Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:48

Ўзбекистонда ҳукумат буюртмасига кўра фермерлар эккан ошқовоқ омборларда чиримоқда


Жорий йил бошида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг топшириғи билан ерларига ошқовоқ эккан фермерлар, етиштирган ҳосилини сотолмай сарсон бўлмоқда. Бу ҳақда Озодликка хабар берган фермерларнинг айтишича, тайёрлов идоралари омборлар тўлиб қолганини рўкач қилиб, аксарият фермерларнинг ошқовоғини сотиб олишдан бош тортмоқда. Фермерларга мажбуран ошқовоқ эктириш кампанияси баҳорда марҳум президент Ислом Каримовнинг мева-сабзавот экспорти бўйича Россия билан тузган шартномасидан сўнг бошланган эди. “Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси бошқарма бошлиғи​ ошқовоқ етиштириш ишига ҳисоб-китобсиз киришилганини тан олди.

Бу йил республика миқёсида қанча ошқовоқ етиштирилгани ҳақида статистик маълумот йўқ. Лекин, фермерлар бу йил 2 тоннадан тортиб 40-50 тоннагача ошқовоқ етиштирганини айтадилар.

Фарғона вилоятининг Фурқат туманида фермерлик қилаётган Очил Бегматовнинг айтишича, ҳукуматнинг буюртмаси билан у етиштирган ўнлаб тонна ошқовоқ ҳам харидорсиз қолди:

- Бошида килосини 350 сўмдан оламиз дейишганди. Ерларнинг чеккасига роса экувдик. Менинг ҳисобимча, 5 гектар ерга ошқовоқ эккандим. Аввал 10 тонначасини сотиб олди. Бошқа олмай қўйди. Ҳозир менинг ўзимда 40 тоннача ошқовоқ бор. Уйимдаги омборларга 20 тоннаси ётибди, хирмонга ҳам 20 тоннадан кўп тўкиб ташлаганмиз. Олмади бошқа, спирт заводга ҳам бордик, олмади. Чириб ётибди. Ҳайф бўлмасин деб молларга едиряпмиз, деди Очил Бегматов.

Фермер, ошқовоқдан қарийб 40 миллион сўм зарар кўрганини айтади:

- Бозорда ҳам тиқилиб кетган. Ҳамма экувди-да. Донасини минг сўмдан ҳам олмаяпти. Ўзимизнинг ҳам айбимиз бор. Шартнома тузилаётганда неча тонна олиши, қанчадан олиши ёзилмаган. Биз ҳам қўрққанимиздан айтмаганмиз. Лекин бошида экавер, биз сотиб оламиз деб, ваъда беришди. Қанча меҳнат кетди, қанча харажат бўлди. Оқибат эса бундай. Фермерларнинг аксарияти ҳосилини сотолмай қолди, ҳосил чириб кетяпти, деди Очил Бегматов.

Тошкент вилоятининг Янгийўл туманидаги исми сир қолишини сўраган фермерлардан бирининг айтишича, тумандаги фермерларнинг тахминан ярми ҳосилини сотолмай қолган:

- Эрта баҳордан ҳаммага мажбуран ошқовоқ эктирди. “Ғалла-Алтег” корхонаси билан шартнома қилдиришди. Кейин эккан-экмаганлигини роса текширишди. Биз ҳам кўп қатори экдик. Мана ҳозир ҳамма фермерларнинг уйларида, молхоналарида сасиб ётибди. Ҳеч ким олмаяпти. Тахминан ярим фермерларникини килосини 345 сўмдан олишди. Кейин “Ғалла-Алтег”га олиб борсак, бошқа керак эмас, омборларимиз тўлди, қайтариб олиб кетинглар, дейишди. Юзлаб фермерлар меҳнатларига куйиб қолишди. Биз ҳам энди ошқовоқларни молга едиряпмиз, деди фермер.

Жорий йилнинг апрель ойида Ўзбекистон марҳум президенти Ислом Каримов Россия билан мева-сабзавотни экспорт қилиш ҳақидаги шартномани имзолаганидан сўнг, бутун республика бўйлаб сабзавот, полиз экинлари экиш кўпайтирилган эди.

Жумладан бутун республика бўйлаб, апрель-май ойларида фермерларга мажбуран ошқовоқ эктириб чиқилди.

Ўшанда Андижон вилояти ҳокимлиги мулозими Озодликка ошқовоққа ҳукумат эътибор қаратганини айтган эди:

“Ҳар бир вилоятда ошқовоқни пюре қиладиган МЧЖлар тузиляпти. Катталар "сенлар ошқовоқни етиштириб бер, қолгани билан ишинг бўлмасин", дейишяпти. Шунинг учун бутун вилоят ошқовоқ экишга сафарбар этилган”, деган эди ҳокимлик мулозими.

Аммо, йил охирига келиб, ўзбекистонлик фермерлар ҳукумат ўз ваъдасида турмаганидан, буюртмага кўра етиштирилган ошқовоқ ҳосилини сотиб олишдан бош тортаётганидан шикоят қилмоқда.

“Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмасининг бошқарма бошлиғи Ниғматжон Аҳмаджонов Озодлик билан суҳбатда фермерлар ошқовоғини бир эмас, бир неча ташкилот сотиб олиши лозимлигини айтади:

- Бизга керакли бўлган ошқовоқни биз захирага олиб, омборларга сақлаб қўйдик. Биздан ташқари “Ўзбекозиқовқатсаноатхолдинг”, “Ўзагроэкспорт” ташкилотлари бор. Улардан биринчиси маҳсулотни олиб, қайта ишлаши керак. Иккинчиси ҳам қайта ишлаб, экспорт қилиши керак. Биласизми, бу йил биринчи йил бўлгани учун фермерлар билан қайси ташкилот қанча олиши ҳақида аниқ келишилгани йўқ. Лекин, ҳозирги биринчи вазифа деҳқонларнинг маҳсулотини олиш ва уни қайта ишлашга топшириш керак. Деҳқон ҳам меҳнатига куйиб қолмасин. Биз ўзимиз ташкилотимиз доирасида, бу масалани яна кўриб чиқамиз, яна қанча захира қилиш имкониятимиз бўлса, қиламиз. Лекин, маҳсулотни қайта ишлайдиган бошқа ташкилотлар ҳам бу билан шуғулланиши керак”, деди Ниғматжон Аҳмаджонов.

“Ўзбекозиқовқатсаноатхолдинг” ва “Ўзагроэкспорт” уюшмаларидан бу масалага муносабат олишнинг имкони бўлмади.

XS
SM
MD
LG