Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:50

Ўзбек паралимпиячилари "Олимпия стипендияси"ни ололмаяпти


Токиодаги мусобақаларда ўзбекистонлик паралимпиячилар 8 та олтин, 5 та кумуш ва 6 та бронза, жами 19 та медалга сазовор бўлди.
Токиодаги мусобақаларда ўзбекистонлик паралимпиячилар 8 та олтин, 5 та кумуш ва 6 та бронза, жами 19 та медалга сазовор бўлди.

Ўзбекистон паралимпия жамоаси спортчилари ва мураббийлари уч ойдан буён уларга берилиши лозим бўлган стипендия пуллари берилмаётганидан шикоят қилмоқда.

Спортчиларга кўра, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси халқаро мусобақалар ғолибларига ажратган махсус пуллар августдан бери берилмаётир.

Озодликка боғланган спортчиларга кўра, стипендия берилмагани сабаб моддий томондан қийналган спортчилар киракашлик қилиб рўзғор тебратишга мажбур бўлмоқда.

Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси мулозимларига кўра, смета-ҳужжатлари тайёр бўлиши билан спортчиларга пулларини бериш режаланган.

Озодликка боғланиб, стипендия муаммоси ҳақида гапирган паралимпиячи спортчилар мусобақалардан четлатилиш хавфи сабаб исм-шарифларини ошкор қилмасликни сўрашди.

“Бизда тартиб шундай: Ким Осиё ўйинларида ютса, кейинги Осиё ўйинларигача, ким жаҳон чемпионатида ютса, кейинги жаҳон чемпионатигача, ким олимпиада мусобақаларида ютса, кейинги олимпиадагача махсус стипендия олиши керак. Бу пул миқдори ҳар кимга ҳар хил. 4 миллион сўмдан бошланади. Олтин медал олганлар 30 миллион сўмгача стипендия олишади. Биз буни “Олимпия стипендияси” деймиз. Шу стипендия пулларини охирги марта июль ойининг охирида беришди. Августдан бери берилмаяпти”, -деди аноним қолиш шарти билан гапирган спортчи йигитлардан бири.

Бошқа бир паралимпиячига кўра, у стипендия пуллари берилмагани боис киракашлик қилиб тирикчилик қилмоқда:

“Рўзғор шу “Олимпия стипендияси” орқасидан эди. Пулларимизни бермай қўйгач, мажбурликдан таксистлик қиляпман. Ҳам тренировкаларга бораман, ҳам таксистлик қиламан. Битта мен эмас, бошқа паралимпиячилар ҳам таксистлик қиляпти. Биттаси тренировкадан кейин нонвойлик қиляпти. Вилоятлардаги спортчиларга янаям қийин. Улар Тошкентга етиб кела олмаяпти. Уйида ўтириб қолган спортчилар ҳам бор. Шунинг учун ҳам бизнинг спортчилар ё спортни ташлаб кетади, ёки чет эл клубларига кетиб қолади. Чунки Ўзбекистонда спортчининг қадри йўқ”.

Озодлик билан суҳбатда ўнга яқин паралимпиячи спортчи стипендия пуллари берилмагани боис қийналиб қолганини айтишди.

“Федерация раҳбарлари “пул йўқ” деган гапни айтяпти. Пулимизни кейинги йилнинг феврали ёки март ойида берармиш. Ярим йил кутишимиз керак экан. Медал ололмаганлар бор, олимпиада арафаси коронавирус бўлиб, олимпиадага бора олмаганлар бор, бориб, ўша ёқда коронавирус бўлиб, мусобақаларда қатнаша олмаганлар бор. Буларнинг ҳаммасини четлаб қўйяпти. Фақат медал олган спортчи одаму, медал олмаганлар одаммасми?",- деди спортчилардан бири.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон ва Осиё чемпионатлари ҳамда халқаро мусобақаларда юксак натижаларга эришган спортчиларга махсус стипендия тайинлаган.

Озодликка тақдим қилинган ҳужжатларга кўра, Миллий Олимпия қўмитаси стипендия учун маблағни хайрия пуллари ҳисобидан ажратади. Қўмита спортчилар ва мураббийларга Республика комиссияси белгилаган миқдорларда стипендиялар кўринишида ойлик тўловлар тайинлайди.

Ўзбекистон Солиқ кодексига мувофиқ, спортчилар ва мураббийларга тўланадиган стипендияларга ягона ижтимоий тўлов ва суғурта бадаллари ҳисобланмайди.

Озодлик билан суҳбатда мураббийлар ҳам стипендия пулларини ололмаётганини айтишди.

“Мураббийларга спортчига тайинланган стипендия пулининг ярми берилади. Агар битта мураббийнинг бир нечта спортчиси ғолиб бўлса, энг кўп стипендия оладиган спортчининг пулига қараб, мураббийга стипендия тайинланади. Биз ҳам худди спортчиларимиз сингари “Олимпия стипендияси”ни уч ойдан бери ололмаяпмиз”,- деди паралимпиячиларнинг мураббийларидан бири.

Бошқа бир мураббий эса спортчилар машғулотлардан сўнг пул ишлаш учун турли юмушларга қўл ураётганини тасдиқлади:

“Пулнинг берилмаётгани спортчиларимизнинг кайфиятига ёмон таъсир қиляпти. Чунки моддий муаммоси бор спортчи, мусобақаларга тўлақонли тайёрланишни эплай олмайди. Тезроқ машғулотларни тугатишни ва бошқа жойдан пул ишлашни ўйлайди. Ҳақиқатдан ҳам машғулотлардан кейин айрим спортчилар қўшимча ишлаб, пул топяпти. Бу уларнинг жисмоний тайёргарлигига ҳам таъсир қиляпти. Айримлари дам олмасдан эртасига машғулотларга келяпти”.

