Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:40

“Ўзбекистон 24” ўз ишини Мирзиёев туғилган кунда бошлади


"Ўзбекистон 24" телеканали ижодий ходимлари каналнинг биринчи иш кунидаги эфирида.
"Ўзбекистон 24" телеканали ижодий ходимлари каналнинг биринчи иш кунидаги эфирида.

Аҳолига объектив ва ишончли хабар етказиш вазифаси юклатилган янги “Ўзбекистон 24” телеканалbнинг биринчи иш куни уни ташкил этиш тўғрисидаги қарорни бундан қарийб 3 ой муқаддам имзолаган президент Мирзиёевнинг туғилган кунига тўғри келди.

365/7/24 форматида ишлашга бел боғлаган янги ахборот воситасининг биринчи иш кунида эфирга узатилган информацион дастур президент Мирзиёев номига келган табрикномалар рўйхатини ўқиш билан бошланди.

24 июл, эрталаб соат 10 да иш бошлаган “Ўзбекистон 24”нинг эфири давлат гимни садолари остида мамлакатнинг диққатга сазовор жойлари тасвири намойиши билан бошланди.

Сўнг табрикларга ўтилди. Россиялик кардиохирург Лео Бокерия (Ислом Каримов ўлим билан курашаётган пайтда уни даволашга айнан шу врач таклиф қилингани айтилган эди), Ҳиндистон ва Қозоғистон элчилари, спортчилар, олимлар, журналистлар ва оддий томошабинлар телеканал жамоасини табриклади.

"Ахборот 24" Мирзиёевга табриклар билан бошланди

24 июл куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 60 ёшга тўлди ва бу воқеа каналнинг “Ахборот 24” информацион дастурида ўз аксини топди.

Дастурнинг Озодлик мухбири кўрган рус тилидаги варианти Мирзиёевни туғилган куни билан табриклаган президентлар рўйхатини ўқиш билан бошланди.

Олиб борувчи табрикномалар матнлари каналнинг кечки кўрсатувларида ўқиб эшиттирилишини эълон қилди.

"Юз очди"

“Ахборот 24” дастурининг кўп вақтини “юз очди” сюжетлари - "Ўзбекистон 24" канали тўғрисидаги материаллар эгаллади. Бундай сюжетлар тўпламига сўзбоши ўқир экан, бошловчи “Ўзбекистон 24” каналининг очилишини “мамлакат тарихида телерадиоэшиттиришларда бурилиш ясаган воқеа”, сифатида баҳолади ва дарҳол бу воқеа ташаббусчиси “Шавкат Мирзиёевнинг ўзи” эканлигини таъкидлаб ўтди.

Бундай эътирофдан сўнг берилган қатор сюжетларда “Ўзбекистон 24” қандай каналу у қандай мақсадларга хизмат қилиши, канал имкониятлари, журналистлар учун яратилган шароитлар ҳақида ҳикоя қилинди.

Қисқа ва лўнда сюжетлар

“Ахборот 24”нинг 10-инчи дақиқаси бошланганидан сўнг дастур телеканал ҳақидаги сюжетлардан мамлакат ҳаётидаги янгиликларга ўтди ва Газлида янги газ кони очилгани тўғрисидаги репортажни кўрсатди. Сюжет муаллифи янгилик жанрига содиқ қолди: хабарини нима, қаерда, қачон деган саволларга жавоб беришдан бошлади.

Газли мавзуи узоқ давом этмади ва сюжет ўз-ўзидан Қорақалпоғистонда полимер маҳсулотлар заводи очилгани тўғрисидаги сюжетга уланиб кетди. Бу сюжетда ҳам Шавкат Мирзиёев четлаб ўтилмади: кадрда завод қурилишига биринчи ғиштни президент қўйиб бергани йўниб ёзилган мармар лавҳани кўриш мумкин.

Кетма-кет узлуксиз давом эттган сюжетларнинг учинчисида Мўйноқда болалар боғчаси қурилгани тўғрисида хабар берилди ва шу билан мамлакат янгиликлари тугаб, Халқаро янгиликларга ўтилди.

Ёнарқуртлар

Германиядаги автосаноатида чиққан жанжал, Афғонистон пойтахтида амалга оширилган террористик ҳуруж, АҚШнинг Мексика билан чегараси яқинида автомашинадан 9 мигрантнинг жасади топилгани, Италия пойтахтига сув тақчиллиги таҳдид солаётгани, Мексикадаги штатлардан бирига сайёҳлар атайлаб ёнарқуртларни кўриш учун боришлари тўғрисида ҳикоя қилинди "Ахборот 24"нинг "Халқаро ҳаёт" рукнида.

Десерт

Халқаро ҳаётдан Ўзбекистонга қайтган “Ахборот 24” Ўзбек-Япон маркази билан боғлиқ, анъанавий "Ахборот" усулидаги бир сюжет берилди ва ниҳоят информацион "меню"нинг десерти тақдим этилди: тез дамланар қаҳва ихтиро қилинганига 74 йил тўлгани муносабати билан "Ахборот 24" қаҳва тўғрисида тайёрланган сюжетни эфирга узатди.

Кўпни кўрганлар нима деди?

Озодлик “Ўзбекистон 24” телеканалининг биринчи иш куни тўғрисидаги таассуротлари билан ўртоқлашишни сўраб, икки тажрибали журналистга мурожаат қилди.

Журналист Шароф Убайдуллаев ҳам, журналист Турсун Қоратоев ҳам гапни телеканал жамоасини табриклашдан бошлади.

Убайдуллаевнинг фикрича, “сюжетлар, нисбатан янгироқ бўлди, жуда ҳам майда чайнашлар бўлмади, хабарлар қисқа, лўнда бўлди, лекин кеча “Ахборот”да таҳлил етишмади".

Журналист Турсун Қоратоев Озодликнинг “Ўзбекистон 24”нинг очилиши Шавкат Мирзиёевнинг туғилган кунига тўғри келиши тасодифми, деган саволига бундай жавоб берди:

- Бу тасодиф эмас. Бу - биз ҳали ҳам олдинги одатларимиздан қутула олмаётганимиз белгиси. Мамлакат раҳбарига совға қилганга ўхшаб қолдилар. Мен кечадан бери касбдошлар, фикрдошлар билан бу ҳақда гаплашдим. Кўпчиликнинг фикри бир жойдан чиқди. Кўпчилик шундай қилмаслик керак эди, деган фикрни билдирди, - Турсун Қоратоев.

Махсус меҳмонлар?

“Ўзбекистон 24”нинг биринчи эфирида томошабин эътиборини ўзига тортган яна бир жиҳат: “Ахборот 24” дастури телеканалга “Россия 24” телеканали ижодий гуруҳи меҳмонга келгани, гуруҳ “Ўзбекистон 24” ҳақида махсус сюжет тайёрлаганига алоҳида эътибор қаратди.

Шу куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов “Россия 24” телеканалига интервью ҳам берди.

Ҳаммаси бўлиб 251 мутахассис ишлаши, чет давлатларда ҳам мухбирлик пунктлари очилажаги айтилаётган “Ўзбекистон 24” телеканали ўз кўрсатувларини ўзбек, рус ва инглиз тилларида олиб боради.

XS
SM
MD
LG