Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:57

Масжидларда баъзи имомлар пахта теримини вожиб амалга тенглаштирди


Ўзбекистонда пахта терими мавсуми авж паллага чиққан бир пайтда мамлакат жоме масжидларида жума кунги намозларда аҳоли пахта теримига чиқишга даъват қилинди. Баъзи имомлар, ҳаттоки, пахта териш ҳар бир мусулмон учун "вожиб амал" дея ҳукм чиқарган. Шу билан бирга аксар масжидларда намозхонлардан пахта терими учун пул ҳам йиғилмоқда.

Ўзбекистон масжидларида жума кунги намозларда Аллоҳдан мўл пахта ҳосили сўраб, аҳолини теримга чорловчи ваъзлар айтилди.

23 сентябрь куни Тошкентдаги "Ҳазрати Али" жоме масжидига жума намозига борган тошкентликликлардан бири имом пахта теришни вожиб деб, эълон қилганини айтди.

"Имом-хатибимизни айтишларича пахта теришлик вожиб экан. Пахта териб, мамлакатимиз хирмонига ҳиссамизни қўшишимиз, теримчиларни моддий қўллаб-қувватлашимиз керак экан," деди исми сир қолишини истаган тошкентликлардан бири Озодлик билан суҳбатда.

Тошкентдаги "Ҳазрат Али" жоме масжиди мутаваллиларидан бири Озодлик билан суҳбатда жума намозларида аҳолини пахта теримига чорловчи даъватлар Ўзбекистон Мусулмонлар идораси топшириғи билан бўлаётганини тасдиқлади.

"Бизга берилаётган тезисларда келяпти, "пахтани ёритинглар" деб. Кеча жумада алоҳида тезис келганди, имомимиз шуни чиройли қилиб гапириб бердилар. "Пахта миллий бойлигимиз уни увол қилмай териб олиш вожиб, яъни шарт", деб айтдилар, тўғри," деди масжид мутаваллиси.

Озодлик Ўзбекистондаги бошқа масжидларда ҳам ўхшаш чақириқлар бўлганини аниқлади.

Фиқҳшунос олим Муҳиддин Шириновнинг изоҳ беришича, вожиб - бажариши талаб қилинадиган амаллардан ҳисобланади.

Муҳиддин Ширинов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:46 0:00
Бевосита линк

Пахта теримига чақириқлар билан бирга масжидлар аҳоли ва ҳомийлардан тушган садақа ва эҳсондан пахта терими учун ҳам маблағ йиғиб бермоқда.

"Тепадан пахта теримини молиявий қўллаб-қувватланглар, деган топшириқ ҳам бўляпти. Дам олиш кунги пахта терими учун бизга тушган эҳсонлар ва ҳомийлардан берилган маблағлардан 360 минг сўм пул йиғиб бердик. Бу пул теримчиларга берилар экан," деди Тошкентдаги бошқа бир масжид мутаваллиси.

Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг жойлардаги бўлимларидан олинган маълумотга кўра, пахта мавсумида имомлар зиммасига юкланган масъулиятли вазифа фақат пахта тарғиботи ёки пахта учун пул йиғиш эмас.

Қишлоқ жойларидаги айрим масжидларда имомлар бу йил ҳам пахта теримига чиқарилган.

Ўзбекистонда дин давлатдан ажратилган эса-да, кузатувчилар, жумладан диний эркинликлар бўйича шуғулланувчи Forum 18 гуруҳига кўра, мамлакатдаги диний муассаса ва ташкилотлар фаолияти ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қаттиқ назорат қилинади.

Халқаро ташкилотлар Ўзбекистонда одамларнинг мажбурлаб пахта терими, дала меҳнатига жалб этишини танкид қилиб келади. Бир қатор ташкилотларни бирлаштирган Cotton Campaign гуруҳи ҳам Ўзбекистонда инсонлар ўз ихтиёрларига қарши дала меҳнатига мажбурланаётганини айтиб, ҳукуматни мажбурий меҳнатдан воз кечишга давомли чақириб келади.

XS
SM
MD
LG