Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:59

Мирзиёев келиши олдидан Ангренда минглаб одам конвой остида ишлатилди


Ўзбекистоннинг муваққат президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрига ташрифи арафасида шаҳардаги ташкилот ходимлари, мактаб ва коллеж ўқувчиларидан иборат минглаб одам мажбурий ҳашар ишларига жалб этилди. Мирзиёев ташрифи муносабати билан шаҳар бозорларида нархлар атайлаб туширилди.

Ўзбекистон муваққат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Ангренга ташрифи кутиларкан минглаб одам шаҳар ҳокимини буйруғи билан уч кун давомида махсус қўриқчилар қуршови остида ишлатилган.

Исми сир қолишини истаган ангренликлардан бири Озодликка бу ҳақда шундай маълумот йўллади:

- Шанба, якшаба ва душанба кунлари субботник қилишди. Лекин асабга теккан нарса шуки биз под конвой ишлатилдик. Худди биз турмага тушган асирлардек. Ҳамма, камида 2 минга яқин одам ҳокимни чақирувига лаббай деб етиб келишди. Сўзга чиққан шаҳар ҳокими Мирзиёев келиши муносабати билан барчамиз шаҳар атрофини тозалашимиз кераклигини уқтирди. Бу ҳайрли ишдан ҳеч ким бўйин товлашлиги ҳаққи йуклиги айтилди. Шу куни ҳамма автобусларга чиқарилди ва Ангрен-Қўқон трассаси атрофига халқ дислокация қилинди. Эртаси куни якшанба куни соат 7 00 дан кечги 18 00 гача хашар давом этди. Арчалар,гуллар,райхонлар экилди. Дарахтлар оқланди. Қисқаси мисли кўрилмаган ҳашар бўлди. Бозорлар пайнет буткалардан тозаланди. Бозор атрофи бардак холатда эди. Ҳозир эса кўчалар кенгайиб гуллар экилиб жуда чиройли холатга келтирилди - деб билдирди ангренликлардан бири Озодликка.

Хабарларга кўра, Шавкат Мирзиёев Ангрен шаҳрига Тошкентдан вертолётда учиб борган.

Ташрифи давомида муваққат президент “Ангрен” махсус индустриал зонаси ҳамда Ангрендаги Иссиқлик электр станциясини кўздан кечирган.

- Мирзиёевни вертолёти Чирқичдаги ҳарбий бўлинмалардан бирига бугун қўнди. У ердан тўғри “Ангрен” махсус индустриал зонасига машинада йўл олди. У ердан ТЭСга борган. Шаҳарда ҳар қадмага милиция қўйилган, - деди исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган ангренликлардан бири.

Ўзбекистоннинг муваққат президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи муносабати Ангрендаги барча деҳқон бозорларида нарх-наво 20-25 фоизга туширилди.

Ангренга қисқа ташрифи чоғида Мирзиёев Ангрен Деҳқон бозорига ҳам борган.

Ангренлик савдогарларга кўра, муваққат раҳбар келишидан олдин шаҳар дўконларида пластик карталар ва нақд пулга бир хил нархлар белгилаб қўйилган:

- Расталарда нархлар ҳар доимгидан бошқача. 25 минг сўм бўлган мол гўштининг нархини 20 минг сўм қилиб ёзиб қўйишибди. 500 сўмлик тухум 300 сўм. Энг ҳайратланарлиси дўконларда пластик ва нақд пулга ҳам нархлар бир хил. Шавкат ака тез-тез келиб турсин экан шаҳримизга, - дейди исми сир қолишини истаган ангренликлардан бири.

Ўзбекистонда давлат ёки ҳукумат раҳбари ташрифи муносабати билан бозорларда нархлар атайлаб туширилиши, мартабали меҳмон кетиши билан кўтарилиши авваллари ҳам бўлган.

- Бир кунда кўчалардаги бутка дўконлар ғойиб бўлди. Магазинларда пластикка бемалол. Буларни ҳаммаси хўжа кўрсин учун, "катта" кетиши билан ҳаммаси аввалги ҳолига қайтади, - дейди ангренлик тадбиркор.

Мирзиёевнинг ташрифи муносабати билан шаҳарда хавфсизлик чоралари мисли кўрилмаган даражада кучайтирилди. Тошкентдан милиция ходимлари олиб келиниб, шаҳар кўчаларига ташланган.

Мустақиллик байрами арафасида тортиб олинган ов милтиқлари ангренлик овчиларга ҳалигача қайтариб берилмаган.

Президентликка номзоди илгари сурилган Мирзиёевнинг Ангренга ташрифи унинг сайловолди тадбири ўлароқ кўрилаётир.

Ўтган ҳафтада Ўзбекистондаги ЎзЛиДеП партияси сиёсий кенгаши аъзолари Шавкат Мирзиёев номзодини президентликка илгари сурган эди.

Ўзбекистон президент сайлови эса, жорий йилнинг 4 декабрь куни бўлиб ўтади.

8 сентябрда Ўзбекистон Сенати томонидан Бош вазир Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон конституциясининг 96-моддасига зид тарзда Ўзбекистон муваққат президенти этиб тайинланган эди.

XS
SM
MD
LG