Линклар

Шошилинч хабар
17 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:40

Кунига 1000 дан зиёд жонлиқ қурбонлик қилинаётган зиёратгоҳ атрофидагилар касаллик тарқашидан қўрқмоқда


Қорақалоғистоннинг Беруний туманида яшовчи аҳоли вакиллари Қурбон ҳайити арафасида тумандаги Султон Увайс Қараний зиёратгоҳига келувчилар кўпайгани, қурбонликка олиб келиб сўйилаётган чорва моллари ва паррандаларнинг чиқинди-ахлатлари кўмилмасдан сасиб, атроф-муҳитни булғаётганини айтишмоқда. Айтилишича, бу ерда ҳар куни 300 – 350 қўй, 1000нинг атрофида товуқ ​сўйилади.

Озодлик билан суҳбатда бўлган айрим берунийликлар Қурбон ҳайити арафасида ҳар куни қурбонликка сўйилаётган юзлаб ҳайвонларнинг ахлатларидан эпидемия тарқалиши мумкинлиги борасида ташвиш билдиришди.

Султон Увайс Қараний зиёратгоҳига яқин жойда яшовчи Комилжон Преновнинг Озодликка айтишича, сўйиладиган чорва моллари ва паррандаларнинг чиқинди-ахлатларидан зиёратгоҳ атрофида бир неча метрлик уюмлар ҳосил бўлган.

Султон Увайс Қораний зиёратгоҳига яқин жойда яшовчи Комилжон Пренов билан суҳбат.
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:04 0:00
Бевосита линк

- Ҳар куни камида 300 – 350 қўй, 1000 та товуқ сўйилиб қон чиқарилади. Мол, қўй, товуқ олиб келиб қурбонликка сўйишади, ичак-чавоқларини қўмишмайди. Ҳаво иссиқ. Тоғ-тоғ бўлиб сасиб, бижғиб ётибди. Худо кўрсатмасин, бу ерда вабо, ўлат ёки бошқа эпидемия балоси тарқалса бунга ким жавоб беради?! - дейди Пренов.

Қурбонликка сўйилаётган чорва моллари ва паррандаларнинг чиқинди-ахлатлари кўмилмасдан сасиб, атроф муҳитни булғаётгани айтилмоқда.
Қурбонликка сўйилаётган чорва моллари ва паррандаларнинг чиқинди-ахлатлари кўмилмасдан сасиб, атроф муҳитни булғаётгани айтилмоқда.

Беруний туманида яшовчи Жумагул опа ҳам Султон Увайс Қaраний зиёратгоҳининг атрофи ахлатхонага айлангани ва ахлатхона ҳудуди фақат кенгайиб бораётганини айтади.

- Ҳамма ёқ ахлат. Ахлат уюмлари деб ҳамма ёқда дайди ит-мушуклар ҳам кўпайиб кетди. Одамларга ҳам ташланишни бошлади. Қурбонликка сўйсин, лекин ахлатини ўзи билан олиб кетсин. “Санэпиднадзор”қаёққа қараяпти?!, - дейди Жумагул опа.

Султон Увайс Қораний зиёратгоҳи.
Султон Увайс Қораний зиёратгоҳи.

Султон Увайс Қараний зиёратгоҳи Беруний тумани марказидан 20 чақирим нарида жойлашган. Озодлик берунийликларнинг шикояти юзасидан Султон Увайс Қараний зиёратгоҳ маъмурияти билан боғланди.

Ўзини "зиёратгоҳ мутаваллиси", деб таништирган эркак Озодлик билан суҳбатда зиёратчилар кўплигидан тозаликни назорат қилиш қийин бўлаётганини тан олди.

- Ҳозир мавсум, зиёратчилар кўп. Қурбонликка мол, қўй сўйдираётганларнинг кети узилмайди. Кушхона олди одамга тўлиб кетган. Ўзи асли мол, қўй сўйдиргани олиб келганларни ўзлари эҳсонини бериб, ахлатини ўзи билан олиб кетиб, узоқроққа олиб бориб кўмиши керак. Булар сал нарига олиб бориб, билинтирмасдан ташлаб, устига озгина тупроқ сепиб кетишяпти. Кейин, ит-мушук келиб, титкилайди. Бу Исломга ҳам зид асли, қурбонлик бунақа қилинмайди. Қурбонлик қилинадиган жой озода тутилиши керак, қурбонлик қилгани келганлар бу ерни ахлат қилиб кетса у қабул бўлмайди, - деди Султон Увайс Қараний зиёратгоҳи мутаваллиси.

"Қорақалпоғистондаги зиëратгоҳда касаллик тарқалиши мумкин"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:54 0:00

Туман ҳокимлигининг атроф-муҳит ва ободонлаштириш ишларига масъул бўлган мулозими эса Озодлик билан суҳбатда Султон Увайс Қораний зиёратгоҳи атрофидаги вазият борасида аҳолидан шикоят тушганини, уни ўрганишга киришганликларини айтди ва телефон гўшагини кўйиб қўйди.

Султон Увайс Қараний зиёратгоҳи яқинида яшовчи Комилжон Пренов эса, ҳокимлик муаммони ҳал қилмаса, президент Шавкат Мирзиёевга арз қилишини айтди.

Қурбонликка сўйилган қўй эчкиларнинг ичак-чавоқлари тегишли тарзда йўқ қилинмасдан, оддий ахлатхоналарга ташланмоқда, деган хавотир бундан олдин ҳам ўзбек экологлари тарафидан билдирилган.

Экологлар назарида бу ҳолат шаҳардаги аксилсанитария муҳитини кучайтиради.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси раҳбар ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур Озодлик мухбири билан суҳбатда "мусулмонлар қурбонлик учун ҳайвон сўйганида санитария қоидалига риоя қилиши лозим"лигини айтди.

Айни пайтда шайх қурбонлик амали ҳеч бир тарзда экологияга зарар келтирмаслиги лозимлигини урғулади.

XS
SM
MD
LG