Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:11

Республикадаги ўнлаб коллежга бу йил ўқувчи қабул қилинмади


Нуробод шаҳарчасидаги коллеж биноси
Нуробод шаҳарчасидаги коллеж биноси

Бухоро¸ Самарқанд¸ Хоразм ва Андижон вилоятларидаги 10 дан зиëд маиший хизмат касб-ҳунар коллежларига 2017-18 ўқув йили учун ўқувчилар қабул қилинмади.

Вилоятлардаги соҳа мутасаддиларнинг Озодликка айтишича¸ бу коллежлар ҳозирча тугатилмайди: иккинчи ва учинчи босқич ўқувчиларига ўқишни тугатиш учун имкон берилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги мулозими эса “аксарият коллежлар тақдири борасида ҳали узил- кесил қарорга келинмаганлигини" таъкидлади.

Озодлик суҳбатлашган Бухоро вилоят ҳокимлиги мулозими¸ аксар ота-оналар ўз фарзандлари 11 йиллик таълим тизимида ўқишни давом эттириш истагини билдиргани боис, бир нечта коллежда биринчи курс учун ўқувчи қабул қилинмаганини айтди. Мулозимга кўра¸ “эхтиëж бўлмаган коллежларнинг 25 фоиз ўқитувчилари қисқартирилади” Бу мулозимнинг яна айтишича, “ишдан бўшаган ўқитувчилар халқ таълими тизимидаги ўқув даргоҳларига ишга жойлаштирилади”

"Набор йўқ"

Озодлик мухбири билан айни мавзуда суҳбатлашган Самарқанд¸ Хоразм¸ Жиззах вилоятидаги мулозимлар ҳам “эҳтиëж кам бўлгани боис ўқувчилар ҳужжат топширмаган” маиший хизмат касб-ҳунар коллежларида биринчи босқич учун қабул бўлмаганлигини айтишди.

Eltuz.com нашрининг ëзишича, “Андижон шаҳридаги 2- маиший хизмат касб-ҳунар коллежига биронта ҳам ўқувчи хужжат топширмаган. ”Нашр мухбирининг коллежда ишловчи муаллимлардан бирига таяниб маълум қилишича ” мажлис ўтказилиб коллеж ёпилиши ва ўқитувчилар ўзларига бошқа иш қидиришлари лозимлиги” айтилган.

Андижон вилоят ҳокимлигида ишлайдиган мулозимнинг Озодликка айтишича¸ бу ҳолат вилоятдаги барча коллежларга алоқадор эмас. Унга кўра “Андижон машинасозлик коллежи” да қабул тўхтамаган.

Мулозим Андижон вилоятидаги 117 коллеждан қанчаси қолиши ҳақида аниқ маълумот айтмади.

Битта вилоятда қанча коллеж қолишига Озодлик суҳбатлашган Самарқанд халқ таълими бошқармаси мулозими аниқлик киритди.Унга кўра¸ Халқ таълими бошқармаси ўтказган сўровномада қатнашган ота-оналарнинг 71 фоизи ўз фарзандларининг коллежда эмас балки 11 йиллик таълим тизимида ўқишни давом эттиришларига истак билдиришган. Шундан келиб чиқиб вилоятдаги коллежларнимг ярмидан кўпи “келаси уч йил ичида тугатилиш эҳтимоли бор” деди мулозим.

Эҳтиëж катта коллежлар ëпилмайди

Бухоро вилоят ҳокимлиги мулозими президентнинг май ойидаги фармойишига биноан, “коллежларга қабул квоталарини прогнозлаштиришда меҳнат бозоридаги эҳтиëж“ инобатга олинаëтганига эътибор қаратди:

- Шавкат Мирзиёевнинг 18 майдаги фармойиши асосида ишлаяпмиз. Масалан, наққошлик¸зардўзлик ва бошқа миллий ҳунардмандлик сирларини ўргатадиган коллеж битирувчисига бозорда эҳтиëж мавжуд. Туризм коллежлари битирувчиларига ҳам эҳтиëж бор. Мақсадимиз коллеж битирувчиларининг бандлигини таъминлаш. Шу боис эҳтиëж кам коллежларгина ëпилади¸ деди суҳбатдош.

Хоразм¸ Самарқанд ва Жиззаҳ вилоятлардаги мулозимлар Озодлик билан суҳбатда санъат¸ халқ ҳунармандлиги¸ туризм ва газ соҳаси бўйича коллежларда қабул жараëни тўхтамаганлигига ҳам эътибор қаратишди.

