Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:40

Мирзиёевнинг “ит ва каламушлари”. Ҳақорат Ўзбекистонда бошқарув тилими?


“Ғўдайган ит”, “давлат сотқинлари”, “Сурхондарëни от ўйин қилиб ташлаган”, “бу ноинсофлар ҳаром қилиб ташлаган”, “бир ерини писиб мажлисга келиб ўтирсин”, “ҳамманг порахўрлик қилиб ҳамма ерни шарманда қилиб юрибсан”.

Бу сўз бирикмалари ва жумлалар Шавкат Мирзиёевнинг 19 январь куни Қизириқ туман ҳокимлиги биносида Сурхондарë вилоят фаоллари билан ўтказган учрашувидаги нутқидан олинди.

МХХда "Ноинсоф сотқин итлар"

Нутқнинг Озодлик қоғозга туширган 267 та сўзли парчасида Шавкат Мирзиёев бир марта “ит”, икки марта “ноинсоф”, тўрт марта “сотқин” сўзини ишлатган. Шу ва шунга ўхшаш бошқа сўзлар бутун нутқ давомида яна неча марта ишлатилгани Озодликка маълум эмас.

“Миллий хавфсизлик бутун Сурхондарëни ўлдирган. Иккита учта сотқинлар¸ давлат сотқинлари бу ерда ишлаб ҳамма ерни ўлдирган”, деган Мирзиёев бу сўзларидан бироз олдин бундай деган:

“Учта муовинни ишдан олиб ташладим СНБнинг муовинларини. Кеча мана иккитасига қўл қўйдим. Сизларда ҳам биттаси ишлаган Тошпўлатов деган¸ у ҳам ит¸ ўғри”.

Молиячилар - "каламушлар"

Ўзбекистон раҳбари мххчиларни итга ўхшатган бўлса, 22 декабрь кунги Олий Мажлис олдида қилган нутқида молиячиларни каламушга ўхшатганди.

“Нима учун Молия вазирлигини ўзгартирдим. Молиянинг “М” ҳарфини тушунмайдиганларни ҳайдаб юбордим, раҳбарлари кетди, лекин пастдаги “каламушлар” ўтирибди”, деган эди Мирзиёев.

Демак, президентга ишонилса, МХХ ходими – ит, молиячи – каламушдир.

Прокуратура ходими "ўғри ва ахлатдир"

2017 нинг 2 августида ўтказгани видеоселектор йиғилишида прокурорлар шаънига Мирзиёев мана бу гапни айтганди:

“Ўзи биринчи ўғри улар. Ҳаммани тағин ўғриликка даъват қилади. Энг катта ўғри улар”, деган президент ўша мажлиснинг ўзида мана бу гапни ҳам айтган эди:

"Мана биз янги Бош прокурор қўйдик, 80 фоиз одамни ўзгартирдик, олдинги қолган ахлатдан, тизимдан, менга бош прокурор қолдирган ўғри тизимидан 20-15 фоиз одамлар юрибди”.

Депутатлар "ит" аталмади, лекин уларга "вовуллаб" қўйиш тавсия қилинди

22 декабрда Шавкат Мирзиëев Олий Мажлисга Мурожаати давомида “Ҳаммаларинг чиройлик қилиб қўл кўтаришни биласизлар¸ кўтарманглар! Сизлар қачон уйғонасизлар¸ қачон гапира бошлайсизлар¸” деган президент депутатлардан ижроия ҳокимияти устидан назорат ўрнатишни сўради.​

Президент ўшанда мана бу гапни ҳам айтган эди:

"Жаноб Исмоилов (Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов -таҳр.), Сиззи депутатларингизам салгина вовулласа, олдингидак, ман биламанку, олдингидак ўрганган бешта саолди берарди, шунга жавоб берарди. Энди келинглар, бир эшикни ёпиб, бир чанг чиқсин, чанг."

Мирзиёев: Прокурорлар- энг катта ўғрилар!
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:29 0:00

Публицист Шароф Убайдуллаевнинг фикрича, Мирзиёевнинг у ёки бу идора ходимлари шаънига бундай ҳақоратлари унинг оний ҳаяжони маҳсули эмас, балки халқнинг тилидаги гаплардир:

- Молия вазирлигида каламушлар, СНБдагилар итлар... Булар ҳаяжон ичида айтилган гаплармас. Мирзиёев бу гапларни осмондан олгани йўқ. Мирзиёев халқдан олди. Халқ уларни аллақачон бирини ит, бирини кучук, ҳатто бирини чўчқа деб келган. Халқ уларнинг баҳосини аллақачон бериб бўлган, деди Шароф Убайдуллаев куни кеча OzodNazarида.

Бўлса, бордир. Шароф Убайдуллаевнинг айтганларига ишониш мумкиндир, яъни чиндан ҳам халқ молиячини каламуш, мххчини ит, деса, дегандир. Лекин, айни пайтда, Президентнинг ўзи қуйи бўғин раҳбарларининг “маданиятсиз гаплар” гапиришига қарши.

"Ҳокимга ким ҳуқуқ берган бировни ҳақорат қилишга?"

22 декабрь куни Мирзиëев Олий Мажлисга тўрт соатлик Мурожаати давомида маданиятсиз ҳокимларни танқид қилар экан, уларни назарда тутиб, жумладан бундай деган эди:

“Одамлар билан гаплашишни билмайди. Кечирасиз, маданиятсиз гаплар билан мажлислар ўтказиб, одамларни ҳақорат қилиб… Ким уларга ҳуқуқ берди? Ҳокимга ким ҳуқуқ берган бировни ҳақорат қилишга? Ким?”

