Линклар

Шошилинч хабар
17 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:33

Қозоғистондан Ўзбекистонга мол олиб ўтиш яна қийинлашди


Ўзбек-қозоқ чегарасидаги Ғишткўприк (Черняевка) назорат-ўтказиш пункти.
Ўзбек-қозоқ чегарасидаги Ғишткўприк (Черняевка) назорат-ўтказиш пункти.

Ўзбек-қозоқ чегарасидаги Ғишткўприк (Черняевка) ва бошқа назорат-ўтказиш пунктлари орқали товар олиб ўтиш яна қийинлашган. Қозоғистонга 9 январ куни ўтиб-қайтган ўзбекистонликлар чегарадан бир ҳафта илгари чекловсиз олиб ўтиш мумкин бўлган маиший ва оргтехника молларини ўзбек божхоначилари ўтказмай қўйганини билдиришди. Ўзбекистон Давлат божхона қўмитасининг Озодлик боғланган расмийлари эса қўшни давлатлардан шахсий фойдаланиш учун олиб кирилаётган товарларга қўйилган 10 долларлик чеклов амалда қолаётганини айтишди.

9 январь куни Қозоғистондаги бозорга ўтиб-қайтган бир неча нафар ўзбекистонлик Озодликка чегарадан товар олиб ўтиш яна қийинлашганини айтишди:

- Ортехника бўлса ёки бир хил молдан кўп миқдорда бўлса ўтказмаяпти. Бир ҳафта олдин бемалол ўтказаётган эди. Тушунолмай қолдик, - деди 9 январь куни Қозоғистондан Ўзбекистонга Ғишткўприк назорат-ўтказиш пункти орқали мол олиб ўтишга уринган ўзбекистонликлардан бири.

Озодлик бу ҳолат юзасидан тушунтириш сўраб, Ўзбекистон Давлат божхона қўмитасига боғланганида божхона мулозими қўшни давлатлардан шахсий фойдаланиш учун олиб кирилаётган товарларга қўйилган 10 долларлик чекловни ҳеч ким бекор қилмаганини айтди.

- 10 долларлик чеклов бекор қилинмаган. Қонун бўйича Ўзбекистон президентининг 1118 – сонли 2009 йилда чиққан қарори ҳали кучда. У қарор ўзгартирилгани ҳақда бизга маълумот келмади. Агар кимдир Қозоғистондан 10 доллардан ошиқроқ миқдорда шахсий фойдаланиш учун мол олиб кирмоқчи бўлса, белгиланган тартибда бож тўлайди, - деди божхона мулозими.

Ўтган ҳафта Қозоғистондан 1000 долларгача миқдордаги товарларни олиб киришга рухсат берилгани, Ўзбекистон президентининг 1118 – сонли 2009 йилда чиққан қарорига ўзгартиш киритиш масаласи кўрилаётгани ҳақда Газета.уз нашри ҳам хабар берган ва нашр мухбири "Ғишт кўприк" ("Черняевка") чегара пунктида бунга шахсан амин бўлгани ҳақда ёзганди.

Озодлик боғланган Ғишткўприк назорат-ўтиш пунктидаги божхоначилар ҳам 1000 долларгача бўлган товарларни деклорация тўлдирмасдан олиб ўтиш мумкин эканини айтишган, бироқ бунга бирор ҳужжатни асос сифатида келтиришмаган эди.

Қозоғистондан Ўзбекистонга 1000 долларгача маҳсулот олиб кириш мумкин
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:50 0:00

Чегаранинг Қозоғистон томонида жойлашган бозордаги нарх-навонинг Тошкент шаҳри ва вилояти бозорларидан 30-40 фоиз арзонлиги сабаб ўзбекистонликлар бозор-ўчарга Қозоғистонга боришади.

Қозоғистон ва Ўзбекистон чегарасидан мол олиб ўтиш эркинлашганидан сўнг чегаранинг Қозоғистон томонидаги бозорга борувчилар кўпайгани ва у ердаги нарх-навонинг кўтарилишига олиб келгани айтилмоқда.

