Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:50

Яккабоғ ҳокими деҳқон томорқасидаги буғдойни куч билан тортиб олмоқда


Буғдой топшириш режаси бажарилмаётгани сабабли Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани ҳокими деҳқонларнинг шахсий томорқасидаги буғдойга кўз олайтирди. Халқнинг лалми ерларда етиштирган буғдойига милиция ходимларининг қаттиқ назорати остида комбайн солиняпти. Бу талончиликдан норози бўлган одамлар вақтинчалик ҳибс қилиниб, буғдой ўриб олингандан сўнг қўйиб юбориляпти.

Бир ҳафтадан буён Яккабоғ туманининг Самоқ, Бешкапа, Мунжир, Новқишлоқ, Ширинбулоқ, Сероб қишлоқларида яшайдиган аҳолининг лалми ерда етиштирган буғдойи маҳаллий ҳокимият томонидан зўравонлик билан ўриб олиняпти.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган яккабоғлик манбага кўра, ҳокимият бу иш учун қирққа яқин милиция ходими ва олтита комбайн ташлаган:

“Ҳеч қачон, ҳеч қайси йил бунақаси бўлмаган. Ҳокимият халқни очиқ талашга ўтди. Одамларнинг лалми ерларда ўз меҳнатлари эвазига етиштирган буғдойини зўрлик билан ўриб оляпти. Мен кеча Ширинбулоқ қишлоғида ана шундай зўравонликка гувоҳ бўлдим. Олтита комбайн бирданига одамларнинг буғдойзорига кириб, ғув этиб ўриб кетяпти. Одамлар норозилик билдирса ўнлаб мелисалар уриб, тепиб зирҳли мошиналарига қамаб қўяяпти. Буғдойини ўриб олишганидан сўнг қўйиб юборяпти. Одамлар дод деб қоляпти. Чунки буғдой уларнинг ягона тирикчилиги эди”, деди манба.

Озодлик суҳбатлашган яккабоғлик кекса деҳқонлардан бири ҳам ҳокимиятдан ҳеч қачон бунчалик зулм кўрмаганини айтди:

“Бир пайтлар бу ерда лалми токзорлар бор эди. Кейин токлар кўчирилиб, ерлар фермер хўжаликларига бўлиб берилди. Унинг тепасидаги лалми, бўш ётган ерларни деҳқончилик қилиш учун ҳокимиятдан кадастр қилиб олганмиз. Кимдир 5 гектар, кимдир 10 гектар олган. Ҳар йили бу ер учун солиқ тўлаймиз. Ҳаммамизнинг ҳужжатларимиз жойида. Лекин энди, ҳокимият “ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир” бўлиб қолди. Зўравонлик билан буғдойимизни ўриб оляпти. Биз ҳатто буғдойимиз неча тонна чиққанини ҳам билмаймиз. Унга неча пул бериши ҳақида ҳам гап йўқ. Норозилик билдирган одамларни мелиса олиб кетмоқда”, деди деҳқон.

Деҳқоннинг айтишича, "ҳокимиятнинг халқни қақшатадиган махсус гуруҳи" тоғ этагидаги Ширинбулоқ қишлоғи аҳолисининг буғдойини ўриб тугатганидан сўнг, 12 июль куни дарёнинг у бетидаги Сероб қишлоғига ўтган.

Яккабоғ тумани ҳокимининг ўзини Отамурод деб таништирган мулозими Озодлик билан суҳбатда ҳақиқатан ҳам аҳолининг буғдойи мажбуран ўриб олинаётганини тасдиқлади:

“Тўғри ўриб оляпмиз. Чунки лалми ерларда аҳоли рухсатсиз буғдой эккан. Лалми ерлар фермернинг ҳисобида турибди. Одамлар бу ерлар учун шартнома қилмаган. Бу давлатнинг ерику. Биз тортиб олмаяпмиз, балки ўша одам билан ернинг бошида шартнома қиляпмиз. Ўзи экиб, ўзи уйига тўкиб олмасинда. Биз давлатга топширтириб давлат нархидаги пулини олиб берамиз”, деди мулозим.

Озодлик мулозимнинг бу жавобидан сўнг, яна яккабоғлик кекса деҳқон билан боғланди. Деҳқон мулозимнинг мутлақо ёлғон гапираётганини айтди:

“Бекор гапни айтибди, у. Бизга бу ерлар кадастр қилиниб, вақтинча фойдаланишга ҳужжатлаштириб берилган. Бу бир грамм ҳам сув чиқмайдиган, бекор ётган лалми ерлар бўлса. Ёмғир ёғса ҳосил бўлади, ёғмаса куйиб қолаверамиз. Шунинг учун бу ерга биз фақат солиқ тўлаймиз. Шу пайтгача ҳеч ким бизга тегмаган эди. Жаҳонгир Бобоев туманга янги ҳоким бўлдию, халқни талай бошлади. Чунки фермерлар буғдой планини бажаролмади. У эса режани бажариб, катталарга яхши кўриниш учун оддий халқни талашга киришди”, деди кекса деҳқон.

Ўзбекистонда, бу йил ёғингарчилик кўп бўлганлиги ва буғдойга занг касали тушгани боис буғдой режасини бажариш имконсиз бўлиб қолган.

Ҳар бир тумандан кўпи билан ўн-ўн беш фоизгина фермерлар буғдой режасини бажаришга муваффақ бўлган, холос. Ҳокимлар қолган фермерларга давлат режасини “ернинг тагидан топиб бўлса ҳам” бажаришни талаб қилмоқда.

Бироқ, фермерларнинг буғдой режасини бажаришига кўзи етмаган ҳокимлар, халқнинг ҳисобидан буғдой режасини тўлдиришнинг турли хил усулларини ўйлаб топишмоқда.

Жумладан, Наманган вилояти ҳокимининг топшириғига кўра, боғ ва токчилик билан шуғулланадиган фермер хўжаликлари ҳар гектар боғи ҳисобига 500 килодан буғдой топиб топшириши керак. Боғбонлар бозордан қиммат нархда буғдой сотиб олиб, арзон нархда ҳукуматга топширишга мажбур бўлмоқдалар.

XS
SM
MD
LG