Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:47

Андижонлик аёл Googoosha қўшиғини тинглагани учун огоҳлантирилди


Андижонлик қўшиқ шинавандаси марҳум президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг қўшиғини уйида баланд овозда қўйгани учун милициядан огоҳлантириш олди.

46 яшар Гулнора Каримова Googoosha тахаллуси билан бир неча клип чиқарган.

Исми сир қолишини сўраган 27 яшар андижонлик аёлнинг Озодликка айтишича, воқеа шаҳарнинг "Дукчи эшон" кўчасида 1 январь куни рўй берди.

- 1 январь куни ўз уйимда Гулнора Каримованинг "Ота" ва "Оқ булут" қўшиғини баланд қилиб, калонкада эшитиб, уй ишларини қилиб юрсам, кўчамизда иккита милиция ходими пайдо бўлиб, уйимга бостириб кирди. Googoosha қўшиқларини эшитмаслигим кераклигини айтиб, мендан ариза ёздириб олишди, - деди исми сир қолишини истаган 27 яшар аёл.

Милиция ходимлари Googoosha мухлисига яна уни қўшиғини қўядиган бўлса, жаримага тортилиши ҳақида огоҳлантирган.

- Энди қўшиқни ҳам ИИБ рухсати билан эшитиш қолувди, - дея эътироз билдирди Гулнора Каримованинг андижонлик мухлиси.

Андижон шаҳар ИИБ ходими эса Озодликка баланд овозда қўшиқ қўйилган уйнинг қўшниларидан шикоят тушгани ва шикоят асосида боришганини айтишди.

- Қўшниларини безовта қилишган, шунинг учун огоҳлантриш берилди. Бошқа қайтарилмайди, деб тилхат олинди, - деди Андижон ҳуқуқ-тартибот идораларида ишловчи ходимлардан бири Озодликка.

Ички ишлар ходимининг маълум қилишича, Ўзбекистондаги тартиб-қоидага кўра, кечқурун 22:00дан бошлаб уйда тўполон қилса ёки баланд товуш билан қўшниси тинчлигини бузса, милицияга шикоят қилиниши мумкин.

Аммо, огоҳлантириш олган аёлнинг айтишича, Гулнора Каримова қўшиғини кундуз куни қўйгани ва милиция келишидан олдин қўшнилари унинг устидан шикоят қилмаганини айтади.

Googoosha тахаллуси билан қўшиқ куйлаб келган Гулнора Каримова қўшиқларига Ўзбекистонда тақиқ борми?

Айни савол билан Озодлик "Ўзбекконцерт" эстрада бирлашмасига телефон қилди.

Бирлашма мулозими бу ҳақда маълумотга эга эмаслигини билдирди.

46 яшар Гулнора Каримова Ўзбекистонда "озодликдан чекланган ва ҳибсда" сақланмоқда.

Гулнора Каримова 2015 йилда солиқ тўлашдан бош тортиш каби айбловлар билан 5 йилга озодликдан маҳрум этилгани ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси хабар берганди.

АҚШ Молия вазирлиги эса Каримовани ўтган ой коррупция ва инсон ҳақларини топтаган шахслар рўйхатига киритган.

Бош прокуратурага кўра, Гулнора Каримовага нисбатан иккинчи жиноий иш алоҳида очилган ва айни дамгача тергов ишлари давом этмоқда.

Тергов материалларига кўра, Гулнора Каримова жиноий гуруҳга 1 триллион сўмдан ортиқ мулкни ўзлаштирган.

Қамалишидан олдин Гугушанинг клиплари ҳукумат назорат қиладиган телеканалларда тинимсиз айлантириларди.

XS
SM
MD
LG