Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:00

Ўзбекистонда доллар курси кўтарилмоқда, нарх-наво ҳам  


Самарқанднинг қадимий "Сиёб" бозори.
Самарқанднинг қадимий "Сиёб" бозори.

15 март куни Ўзбекистон тижорат банкларида АҚШ долларининг ўзбек сўмига нисбатан курси янги рекорд кўрсаткични қайд этди.

Шу ой бошида 1 АҚШ доллари 10 500 сўм атрофида бўлган бўлса, икки ҳафта ўтиб 11 200 сўмдан ошиб кетди.

Долларнинг "қора бозор"даги курси банклардагидан деярли фарқ қилмайди.

“100 долларни 1 миллион 95 мингдан олишяпти, 1 миллион 120 мингга сотишяпти. Ўтган ҳафта 1 млн 90 мингга олиб, 1 млн 95 мингга сотишаётганди. Ҳозир кўпчилик доллар яна ошади, деган ўйда кўпроқ оляпти. Сотадиганлар жуда оз. Банкларда ҳам кўп сотмаяпти. Олиш кўпайса, бу ёғига яна доллар кўтарилади. Ваҳима бор. Рублни долларга алмаштираётганлар ҳам кўп. Банкда рублни 80 сўмдан олиб, 120 сўмдан сотяпти. Ҳозир, Россиядан кўпчилик рублни ўзини жўнатяпти, доллар жўнатмаяпти”, - дейди Тошкентнинг Чорсу бозоридаги саррофлардан бири.

Сўмнинг долларга нисбатан айирбошлаш курсининг пасайиши Украинага тажовуз сабаб санкцияларга учраган Россия рублининг кескин қадрсизланиши манзарасида юз бермоқда.

Нарх-наво ҳам ўсмоқда

Ўзбекистонда доллар курси кўтарилиши ортидан нарх-наво ҳам ошгани кузатилмоқда.

Андижоннинг “Эски шаҳар” бозорида тадбиркорлик қилувчи Ҳаётуллонинг Озодликка айтишича, ун, ёғ, гўшт каби озиқ-овқат махсулотларининг нархи 10-15 фоизга кўтарилган.

“5 литрлик писта ёғи 80 минг сўм эди, 98 минг сўмга чиқди. Унни килоси 6 минг сўм эди. Ҳозир 6 ярим минг сўм. Шакар килоси 8 минг сўм эди, ҳозир 10 минг сўм. Гўшт ҳам қимматлади. Доллар ошса, оддий колбасадан тортиб сир, конфетлар ҳам автоматик ошади. Айниқса, қўшни давлатлардан келтирилганлари”, - дейди Ҳаётулло.

14 март куни Россия ҳукумати 2022 йил 31 августга қадар учинчи мамлакатларга шакар экспортини тўхтатаётганини маълум қилди.

Бундан олдин Украина ҳам шакар экспортига вақтинча чеклов киритганди. Ўзбекистоннинг шакар импортида бу икки давлатнинг улуши катта экани айтилади.

Фарғоналик блогер Дима Қаюм нархларнинг кўтарилишини тўғридан-тўғри Украинадаги уруш билан боғлайди.

“Украинада уруш бошланганидан бери ун, шакар, ёғ нархи анча қимирлаб қолди. Бизда камбағални овқати шуларсиз бўлмайди. Ошиш ўн фоизча бўляпти. Ҳали бу бошланиши. Компот сезонга бориб шакар 12 мингга кўтарилиб қолса керак. Чунки Россия, Украинадан келиш тўхтаган. Ун ҳам яна ошиб кетади. Ундан ясаладиган маҳсулотлар нархи ҳам кўтарилади”, - дейди Дима Қаюм.

Тошкентлик тадбиркор Тоҳир Собиров доллар курси кўтарилгани қурилиш моллари нархларида ҳам акс эта бошлаганини айтади.

“Цемент тоннаси 530 минг сўм эди ўтган ҳафта. Бугун 640 минг сўм. Шифер, ёғоч ҳам мана бугун ўн фоизга қимматлади. Доллар ошган сайин нарх-наво ҳам ошиб бораверади. Машина бозорида эса машина кам, кўпчилик сотмаяпти. Чунки доллар яна ошади, деб машинасини бозорга чиқармаяпти”, - дейди тадбиркор.

Долларнинг ошиши асосий муаммо эмас

Ўзбекистонда валютанинг эркин конвертацияси жорий этилганига қарамай, мустақил иқтисодчилар Марказий банк белгилаётган курс АҚШ долларининг реал қийматини акс эттирмаслигини айтишади.

“Курс сунъий ушлаб турилаётгандай. Агар қўйворса доллар 15 минг сўмдан ошиб кетиши турган гап. Ҳозир доллар оламан деб борсангиз, расмий курсда ҳамма банкларда ҳам йўқ”, - дейди тадбиркор Тоҳир Собиров.

Иқтисодчи Отабек Бакиров фикрича, валюта четга чиқиб кетишининг олдини олиш учун сўмнинг эркинроқ бўлишига йўл бериш керак.

“Қайтанга конфликт узоқ давом этиши тобора аён бўлиб бораётган ҳозирги шароитда бу шокларнинг оқибатларини бироз юмшатади ҳам. Ҳаммаси бир ҳафтада тугайди ва статус-кво тикланади, дейилган сценарий энди реалликдан узоқ.

