Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:35

"Жамиятда аёлнинг ўрни энг пастда". Тўйда келинга мушт туширган куёвга иш очилди


Ҳодиса шу йнинг 6 июнь куни Сурхондарё вилоятининг Узун туманида содир бўлган. Видео скриншоти.
Ҳодиса шу йнинг 6 июнь куни Сурхондарё вилоятининг Узун туманида содир бўлган. Видео скриншоти.

Ўзбекистонда куёвнинг никоҳ кечаси келиннинг бошига мушт туширгани акс этган видео жаҳон ОАВларида резонанс уйғотди.

Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси матбуот хизматига кўра, воқеа шу йилнинг 6 июнь куни Сурхондарё вилоятининг Узун туманида ўтган никоҳ тўйида содир бўлган.

“Маросимда келин ва куёвга ўралган ҳолда ширинлик берилиб, уни ким биринчи бўлиб очиш (“Сюрприз” ўйини) ўйини ўтказилган.

Ўйин давомида келин биринчи бўлиб ширинликни очганлиги сабабли бу ҳолатдан куёвнинг жахли чиқиб келинни бир маротаба урган.

Мазкур ҳолат юзасидан Узун тумани ИИБ томонидан фуқаро Х.Р. (куёв) га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 183-моддаси (майда безорилик) билан маъмурий иш қўзғатилиб, тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқишлик учун судга юборилди”, - дейилади 15 июнь кунги баёнотда.

Бундан ташқари, куёв ва келин ҳамда уларнинг ота-оналари билан профилактик суҳбат ўтказилган.

Тармоқни титратган видео

Тўйдаги ҳодиса видеоси шу ҳафта бошида Телеграм ва Инстаграм тармоғида тарқалганди.

Ўзбекистонлик таниқли блогер Ақида Ханум ҳам уни Facebook саҳифасида эълон қилди.

“Жуда катта резонанс бўлди. Куёвнинг кимлигини ҳам аниқладим. Бу бола бозорда ишлайди, арава тортади. Қаердан десам, Сурхондарёнинг Узун туманидан. Булар учта ака-ука, ҳаммаси машина бозорида аравакашлик қилишади, дейишди. Лекин йигит ҳақида жуда ижобий фикрда эдик, ҳайрон бўлиб қолдик, деган гапларни ҳам айтишди. Оғир-босиқ, сипо йигит экан.

Видеони кўпчилик кўрган бўлса керак. Тўйда мусобақа ўйналяпти. Келин ютган, қўлини кўтарса, ҳамма қарсак чалди, шу пайти куёв жуда қаттиқ зарба билан келинни бошига қараб урди, ёнидаги куёв жўра ҳам кулиб турибди. Кўпчилик ижтимоий тармоқда шу постни қўйганимдан кейин изоҳларда ёзган - келинни ақли бўлса кетарди, ажрашарди ва ҳоказо. Ҳозирдан шунақа бўлса, кейинчалик ундан ҳам бешбаттар қилади”, - дейди Ақида Ханум Озодлик билан суҳбатда.

Ўзбекистонлик журналист Дилобар Аслиддин қизи фикрича, тарқалган видео "жамиятдаги ваҳшийлик"нинг бир кўриниши.

"Келинларнинг аёвсиз калтакланганлиги, ҳаттоки уларга шикаст етказилган, совуқ қуролар билан жароҳатланганлиги билан боғлиқ воқеаларга гувоҳ бўламлиз. Тўйдаги ҳолат ҳам ана шу ваҳшийликнинг бири кўриниши", - дейди журналист Озодлик билан суҳбатда.

Аёллар ҳуқуқлари учун курашчи блогер Ҳосият Собирнинг айтишича, аёлнинг калтакланишини жамият нормал қабул қилиши ва кўп ҳолларда зўравон эрларнинг жазосиз қолиши катта фожиа.

"Хориж матбуоти бу воқеани нормал эмас, деб қабул қилди ва танқид қилди. Негатив реакциясини кўрдик. Биз ҳам бу воқеликларга қарши бонг уриб келяпмиз. Лекин,ўзбек жамиятида афсуски, эркак тарафидан аёлнинг калтакланиши нормал ҳолат. Бу видеода ҳам кўряпмиз, калтакланган келинни қариндоши секингина олиб чиқиб кетяпти. Эр гўёки худо, хоҳлаганини қилади", - дейди Ҳосият Собир.

"Аёлларни мустақил ва кучли қиладиган таълим зарур"

Вазиятга Ўзбекистон президентининг қизи, Гендер тенглиги бўйича комиссия аъзоси бўлган Саида Мирзиёева ҳам эътибор қаратди:

"Бу ҳодиса қаерда содир бўлгани муҳим эмас, ўзимиздами ёки қўшни юртдами, икки кун олдинми ёки икки йилми - фарқи йўқ. Бу жирканч вазиятга бизнинг муносабат муҳим.

Агар бу ҳодиса сизни ва атрофингиздагиларни ғазаблантирган, ҳайратга солган бўлса, демак атрофингизда соғлом жамоа бор.

Мабодо “аёл эркакка ён босиши шарт”, “ўзи айбдор, тили узун бўлса керак” каби гапларни эшитаётган бўлсангиз, мана бу ҳақиқий фалокатдир.