"Вазирлик коллежлар тақдири борасида ҳали бир қарорга ҳали келмади"

Ўзбекистон Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлигининг ўрта махсус ва профессионал таълим муассасалари фаолиятини бошқаришга масъул биринчи ўринбосари Муродулло Холмуҳаммедовнинг ўзини Сарвар, деб таништирган ёрдамчиси Озодликка “коллежлар ва лицейларни ёпиш тўғрисида ҳали аниқ топшириқ йўқлигини” айтди:

- Ҳозир ўрганиш кетяпти. Президентимизнинг шахсан топшириқлари билан. Коллежларнинг кейинги тақдири бўйича ҳар бир ҳудудга вазир ўринбосарлари бириктирилиб сўров ўтказиляпти ҳозир. Ким коллежда ўқийди¸ ким 11 йиллик таълим тизмида ўқийди, деган савол асосида сўровнома тайëрлаганмиз. Коллежлар ўз-ўзидан ëпилиб кетмайди. Президент фармони билан ëпилади. Бу гапим сиз келтиган коллежларга ҳам тегишли,- деди мулозим.

Таълим стандарти ўзгармоқда

Жорий йилнинг 17 июнь куни Бош вазир Абдулла Арипов Тошкент шаҳридаги ҳар бир тумандан 4 тадан мактабда тажриба тариқасида 10-11-синфлар қайта жорий этилиши ҳақида чиқиш қилганидан сўнг бу тажриба бутун республикада ўтказила бошланди. Бу эса ўз навбатида коллежларнинг истиқболини шубҳа остига қўйди.

Бундан олдин Ўзбекистондаги тўртта академик лицей президент фармони билан тугатилган эди.

Президент қарорига илова қилинган шарҳда айтилишича, 4 та лицейнинг ёпилишига уларнинг “моддий-техник ва ўқув-методик базаси замонавий талабларга жавоб бермай қолгани” сабаб бўлган.

Ўзбекистонлик блоггер Сардор Салим¸ Озодлик билан суҳбатда коллеж ва лицейлар ëпилиб¸ 11 йиллик таълим тизимига ўтилишини "Ортга ташланган салбий қадам деб атади:

Унга кўра¸ бу қадам билан Ўзбекистон "қолоқ мамлакатлар клубига аъзо бўлади"

"Ўзбекистон замон талабларига жавоб бериш мақсадида 12 йиллик таълим тизимини постсовет ҳудудида биринчилардан бўлиб жорий этган эди. Биринчи президент Ислом Каримов 1990 йил 3 августда бўлиб ўтган йиғилишлардан бирида республикада барча соҳалар қатори таълим тизими ҳам бутунлай издан чиққани, ўқув муассасалари ачинарли аҳволга келиб қолганини айтиб ўтган эди. 1997 йилда қабул қилинган “Таълим тўғрисида”ги қонун ва "Кадрлар тайёрлаш миллий дастури" замонанинг кун тартибидаги муаммоларни ҳал этиш учун ўз даврининг илғор ва узоқни кўзлаган ташаббуси бўлганини бошқа постсовет республикалари ҳам эндигина – биздан 20 йил кейин бу йўлдан юришни режалаштиргани кўрсатиб турибди.

Лекин таълим тизимидаги ислоҳотлар кўзланганидек амалга оширилмади ёки аллақачон маънан эскирди. Бизга ҳозир таълимнинг янги ислоҳоти керак, лекин бу ислоҳот ўқув йиллар сонини қисқартириш ёки кўпайтиришдан иборат бўлмаслиги лозим¸ дея таъкидлайди блоггер Сардор Салим.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигига кўра жорий йилда Ўзбекистон бўйлаб 467 019 нафар ўқувчи 9 синфни тугатди.

Уларнинг қанчаси¸ лицей¸ қанчаси коллеж ва қанчаси 11 синфлик тизимда ўқишни давом эттириши аниқ эмас.

Ўзбекистондаги мавжуд 1411 та коллеж мактабларнинг 9-синфини битирган ёшлар касб-ҳунар ўргананиши учун фаолият кўрсатиб келаëтган эди.

Бундан ташқари олий таълим муассасалари қошидаги 144 та академик лицейда аниқ, табиий, ижтимоий-гуманитар фанлар, хорижий тиллар ҳамда маданият ва санъат йўналишлари бўйича билим берилади. Ушбу масканларни ҳар йили ўртача 35 минг нафар йигит-қиз битириб чиқмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига кўра, мамлакат бўйлаб 9582 та 9 йиллик мактаб бор.

XS
SM
MD
LG