Психолог олим вербал агрессия ҳақида

Ўзбекистонлик психолог олим, “Раҳбарлик психологиясида ахлоқ”, деган асар муаллифи Маҳмуджон Йўлдошев эътиборимизни вербал агрессия тушунчасига қаратди.

Олимнинг айтишича, вербал агрессия – сўзлар ёрдамида бошқа кишига таъсир ўтказиш деганидир. Одамни ит, мушук, каламуш каби сўзлар билан ҳақоратлаш ҳам ўша вербал агрессиянинг кўринишларидан биридир.

Вербал агрессия қўллаш, хусусан, кишини у ёки бу жонзотга ўхшатиш ёки уни уят сўзлар билан ҳақоратлаш, олимнинг фикрича, ўша сўзларни ишлатаётган одамнинг тарбияси билан бевосита боғлиқ.

Айни пайтда, психологнинг фикрича, бировга таъсир ўтказиш пайтида кишининг нонорматив сўзларни ишлатиши стресс ҳолати билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин:

- Яъни мулоқотдаги кишилар ўзаро суҳбатда ўз ресурсидаги маълумотларни ишлатиб бўлган, яъни бошқа воситалари тугаб қолган пайтда олдида турган кишининг қад-қоматига, кўринишига баҳо беришни бошлаши, нонорматив сўзлар қўллай бошлаши мумкин. Худди шу ҳолат вербал агрессиянинг нонорматив сўзлар орқали кўринишидир, деди психолог олим Маҳмуджон Йўлдошев.

Тилшунос олим давлат мулозимининг Давлат тили софлиги учун масъулияти ҳақида

Ислом Каримовнинг эга-кесими йўқ гапларини 25 йил эшитган халққа янги президентнинг мулозимларни нафақат ит-мушугу сичқон-каламушга ўхшатиши, балки жайдари, баъзан ғирт деҳқонча, нисбатан равон гаплари ҳам ёқаяпти.

Бироқ, тилшунос олим Бахтиёр Исабековнинг фикрича, мамлакат раҳбари зиммасида давлат тили софлигига, унинг меъёрларига риоя қилиш масъулияти ҳам бор.

Олимнинг фикрича, “давлат тили” дейилганда шу мақом берилган тилнинг барча шева вариантлари, масалан, “келяпти”, “кевотти”, “келутти”, “келиятир” деган вариантларнинг ҳаммаси тўғри дегани эмас. Давлат тили – адабий, норматив тил деганидир.

- Яъни давлат арбоблари ТВ ва радио дикторлари каби фикрини тўғри талаффуз, тўғри грамматик боғланмалар билан ифода қилиши керак. Бошқача айтадиган бўлсак, давлат арбоблари зиммасида давлат тилининг тарғиботчилари бўлишдек масъулият бор, - деди тилшунос олим.

Шавкат Мирзиёевнинг тил ўзгачаликлари ҳақида гапираркан, Бахтиёр Исабеков бундай деди:

- Жорий президентимиз нутқида ҳам, адабий тил меъёрларидан келиб чиқилса, жуда кўп ғализликлар учрайди. Булар, биринчи навбатда, услубдаги ғализликлардир. Афтидан, Мирзиёев ўз вақтида Каримовга тақлид қилишга уринган кўринади. Масалан,“Футболни ўзим назорат қилиб, барча коррупционни олиб ташладим”, деган гапини эсланг. Бу гапдан гапирувчининг нима деяётганини англаш қийин. Яна бир жойда Мирзиёев “қизнакар”, деган сўз ишлатди. Яъни “қиз навкар”, демоқчи. Лекин ўзбекда “қиз навкар” бўлмайди. “Куёв навкар” бор. Ёки “Тошканд”, деб айтади президент. Бундай шаҳар йўқ Ўзбекистонда. Тошкент деган шаҳар борлигини биламан. Хуллас, Мирзиёевнинг тилидан бундай мисолларни жуда кўп келтириш мумкин, деди тилшунос олим.

Ҳа, айтмоқчи...

22 декабрь куни Мирзиëев Олий Мажлисга тўрт соатлик Мурожаати давомида маданиятсиз ҳокимларни танқид қилганини бояроқ айтган эдик.

Ўшанда президент “Ҳокимга ким ҳуқуқ берган бировни ҳақорат қилишга? Ким?” деган хитоби ортидан қаршисида ўтирган ҳокимлару бошқа мулозимларга қараб бундай деган эди:

- Ҳаммаларинг билинглар, ундақа билан (яъни одамларни ҳақорат қилиш билан – таҳр.) биронталаринг эртанги кунга (кунда демоқчи – таҳр.) ишламайсизлар.

Бу гаплар айтилганидан буён орадан қарийб икки ой вақт ўтди. Бу вақт ичида Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев Тошлоқ туман аҳолисини “ҳароми”, деб ҳақорат қилди. Ғаниев шу кунда ҳам ишлаб турибди.

Андижон туман ҳокими Улуғбек Исомиддинов фермерларни “гадой”, деб ҳақорат қилди. Исомиддинов шу кунда ҳам ишлаб турибди.

Қўл остидагиларни ҳақорат қилгани учун суд томонидан 5 миллион сўм жаримага тортилган Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев маҳаллий ташкилот раҳбарларини яна ҳақорат қилди. Бу гал у “ифлос, шакал, тварь, ҳайвон” каби сўзлар ишлатди. Раҳматуллаев ҳам шу кунда ўз лавозимда қолмоқда.

XS
SM
MD
LG