Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:29

Ўзбекистондаги банклар: "Валюта заҳирамиз беморлардан ортмаяпти"


Ўзбекистонда банклардан хорижга чиққанда фойдаланаладиган конверсион тўлов карталарини олиш ўта қийинлигича қолмоқда. Банкларда одамлар карта олиш учун ойлаб навбат кутишаётганини айтишади. Айрим банклар конверсион карталарни беришни вақтинча тўхтатган. Банк мулозимлари бунинг сабабини Ўзбекистонда валюта заҳирасининг камлиги билан изоҳламоқда.

Тошкентдаги “KDB Bank Uzbekistan”нинг мижозларидан бири Озодлик билан суҳбатда чет элга чиқиш учун зарур бўлган халқаро VISA картасини уч ойдан буён ололмай сарсон бўлаётганини айтди.

– Ҳамма ҳужжатларни топширганман, телефон қилиб турасиз, жавобини айтамиз, дейишганди. Ҳар куни телефон қиламан, жавоб йўқ, - дейди исми сир қолишини истаган “KDB Bank Uzbekistan”нинг мижози.

Озодлик суриштируви давомида Тошкентдаги бир неча бошқа банклар ҳам мижозларга халқаро VISA карточкаси беришни тўхтатганини тасдиқлади.

Тошкентдаги “Капиталбанк” акциядорлик тижорат банкининг ўзини таништирмаган мулозими Озодлик билан суҳбатда мижозларга халқаро VISA карталари бериш вақтинча тўхтатилганини айтди:

- Ҳозир биринчи навбатда чет элга ўқишга кетаётган, даволаниш учун хорижга отланаётган беморларга беряпмиз, - деди “Капиталбанк” мулозими.

Ўзбекистонда валютани эркин сотиб олиш имкони бўлмагани боис, хорижга сафар қилаётган фуқаролар тижорат банкларида банк тўлов карталарини очиб, икки минг АҚШ долларигача миқдорда нақдсиз валюта сотиб олиш имконига эга эди.

Лекин, банкларда валюта йўқлиги сабабли одамлар бу имкондан маҳрум бўлмоқда.

Ўзбекистон банк тизимидаги Озодлик манбаси айрим тижорат банкларида ҳақиқатан конверсион карталар беришга чеклов борилигини тасдиқлар экан, бу мамлакатнинг иқтисодий аҳволига, экспортга ва унга кириб келаётган валютага боғлиқлигини айтди.

- Тижорат банклари валюта захирасини асраш учун шундай чора кўришмоқда, - деди манба.

Айни пайтда конверсион картани олган мижозлар ҳам ундан тўлиқ фойдаланолмаяпти.

Уч ой аввал Ўзбекистон банклари конверсион карталардан нақд пул ечиб олишга чекловлар ҳам жорий этган эди.

Ўша чекловларга биноан, Ўзбекистон банкларининг конверсион карталаридан бир ойда 300 АҚШ долларидан ортиқ пул ечиб олиб бўлмайди.

Ўзбекистон фуқаролари конверсион карталар ёрдамида хорижий валютани давлат курси бўйича олиб, хорижий давлатларда фойдаланиб келишган.
Ўзбекистон фуқаролари конверсион карталар ёрдамида хорижий валютани давлат курси бўйича олиб, хорижий давлатларда фойдаланиб келишган.

Кундуз кунги лимит эса 100 АҚШ доллари қилиб белгиланди.

Бундан ташқари Хитой, Туркия ва Бирлашган Араб Амирликларининг кўплаб терминалларида Ўзбекистон банкларининг конверсион карталари қабул қилинмайди.

Бу карталар тужжорлар тарафидан суиистеъмол қилиниши олдини олиш учун Марказий банк шундай чорани қўллашга мажбур бўлган, афтидан.

Тошкентлик ҳуқуқ фаоли Шоира Саидбекова Озодлик билан суҳбатда тужжорлар дастидан даволаниш учун Ҳиндистонга, Исроилга кетаётганлар бу имтиёздан фойдалана олмаётганини айтади.

- Озгина бўлса ҳам енгил бўлсин деб, давлат нархида валюта олишга ҳаракат қилишади, лекин улар ҳам конверсион карталар ололмай ойлаб навбат кутишмоқда, - деди у.

Содиқбековага кўра, етарли валютани давлат курсида ололмаётгани сабабли жарроҳлик амалиёти учун Ҳиндистонга боролмаяпти.

Саидбекованинг айтишича, у конвертация сўраб мурожаат қилган Тошкентдаги банкларнинг деярли барчаси “бизда валюта йўқ, имконият йўқ, бошқа банкка мурожаат қилинг” деб жавоб қайтарганлар.

- Ҳиндистондаги юракни даволайдиган клиника жарроҳлик амалиёти учун 10 минг АҚШ доллари талаб этишган. Лекин Ўзбекистон банклари турли сабабларни рўкач қилиб даволаш учун йиғилган ўзбек сўмларини долларга алмаштиришмаяпти, - дейди Саидбекова.

Ўзбекистонда хориж валютасининг расмий ва “қора бозор” курси ўртасида катта фарқ бўлиб келган.

Кузатувчиларнинг айтишларича, Ўзбекистон мустақил ҳамдўстлик давлатлари орасида ягона шундай давлат бўлиб қолмоқда.

Шу кунларда Ўзбекистон Марказий банкининг 20 сентябрда белгилаган 1 АҚШ долларининг сўмга нисбатан расмий курси 3005 сўм. Тошкент “қора бозорида” эса бир АҚШ доллари 6500 сўмдан сотиб олинмоқда.

Чет эл валютасининг икки хил курси муайян доиралар томонидан сақланиб келаётгани, бундай ҳолат айнан ўша доиралар учун улкан миқдорда мўмай даромад олиш имконини яратиши тўғрисида молия соҳаси мутахассислари ва ҳар нарсадан хабардор оддий ўзбекистонликлар йиллардан баён айтиб келади.

XS
SM
MD
LG