёлланаётгани алоҳида эътиборга сазовор. Учинчидан, ишидчиларнинг ҳарбий формаси русларнинг Қримни забт этган ҳарбийлар формасига ўхшаб кетиши саволларни туғдиради, дейди Олег Панфилов.

Гуржистоннинг Илия Университети профессори О.Панфилов
Гуржистоннинг Илия Университети профессори О.Панфилов

У сўнги пайтларда “Исломий давлат” жангариларига қўшилиб кетган бир қанча марказий осиёлик тўғрисида маълумот йиғиб, уларнинг аксари намозхон бўлмагани ва пул эвазига ёлланганини аниқлаганини маълум қилди.

Профессор Олег Панфилов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:14 0:00
Бевосита линк

Суҳбатдошнинг фикрича, бу каби хабарлар Россия пропагандасининг бир қисми бўлиб, бевосита Россия аҳолисига қаратилган ва Сурия жангларидаги рус қўшинлари иштирокини оқлашга қаратилган.

- Мен анчадан буён бу каби хабарларга ишонмайман. Чунки ақлли одам мантиқан фикрлай олади. Хўш, бу йигитлар ёлланиб Туркия орқали Сурияга тушиши қанчалик ҳақиқатга мос?! ИШИДга қарши курашаётган рус ҳарбий формасида бўлган, ИШИД байроғини кўтариб олган, қуролланган одамни қандай қилиб турклар ўз чегарасидан ўтказиб юборади?! Бу совет давридан қолган пропаганданинг ажралмас қисми. Россияда азалдан ички ва ташқи душман мавжуд бўлган: улар тез-тез ўзгариб турган. Яҳудийлар, финнлар, поляклар, босмачилар, бандерачилар, янги даврда чеченлар, мигрант-мусулмонлар душман сифатида гавдаланди. Ҳозирга келиб асосий душман – ИШИД. Совет Иттифоқида ўлғайган одамлар эса бундай чўпчакларга ишонаверади, деди профессор Панфилов.

XS
SM
MD
LG