- Чегара очилди, деб ҳамма Қозоғистон бозорига ёпирилди. Қоп-қоп ун, яшик-яшик ёғ, оргтехника, телевизор олиб ўтувчилар кўпайди. Ҳамма энди Тошкентда нарх-наво арзонлайди, деб турувди, ундай бўлмади. Қайтанга Қозоғистон томондаги, чегарага яқин бозорда нарх-наво кўтарилиб кетди. Шунинг учун кўпчилик ичкарироқдаги бозорларга ёки Чимкентга боришяпти. Қозоғистон божхоначилари ҳам ҳар бир қопга 10 доллар сўрайдиган бўлиб қолган. Ўзбекистон томонида ғам ҳозир кўпроқ нарса бўлса текширяпти. Бир ҳафта олдин бемалол эди, ҳозир ундай эмас - дейди Қозоғистонга мол олиб келиш учун доим бориб турадиган тошкентлик тужжорлардан бири.

Ўзбекистонга жисмоний шахслар томонидан истеъмол товарлари олиб кириш Ўзбекистон президентининг 2009 йил, 1 июлдаги 1118-сонли қарори билан тартибга солинади.

Ички истеъмол бозорини ҳимоя қилишни янада кучайтириш ва жисмоний шахслар томонидан республикага истеъмол товарларини олиб киришни тартибга солиш ҳақидаги шу қарорда қўшни давлатлардан шахсий фойдаланиш учун жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистонга бир йўла олиб кириладиган импорт истеъмол товарларининг бож тўловлари олинмайдиган умумий қиймати 10 АҚШ долларидан ошмаслиги керак.

Тошкентлик иқтисодчи ва тадбиркор Жаҳонгир Шосалимов Ўзбекистонга четдан келадиган истеъмол ва озиқ-овқат махсулотларига бож тарифлари юқорилиги, Ўзбекистоннинг ўзи эса аҳолисини шу махсулотлар билан таъминлаб беролмаётгани сабаб нарх-наво қўшни давлатлардагига қараганда юқори эканини айтади:

- Ўзбекистон Марказий Осиёдаги аҳоли сони жиҳатдан энг катта давлат. Шу жиҳатдан катта истеъмол бозори десак бўлади. Лекин, ҳукумат бу бозорга четдан мол олиб келувчиларга бож тарифларини кўтариб қўйган. Ўзидаги ишлаб-чиқариш салоҳияти 30 миллион аҳолини эхтиёжини қондирадиган даражада эмас. Яъни талаб катта, таклиф оз. Табиийки бундай ҳолатда нарх- наво юқори бўлади, - дейди Жаҳонгир Шосалимов.

Ўзбекистон эса 10 долларлик чекловни ҳали-бери бекор қилмоқчи эмас, афтидан.

Тошкент чегарадан $10 кўп маҳсулот олиб ўтишга қўйилган тақиқни бекор қилмаслиги тўғрисида Тошкентда 13 декабрь куни ўтган Ўзбекистон-Қирғизистон бизнес форумида Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов маълум қилган эди.

Адҳам Икромов чегарадош давлатлардан аҳолининг Ўзбекистонга 10 доллардан ортиқ маҳсулотлар олиб киришига қўйилган чеклов олиб ташланадиган бўлса, Қирғизистон билан “челнок бизнеси” ривожланиб кетишини айтган эди.

“Биз бу миқдорни кўпайтиришимиз мумкин, бироқ Қирғизистон билан муносабатларимизда челнок бизнесини ривожлантиришни истамаймиз. Бундай бизнесдан чегара олди ҳудудлари фақат зарар кўради. Буни Польша ва Украина ёки Россиянинг Калининград вилояти мисолида кўришимиз мумкин. Бу биз кўзлаган йўл эмас”, - деган эди Адҳам Икромов Қирғизистон иқтисодиёт вазири Артем Новиковнинг бу масалани кўтарганига жавобан.

XS
SM
MD
LG