Миллий Паралимпия терма жамоаси спортчиси Маъруфжон Муродуллоев номидан мустақил Eltuz нашрида ҳам “олимпия стипендиялари” билан боғлиқ хабар чоп қилинди.

“Мен Муродуллоев Маъруфжон Миллий Паралимпия терма жамоасида кўп йиллардан бери спортчиман. Кўплаб халқаро мусобақаларда юртимиз шарафини ҳимоя қилиб келяпман. Уч карра Параосиё ўйинлари чемпиони ва рекордчисиман. Осиё ғолибларига Олимпия маоши берилади. Ҳукумат қарори билан белгилаб қўйилган маошни август ойидан буён беришмаяпти. Сўрасам, бўлди, сизга бунақа ойлик берилмайди, январ ойидан кўриб чиқамиз, дейишяпти”,- дейилган хабарда.

Паралимпиячи спортчиларга кўра, Муродуллоев ушбу хабардан сўнг босим остида қолган ва ундан хабарни инкор қилиш талаб қилинган.

“Шунинг учун ҳам биз исмимизни айтмаяпмиз. Маъруфни жуда ёмон қилишди. “Мен ёзмадим, менинг нонимдан кимдир ёзган. Бизда бунақа муаммо йўқ” деб чиқасан деб талаб қилишди”,- дейди спортчилар.

Озодлик мухбири Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси мулозимлари билан боғланди.

Мулозимлардан бири “олимпия стипендиялари” билан боғлиқ муаммони яширишга уринди:

“Ҳеч қандай муаммо йўқ. Бу каби мақолани ёзиб, спортчиларимиз руҳиятини тушириш яхши эмас. Сиз ёзма равишда мурожаат қилинг. Қўмита ўрганиб чиқиб, жавоб беради”.

Аноним қолиш шарти билан гапирган қўмитанинг бошқа бир ходими эса “олимпия стипендиялари” билан боғлиқ муаммони тан олди:

“Олимпия ўйинларига тайёрланаётган терма жамоа вакилларини рағбатлантириш учун тўланадиган стипендия бу. Тўлашдаги узилиш олдин ҳам бўлган. Лекин ўшанда спортчилар тўпланиб қолган пулларини биттада кўпгина қилиб олишган. Ҳозир смета ишлаб чиқиляпти. Ҳужжатлар тайёр бўлиши билан пул берилади”.

Икки йил аввал бокс бўйича Рио-2016 Олимпия ўйинлари совриндори Рустам Тўлаганов ҳам “олимпия стипендияси”ни 3 йил давомида олмаганидан шикоят қилганди.

Жорий йил ёзида Олимпиада йўлланмасини қўлга киритган ўзбекистонлик енгил атлетикачилар президент қарорида белгиланган рағбат пули берилмаганига норозилик билдиришган эди.

Токиода 24 августдан 5 сентябргача ўтган навбатдаги Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон 162 давлат орасида 16-ўринни эгаллади.

Ўзбекистон жамоаси мусобақаларда 8 та олтин, 5 та кумуш ва 6 та бронза, жами 19 та медалга сазовор бўлди.

“Бу кўрсаткич Осиё жамоалари (Хитой, Япония ва Эрондан сўнг) ва МДҲ мамлакатлари (Россия, Украина ва Озарбайжондан кейин) орасида тўртинчи, Марказий Осиё ва Туркий халқлар орасида биринчи бўлди”,-дейилади Миллий Олимпия Қўмитаси баёнотида.

Рио-2016 Паралимпия ўйинларида ҳам Ўзбекистон 8 та олтин медаль билан умумжамоа ҳисобида 16-ўринни эгаллаган эди.

Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон жамоасининг 48 нафар спортчиси 8 спорт тури бўйича иштирок этди.

Паралимпия ўйинларида олтин медаль олган спортчиларга 200 минг доллар, 3 хонали уй ва Tahoe автомобили; кумуш медаль совриндорларига 100 минг доллар, 2 хонали уй ва Traverse автомобили; бронза медаль эгаларига 50 минг доллар, 2 хонали уй ва Trailblazer автомобили топширилди.

Ўзбекистон олимпиадачиларига ажратган пул мукофоти миқдорининг кӯплиги бўйича дунёда бешинчи ўринда туради. Бунга қўшимча спортчилар машина ва уй билан ҳам тақдирланган. Бошқа давлатлар ӯз чемпионларига фақат пул мукофоти бериш билан чекланди.

Олимпиада 2021: Каримов Ӯзбекистони "Янги Ӯзбекистон"дан кучлироқ бӯлди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:52 0:00

Чемпионларни тақдирлаш бӯйича рӯйхатнинг энг тепасида бўлган Сингапур олтин медал олган олимпиадачисига 738минг АҚШ доллари ажратди.

Лекин Сингапурда ўртача маош 4 ярим минг долларни ташкил қилади, Ӯзбекистонда эса атиги 263 доллар.

Ўртача иш ҳақи 628 доллар бўлган Россия ҳам ўз чемпионларига Ўзбекистондан анча кам мукофот берди: 54 минг доллар.

Дунёдаги энг бой давлатлардан бири АҚШ Олимпиадада олтин медал олган спортчини 37,5 минг доллар билан мукофотлади.

Буюк Британия, Норвегия, Янги Зеландия сингари давлатларда эса Олимпиада совриндорларига умуман мукофотлар берилмайди.

Мукофотлар миқдори, яъни пулга қўшимча машина ва уй сингари совғалар ҳисобга олинса, дунёдаги деярли ҳеч қайси давлат Олимпиада ғолибларини Ўзбекистончалик тақдирлагани йўқ.

XS
SM
MD
LG