Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:03

Коллежларда ўқувчиларга пичоқ, темир циркуль ва линейкалар олиб юриш тақиқланди


Тошкент юридик коллежи ўқувчиси икки курсдошини пичоқлаганликда айбланиб ҳибсга олингани ортидан мамлакатдаги бутун коллежларда “ўқувчиларнинг совуқ қурол олиб юришига қарши” тадбирлар бошланди. Озодлик суҳбатлашган коллеж раҳбарига кўра¸эрталаб ўқувчиларни “шмон “ қилишга бир соат вақт сарфланмоқда.

Коллежларга совуқ қурол олиб кирилмаслиги ҳақида Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидан махсус топшириқ бор, дейди Озодлик суҳбатлашган Фарғона вилоятидаги туризм ва сервис коллежининг маънавият бўйича раҳбар ўринбосари.

Тошкент шаҳридаги коллеж ўқитувчиси Озодлик билан суҳбатда шаҳар ҳокимининг таълим муассасаларида назоратни кучайтириш ҳақидаги қарори асосида назорат кучайтирилганлигини айтди:

- Ҳар куни эрталаб соат 7 дан то 8 яримгача коллежга келаëтган ўқувчиларни текширяпмиз. Охирги ўқувчи келгунига қадар. Ҳозир анча тузук бўлиб қолди. Икки кун олдин ўқувчиларнинг сумкасию чўнтакларидан пичоқ, кастет, бита (тўқмоқ) топилди¸ смартфонларидан эса порнографик ва жангари саҳналар акс этган видеолар чиққан эди¸ дейди суҳбатдош.

Унга кўра¸ бу тадбирлар шаҳар ҳокими қарори ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги коллежлар бошқармаси топшириғи бўйича кучайтирилган режимда амалга оширилмоқда.

- Вазирлар Маҳкамасининг 139-сонли қарори бор ("Ўзбекистон республикаси таълим муассасаларида мобил телефонлардан фойдаланишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарор.Тахр) Шу асосда уяли телефони бор ўқувчи коллежга киришда телефон овозини ўчириб, сумкасига солиб қўйиши керак. Бу қарорга кўра¸ телефонни чўнтакда олиб юриш ёки бўйинга тақиб юриш қатъиян маън қилинади. 2012 йил бу қарор чиққандан бери технология ўзгарди. Смартфонлар чиқиб кетди. Шу боис вазирлик тавсиясига кўра¸ коллеж ичкарисига умуман смартфон киритмаяпмиз. Оддий телефонга ўчириб қўйиш шарти билан изн бор¸ дейди суҳбатдош.

Циркуль¸ бигиз ва темир линейкага таъқиқ

Озодлик суҳбатлашган Фарғона вилоятидаги туризм ва сервис коллежининг маънавият бўйича раҳбар ўринбосарининг айтишича¸ “ўқувчилар орасида пичоқ олиб юриш одатига ва умуман ўсмирлар орасида пичоқ культига қарши” тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

-Уч-тўрт ой олдин Қўқон педагогика коллежи ўқувчиси милиционерни пичоқлаб иши судга ошгандан кейин вилоят ҳокими ўқувчилардан пичоқларни йиғиб олиш ҳақида топшириқ берган эди. Тошкентдаги коллежда бўлган пичоқвозликдан кейин бу масалага эътибор яна кучайди¸ дейди суҳбатдош.

Озодлик суҳбатлашган 17 яшар ўғли коллежда ўқийдиган қўқонлик ота назорат масаласида ҳаддан ошиш борлигига эътибор қаратди:

- Назоратни сал оширворишди. Ҳамма пичоқ кўтарган жиноят қилавермайди. Бизда ëнида пичоғи йўқ йигитни ўғил бола ҳисоблашмайди. Майли пичоқ олиб юрма дейишди буни тушундик. Лекин темир циркуль ва темир линейкаларни ҳам олиб қўйишмоқда¸ дейди суҳбатдош.

Бу масала борасида Қўқон шаҳридаги коллежлардан биринининг ўқитувчиси исми айтилмаслик шарти билан изоҳ берди.

Унга кўра¸ касб-ҳунар коллежларидаги устахоналарида болалар темир эгов ва темир линейкадан қўлбола пичоқ ясашган.

- Шу ҳаракатлар олдини олиш мақсадида мактабга эгов¸ циркуль ва темир линейка олиб келиш тақиқланди.

“Олтин пичоқ” кўрик танлови тўхтатилди

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг коллежлар бўйича маъсул мулозимининг айтишича шу кунларда Фарғона вилоятидаги коллежлар ўртасида ўтказилган “Олтин пичоқ” кўрик танловини тўхтатиш тавсияси берилган.

Суҳбатдошга кўра¸ касб-ҳунар коллежлари ўртасида ўтказиладиган бу кўрик танлов ўсмирлар орасида “пичоқ культини” кучайтиришга хизмат қилмоқда.

- Пичоқ жозибасини кучайтиришга ҳизмат қиладиган бундай тадбирларни чеклаш ҳақида тавсия бердик. Совуқ қурол эмас¸ балки ақл-заковат тимсолларни ëшлар ўртасида тарғиб қилсак мақсадга мувофиқ бўлар эди¸ дейди суҳбатдош.

Коллежлардаги пичоқлашлар силсиласи

Сўнгги пайтларда Ўзбекистон коллежларида бир неча марта қотиллик амалга оширилди.

Тошкентдаги Боровский номли Тиббиёт коллежида шу йил май ойида 17 ёшли Жасур Ибрагимов курсдоши тарафидан калтаклаб ўлдирилиши катта шов-шувга сабаб бўлган эди.

Март ойида эса Тошкент Давлат техника университетининг 1-курс талабаси Тошкентдаги коллежлардан бирининг ўқувчисини рашқ сабабли, ошхона пичоғи билан жароҳатлаган эди.

Ўтган йил декабрида Қўқон педагогика коллежининг 1-курс ўқувчиси шериги билан ўғирланган буюмларни машинага ортиб келаётганда пост-патрул хизмати инспектори томонидан тўхтатилган пайтида ўқувчилардан бири милиция ходимини пичоқлаб, воқеа жойидан қочган эди.

XS
SM
MD
LG