Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:55

Паспорт олиш ойларга чўзилаётгани боис талаба ўқишга, муҳожир ишига қайтолмаяпти


Ўзбекистондаги паспорт столларида ур-йиқит.
Ўзбекистондаги паспорт столларида ур-йиқит.

Ўзбекистонга таътилга келган муҳожир ишчилар ва хорижда ўқийдиган талабалар биометрик паспорт олиш ойлаб чўзилаётгани боис иш ёки ўқишни давом эттириш учун қайтиб кета олмаяпти. Озодлик гаплашган паспорт тизими масъуллари сўнгги уч ой ичида янги паспорт олишга аризалар уч бараварга ошгани боис уларни қонунда белгиланган муддатда кўриб чиқиш ва вақтида паспорт беришни уддалай олмаётганликларини тан олди.

Эски паспортини янги биометрик паспортга алмаштириш учун Москвадан Урганчга учиб келган хоразмлик Гулноза икки ойдан буён ҳар куни шаҳар паспорт столига қатнайди.

Икки фарзанднинг онаси бўлган Гулнозанинг айтишича, ҳар сафар борганида паспорт столидагилардан “ҳали чиқмади, эртага келинг”, деган бир хил жавоб олади.

Паспорти йўқлиги боис Россияга қайтолмаётган Гулноза ишидан айрилгани, фарзандлари эса мактабга вақтида қайтолмаслик хавфи остида қолганини айтади:

- Ўн кун олдин Москвада ишга чиқишим керак эди. Вақтида чиқмаганим учун ишдан бўшатишди. Майли энди бошқа иш топарман. Лекин, болаларимни мактаби қолиб кетaяпти. 3-синфдаги ўғлим махсус физика-математика мактабига боради, келаси ҳафтадан ўқиш бошланаяпти. Лекин ҳали паспорт қўлимизга тегмади. Ҳали ОВИР олишим керак. Қайтиш чипталарим куйиб кетди. “Қачонга билет олайлик”, десак билмаймиз¸ дейишади. Ҳозир фарзандларимиз мактабсиз, биз ишсиз қолиб кетаяпмиз, - дейди Гулноза.

АҚШда таҳсил оладиган ўзбекистонлик талаба ҳам Озодлик билан суҳбатда ёзги таътилга келиб, паспорт ололмаётгани сабаб ўқишини давом эттириш учун Америкага қайтиб кетолмаётганини айтади:

- Ёзги таътилдан фойдаланиб Ўзбекистонга келиб муддати тугаган паспортимни алмаштириб¸ ОВИР стикерини янгилашга киришдим. Мана икки ой бўлдики¸ ҳамон паспортдан дарак йўқ. Мен бу 2 ойлик таътил давримда паспорт олишим, ОВИРни янгилашим ва элчихонадан визамни янгилашим керак эди. Қайтиб кетиш билетим куйиб кетди¸ ҳали ҳам паспорт олганим йўқ. Муддатидан кечикканим учун элчихона ҳали виза берадими-йўқми¸ бу масала энди савол остида. Нега вақтида паспорт олмаганларга жазо қўлланиладию, паспорт вақтида берилмаса компенсация берилмайди? Мени қайтиш билетим куйиб кетди, ким буни компенсация қилади? Паспортни бепулга олаётганимиз йўқку, - дейди исми очиқланишини истамаган ўзбекистонлик талаба.

Ўзбекистонда жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб эски (нобиометрик) паспортларнинг амал қилиш муддати тугаши, шу муддат ичида эски паспортини янги биометрик паспортга алмаштирмаганлар жавобгарликка тортилиши белгиланган эди. Шу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси​ тарқатган огоҳлантирув ортидан мамлакатдаги паспорт бўлимлари олдида турнақатор навбатлар пайдо бўлди.

Шундан сўнг одатда 10 иш кунида берилиши керак бўлган паспорт аксар вилоятларда, икки ойдан ошиқроқ вақтда берилмоқда.

Паспорт тизими расмийлари мурожаатлар кўпайиб кетгани боис паспорт тайёрлаш жараёни чўзилиб кетаётганини тан олишади.

- 1 июлгача ҳамма паспорт столлари эрталаб 8 дан кеч 9 гача ариза қабул қилди. Шу даврда одатдагидан уч баравар кўп ариза тушди. Шунинг учун бу аризаларни кўриб чиқиш чўзилаяпти. Паспорт фақат бир жойда, Тошкентдаги Давлат персонификация марказида тайёрланади. У ерда кунлик нагрузка 10 минг, лекин ҳозир нагрузка кунига 30 мингтани ташкил этаяпти. Печатний установка бу нагрузкани кўтаролмаяпти. Шунинг учун кечикаяпти, - деди Озодлик суҳбатлашган Тошкент шаҳар паспорт тизими мулозими.

Тошкентдаги Давлат персонификация марказининг Озодлик суҳбатлашган мулозими бу холатни тасдиқлар экан, ҳажга, ўқишга ёки давлоланиш учун хорижга кетаётганларга биринчи бўлиб паспорт тайёрлаб берилаётганини айтди.

- Ҳозир жуда кўп ариза тушган. Шунинг учун биринчи бўлиб касаллар ёки четга ўқишга кетаётганлар қилиб бераяпмиз. Ҳозир шунақа бўлиб қолди, яқин кунларда ҳаммаси жойига тушади, - деди Давлат персонификация маркази мулозими.

Ўзбекистонда 2011 йилнинг январидан бошланган биометрик паспортга ўтиш жараёни 2015 йилнинг декабрига қадар тўла якунланиши кўзда тутилган эди.

Дастлаб эски русумдаги паспортларнинг 2015 йил 31 декабригача амалда бўлиши эълон қилинган.

Кейинчалик Вазирлар Маҳкамаси эски паспортларнинг мамлакат ичидаги амал қилиш муддатини 2018 йил 1 июлигача узайтирди.

Эндиликда Ўзбекистон келаси йил бошидан хорижга чиқиш учун алоҳида паспорт жорий этмоқчи.

Ҳукумат эса ҳали тўлиқ алмаштириб беролмаётган биометрик паспортлар ўрнига¸ биометрик паспорт хорижга чиқиш учун барча талабларга жавоб бераса-да¸ янги хориж паспорти жорий этиш режасига расмий тушунтириш берган эмас.

XS
SM
MD
LG