Биз биринчи ҳафтадаёқ мигрантларнинг рублдаги даромадлари йўқотиши муаммосига дуч келдик. Биз иккинчи ҳафтадан экспортерларимизнинг муаммоларини ҳис эта бошлаяпмиз. Албатта энди энг мақбул чора сўмнинг рублга нисбатан ҳаддан зиёд мустаҳкамланишига йўл қўймаслик бўлади. Сўмнинг эркинроқ бўлишига йўл бериш вақти етди.

Яна эсдан чиқармаслик лозимки, доллардаги инфляция ўтган йили 7,5%ни ташкил этган. Янги реаллик ҳисобга олинса, қаттиқлаштириш сиёсатига ҳеч ким унча шошаётгани йўқ, бу йил ҳам доллар инфляцияси камида ўтган йилдагидек, балки баландроқ бўлади.

Шу маънода, кенг аҳоли қатламлари, хусусан меҳнат мигрантларимизнинг манфаатлари кўзланилса, энг асосий муаммо ўлароқ долларнинг ошишини эмас, инфляцияни қарашда давом этиш керак”, - деб ёзди Отабек Бакиров Телеграм-каналида.

Ўтган ҳафта Ўзбекистон Марказий банки тижорат банкларига рубл айирбошлашни тўхтатиб қўймаслик, сотиб олиш ва сотиш курси ўртасидаги фарқни “мақбул даражада” сақлаб туришни тавсия этган эди.

Иқтисодчилар бу қарорни “рублдаги барча рискларни сўмга юклаш” деб таърифлаб, Ўзбекистонга “вагонларда рубл кириб, вагонлаб доллар чиқиб кетиши”дан огоҳлантиришган.

Таниқли молиячи Абдулла Абдуқодировнинг ёзишича, Россия ва Украина Ўзбекистоннинг муҳим ташқи савдо ҳамкорлари саналади.

Унга кўра, Ўзбекистон иқтисодиётига Россия инвестициялари ҳажми 10 миллиард доллардан ошиб кетган. айни пайтда 2021йил якунларига кўра, Украина билан савдо ҳажми (231,6 млн доллар) 87 фоизлик ўсиш кўрсатган.

Абдуқодировнинг фикрича, рублнинг беқарорлиги яқин келажакда Россия билан савдода асосий муаммо бўлиб қолади. Айни пайтда ўзбек сўмининг кескин қадрсизланишини кутиш қийин, чунки ўзбек сўмининг курси ташқи савдо балансига қаттиқ боғланмаган.

"Бироқ, барча прогнозларнинг тўғрилиги ҳарбий ҳаракатларнинг қачонгача давом этиши ва санкцияларнинг ўзбекистонликларнинг энг кўп банд бўлган иқтисодиёт тармоқларига таъсири даражасига боғлиқ", - деб ёзади Абдулла Абдуқодиров Анҳор.уз нашридаги мақоласида.

Пул ўтказмалари камайдими?

Охирги уч ҳафта ичида рус рубли АҚШ доллари ва еврога нисбатан қарийб икки баравар қадрсизланди.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Отабек Бакиров фикрича, сўнгги ҳафталарда Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳам шунча миқдорда камайган.

“Февраль ойининг дастлабки 9 куни билан солиштирганда мартнинг 9 кунида Ўзбекистонга юборилаётган пул ўтказмалари ҳажми ўртача 2 баробаргача қисқарган.

Хусусан, Россиядан келаётган ўтказмалар ҳажми 4-5 баробаргача, Қозоғистондан келаётган ўтказмалар 40-50%гача камайган. Украинадан пул ўтказмалари келиши амалда тўхтаб қолган”, - деб ёзди иқтисодчи.

Ўзбекистон Марказий банки геополитик рисклар мамлакат миллий валютасига қандай таъсир кўрсатаётгани, Россияда рублнинг қулаши, банкларда доллар ҳамда евро сотишга чекловларнинг Ўзбекистонга пул жўнатмалари оқимига таъсири борасида бирон тадқиқот ёки статистикани эълон қилганича йўқ.

Ўзбекистондаги валюта тушумининг салмоқли қисмини четда, асосан Россияда меҳнат муҳожирлигида банд бўлган фуқаролар юбораётган маблағлар ташкил қилади.

Жаҳон банки маълумотига кўра, ўтган йил ўзбекистонлик меҳнат мухожирлари Россиядан 7 ярим миллиард доллардан ортиқ пул жўнатган. Бу 2020 йилги кўрсаткичдан 26 фоизга кўпдир.

Рус рублининг кескин қадрсизланиши ортидан Россиядаги меҳнат муҳожирлари даромадлари хорижий валюта ҳисобида деярли икки баробарга камайган.

Жаҳон банки хориждан Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми бу йил, умумий ҳисобда, 21 фоизга камайишини башорат қилмоқда.

Банк бу ҳолатни Украина инқирози сабаб Россия иқтисодиётининг чўкиши ва рублнинг кескин қадрсизланиши билан изоҳлаган.

ЖБ маълумотига кўра, ўтган йилнинг 1-3 чорагида Ўзбекистонга хориждан юборилган пул ўтказмаларининг 55 фоизи Россия ҳиссасига тўғри келган.

XS
SM
MD
LG