Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:26

Мирзиëевга шикоят қилган тадбиркор иши битди, қонунбузарлар амалда қолмоқда


Олим Сулаймонов
Олим Сулаймонов

Тошкентлик тадбиркор Олим Сулаймоновнинг прокуратура ходимларининг ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари устидан Youtube.com портали орқали Бош вазир ва муваққат президент Шавкат Мирзиëевга қилган очиқ видеомурожаат-шикояти ижобий ҳал бўлгани ортидан¸ шикоятнинг шундай йўлини танлаётган ўзбекистонликлар кўпая бошлади.

Озодлик билан суҳбатда Олим Сулаймонов шикояти юзасидан қайта суриштирув олиб борилгани, унга ноҳақ қўйилган кўп миллионлик сўмлик жарима бекор бўлгани ва 6 ойдан буён тўхтаб ётган фирмалари қайта ишга тушганини сўзлаб берди.

Тошкентлик тадбиркор прокуратура устидан Мирзиёевга шикоят қилди

Тошкент вилоятининг Қибрай туманида яшовчи тадбиркор Олим Сулаймоновнинг амалдорларнинг ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари устидан 10 октябрь куни Youtube.com портали орқали Шавкат Мирзиëевга видеошикоят билан мурожаат қилди.

Ўз мурожаатида бизнесмен Бош прокуратуранинг Юнусобод тумани Солиқ ва валюта жиноятларига қарши кураш бўлими ходимлари ўзидан ноқонуний тарзда пул ундиришга уринганидан шикоят қилди:

- Юнусобод департаментидан Дилшод деган бола эрталаб уйимга уч киши бўлиб келиб, “Ҳисобингизда пул бор экан - 48 миллион якка тартибдаги фирмага ўтказиб берасиз. Бўлмаса, иккита фирмангизни тинтув қиламиз, жарима соламиз, ишлашга бермаймиз!”, деб 30 апрелдан октябрw ойигача қийнаб келишмоқда. 203 миллион ҳисобга тўлаб бердик. Аммо ҳар хил қоғозларга қўл қўйдириб, “Республика прокуратураси, президент аппаратида ҳам одамларим бор”, деб ҳисоб рақамларимни беркитиб қўйди. Мана 6 ойдан бери беркитган бўлса, жами 1,5 миллиард давлатимизга зарар етказяпти. Биз додимизни кимга айтайлик? Қаёққа борайлик? дея шахсан Шавкат Мирзиёевга видеомурожаат орқали шикоят қилди қибрайлик тадбиркор.

Бу мурожаатида Олим Сулаймонов ўз даъволарини шахсан Мирзиёев ёки телевидение олдида исботлаб бериши мумкинлигини таъкидлади ва бундай таъмагирлик ва босимларнинг нафақат ўзи¸ балки аксар бошқа тадбиркорларга ҳам бўлаётганини қўшимча қилди.

Олим Сулаймоновнинг Youtube тармоғида пайдо бўлган мурожаати ҳозирга қадар 225 мингдан зиёд фойдаланувчи томонидан кўрилди, бошқа ижтимоий тармоқларда қўлма-қўл бўлиб кетди ва жамоатчилик орасида қизғин баҳс уйғотди.

"Менинг барча талабларим видеодан кейин қондирилди!"

Бунинг ортидан муваққат президентнинг сайлов олдидан жадал ишлаëтган виртуал қабулхонаси тадбиркорнинг бу шикоятини қайдга олди ва дарҳол чора кўриш ҳақида кўрсатма берди.

Озодлик билан суҳбатда тадбиркор виртуал қабулхона аралашуви билан кўп ўтмай ўзини "Ўзбекистон" миллий телеканали тадбиркорлар муаммоларига бағишланган очиқ суҳбатга таклиф этганини билдирди. Бу кўрсатувда қатнашган прокуратура ходими унинг иши кўриб чиқилиши ва қонунбузарларга тегишли чора кўрилишини билдирди.

Озодлик билан суҳбатда Олим Сулаймонов “пичоқ суякка етганидан кейин” Шавкат Мирзиëевга видеомурожаат орқали очиқ шикоят қилишдан ўзга чораси қолмаганини айтади:

- Мирзиёев нафақат менга, бутун Ўзбекистон тадбиркорларига ёрдам қилдилар. Ишлашга қўлимиз бормаётган эди. 2010 йилда ҳам мени текшириб, худди шундай синдириб кетишган эди. 203 миллион тўлаганимдан кейин “Яна пули бор экан” деб, налог билан хосписга ижро деб, 1,5 миллиард сўмга жарима қўйди. Ҳозир Хўжалик суди раиси шахсан ўрганиб чиқиб, ишимни бекор қилди. 1,5 миллиард жарима бекор қилинди, миллионлаб налог тўлаётганим исботини топди. Ҳозир менга тадбиркорлар телеофн қилиб “ Отангизга раҳмат, биз қўрқиб айтмаётган гапларни айтингиз. Муҳит яхши бўлса, ҳаммамиз қайтиб келамиз” дейишаяпти чиқиб кетганлар ҳам, деди тошкентлик тадбиркор.

Шу билан бирга, Олим Сулаймонов Мирзиёевга қилинган шикоятда тилга олинган прокуратура ходими Дилшод Ҳазратқуловнинг кейинги тақдири билан "тегишли идоралар " қизиқиши кераклигини билдирди. Суҳбатдош Дилшоднинг ўз ўрнида ишини давом этаётгани бўлиши мумкинлигини ҳам инкор этмади.

Ноҳақ терговни олиб борган прокуратура терговчиси ишини давом эттираяпти

Озодлик қибрайлик тадбиркорни 6 ой давомида тергаган ва ноқонуний равишда пул талаб қилиб келган прокуратура ходимларининг кейинги тақдири борасида қизиқиб кўрди.

Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси ҳузуридаги Солиқ ва валюта жиноятларига қарши кураш департаменти Юнусобод туман бўлимида Озодликка Дилшод Ҳазратқулов ўз вазифасини бажаришни давом этаётганини тасдиқлаб беришди.

- Дилшод Ҳазратқулов ишлаяпти, унга нисбатан ҳеч қандай мурожаат ҳам бўлгани йўқ. У киши Юнусобод тумани бўлимида катта суриштирувчи бўлиб ишлаяпти, деди навбатчи ходим.

Мирзиёевга видеомурожаатлар пайдо бўлмоқда

Ижтимоий тармоқларда виртуал қабулхонага қилинаётган видеомурожаатлар пайдо бўла бошлади. Масалан, блогер Азам Азизов Ўзбекистонда Интернет тармоқларини ривожлантириш ва уни тезлигини оширишни сўраб, Youtube орқали мурожаат ёзди.

​Эслатиш жойизки, Ўзбекистон президенти номига битилган видеомурожаатлар олдин ҳам бўлган.

Ўзбекистонлик Фурқат Раҳматуллаевнинг Ислом Каримовга қилган мурожаати энг шов-шувли видеолардан бири сифатида эътироф этилганди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёвнинг Виртуал қабулхонаси шу йилнинг 24 сентябр куни ишга тушганди.

22 октябр куни умумий мурожаатлар сони 70 мингдан ортди.

XS
SM
MD
LG