Биз ҳаммамиз ривожланган, маданиятли юртда, бой ва бахтли яшашни хоҳлаймиз. Демак, ҳар биримиз аёлларга нисбатан зўравонликка йўл қўйиб бўлмаслигини англашимиз ва шу қарашда қатъий туришимиз зарур.

Бундай ҳолатларни хотиржам кузатиш, бир-бир бўлиб туради-да, деб оддий қараш мумкин эмас.

Ва калтабин куёвтўрани қоралаб, келинга раҳмимиз келар экан, ўз фарзандларимизга нисбатан ҳам шундай муносабатда бўлмаслик, яъни мактабни битиргач ўқишни тақиқламаслик, иложи борича тезроқ турмушга беришга ёки уйлантиришга ҳаракат қилмаслик, ўз ақли билан яшашга рухсат бериш муҳимдир.

Айнан шу боис бизга истиқболли кенг йўлларни очадиган, аёлларни мустақил ва кучли қиладиган таълим зарур.

Таълим бизга ҳаётимизни қандай ўтказишни танлаш имконини беради", - дея ҳодисага муносабат билдирди Саида Мирзиёева.

Халқаро резонанс

Узун туманидаги тўйда олинган видео хориж телеканалларининг янгилик дастурларига ҳам чиқди.

Россиялик телебошловчи ва блогер Ксения Собчак ҳодисага “Ўзбекистонда куёв келинни тўй танловида ютгани учун бошига мушт туширди. Бу ерда унинг оилавий ҳаёти бошланади”, дея изоҳ берди.

“Баъзилар учун бу ажойиб кун ва бахтли оилавий ҳаётнинг бошланиши. Аммо дунёдаги кўплаб аёллар учун бу никоҳ дўзахига саёҳат қилиш учун фақат бошланғич сигналдир! Юқоридаги видеода кўрилган Ўзбекистонлик жуфтлик каби. Янги турмуш қурганлар, улар меҳмонлари олдида саҳнада ўйин ўйнашади. Келин ғалаба қозонади ва нишонлайди, куёв ютқазади - ва бундан умуман хурсанд эмас. Жаҳли чиқиб, у келиннинг боши орқа қисмига қаттиқ уради. У мувозанатни сақлашга уриниб, олдинга йиқилади. Жисмоний ва руҳий зарба, у бошини пастга туширади ва йиғлайди.

...Ҳеч ким ўрнидан туриб куёвни бу қилиғи учун жазоламайди. Ҳеч ким полицияга бориб, унга хабар бермайди. Бу нарсага шубҳа қилиш мумкин, чунки Ўзбекистонда аёлларга нисбатан зўравонлик ҳар куни нон сотиб олишдек оддий ҳол", - деб ёзди Германиянинг Bild нашри.

"Айсбергнинг учи"

Тўйда куёвнинг келинга мушт тушириши Ўзбекистонда биринчи ҳолат эмас.

“Бу видеода музликни учини кўрдик холос. Ваҳоланки, биз ундан ҳам даҳшатли нарсаларни кўриб келмоқдамиз. Бизнинг жамият учун нормал ҳолат бўлиб қолган. Афсуски, жамиятимизда аёл кишининг ўрни энг пастда деб кўрилади. Аёл киши бунга сабр қилиб яшаб ўтиши керак, жафокаш аёлларимиз. Аёллардан шикоят тушмаса, ички ишлар ҳам қанақа иш кўриши мумкин? Нимани тергов қилиши мумкин? Тўғри, факт бор, лекин келин томон мен ўзим яшайман, дейди. Бу оила ажрашмайди, чунки қизга энди кимга кераксан, деган гаплар бўлади”, - дейди маиший зўравонлик ҳолатларини ёритиб келадиган блогер Ақида Ханум.

Ўзбекистонда оилада зўравонликка учраган аёллар шикояти кўп ҳолларда маҳалладан нарига ўтмаслиги айтилади.

Эр-хотинларга ажралиш учун судга ариза топширишдан аввал маҳалла қўмитасидан рухсат олиш шарт қилиб қўйилган.

Зўравонликдан тўйиб¸ ажрашишга қарор қилган аëллар эса маҳалла оқсоқоллари ва Хотин-қизлар қўмитаси ходимларининг “сабрли бўлиш¸ эр ва қайнонага итоат қилиб яшаш керак”, "эр-хотиннинг уруши, дока рўмолнинг қуриши", деган насиҳатлари билан аҳдидан қайтарилади.

Ички ишлар бўлимлари ҳам эридан калтак еган аёлларнинг шикоятларини камдан-кам ҳолатда регистрация қилади ëки кўриб чиқади.

Халқаро ташкилотлар Ўзбекистонда аёлларни оиладаги зўравонликдан ҳимояловчи қонуний механизмлар йўқлигини танқид қилиб келадилар.

Ўзбекистон Адлия вазирлигига кўра, 2019 йилда мамлакатдаги Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш марказларига 22 мингдан ортиқ хотин-қиз мурожаат қилган. Худди шу йили 1000 га яқин аёл маиший зўравонлик қурбони бўлгани айтилади.

XS
SM
MD
LG