Ўзбекистонда зиёлилар ўзбек тилининг мавқеъидан хавотир билдираётган бир пайтда Тошкентнинг Рус тили бўйича халқаро ташкилотга қўшилишига қанчалик зарурат бор эди?
Рус тили бўйича ташкилот нима ва у бошқа мамлакатларнинг мустақиллигига, халқаро майдондаги мавқеига қандай таъсир кўрсатади?
Айни дамда, Анқара туркий давлатларни ягона алифбога ўтишга ундамоқда. Рус тили ташкилоти ва туркий алифбо масаласида зиддият туғилиши мумкинми? Марказий Осиё Кремлнинг таъсирида қоладими ёки туркий бирликка интиладими?
Марказий Осиё ва рус тилининг таъсири
Минтақадаги президентларнинг рус тилида сўзлашиши ажабланарли эмас — у Совет Иттифоқидан қолган мерос. Қолаверса, рус тили Кремлнинг минтақадаги таъсирини мустаҳкамлаш воситасига ҳам айланган.
Лекин бу Москва учун етарли эмас. 2022 йилда Рус тили бўйича ҳалқаро ташкилотни таъсис этиш олға сурилган. Ушбу шартномага Ўзбекистон ҳам қўшилди. Тегишли қонунни президент Шавкат Мирзиёев имзолади.
Ўзбекистоннинг Рус тили бўйича халқаро ташкилотга қўшилиши айримлар учун мулоқот ва ўзаро ҳамкорлик учун бир қадам бўлса, бошқалар учун эса суверенитет масаласида жиддий саволларни ўртага чиқаради.
“Мустақиллик битта бизда эмас, дунёнинг барча мустамлакачи давлатларида тилдан бошланган. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам. Тилимиз юридик жиҳатдан мустақил бўлди. Амалий жиҳатдан ҳали мустақилликка эриша олмаган тил учун – Ўзбекистондаги ўзбек тилининг мавқеи учун бу (Рус тили бўйича ҳалқаро ташкилот) жуда катта салбий таъсир қилади. Чунки биз ҳали рус тилининг таъсир доирасидан чиқиб кета олганимиз йўқ”, - дейди тилшунос олим Бахтиёр Исабек.
Рус тили бўйича халқаро ташкилотни тузиш таклифини 2022 йилнинг октябрида Остонада ўтказилган Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига (МДҲ) аъзо мамлакат раҳбарлари саммитида Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билдирган.
Роппа-роса бир йилдан кейин, 2023 йилнинг 13 октябрида Бишкекдаги саммитда ташкилотни тузиш ҳақида шартнома имзоланган.
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ҳомийлигидаги ташкилот рус тилида сифатли таълимни қўллаб-қувватлаш, “Рус тили ва адабиёти” ҳамда “Рус тили чет тили сифатида” йўналишлари бўйича педагогларни, илмий кадрларни тайёрлашга кўмаклашиши айтилган.
“Қандайдир тил бўлмасин, уни ривожлантириш учун рақобатбардошлигини ошириш керак. Ҳеч қанақа қонун билан, давлаталараро шартномалар билан унинг нуфузини, ўрнини, мавқеини сақлаб қолиш жуда қийин. Агар тил рақобатбардош бўлмаса, ана шу тилни билган одам ўзига маънавий, иқтисодий имтиёзлар ола олмаса, одамлар бу тилни ўрганишга қизиқмайди. Давлат раҳбарлари кўпроқ шу ҳақида қайғурса, тўғрироқ бўларди”, - дейди қирғизистонлик таҳлилчи Абдумўмин Мамараимов.
Рус тили бўйича халқаро ташкилотни таъсис этиш тўғрисидаги шартномани аввалроқ Россия, Беларус, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Озарбайжон ҳам ратификация қилган.
Ушбу битимни ратификация қилишга доир қонун ҳужжати Ўзбекистонда фавқулодда тезкорлик билан қабул қилинди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳужжатни 2024 йилнинг 18 октябрида қабул қилган бўлса, Сенат 24 октябрь куни маъқуллаган. Президент 31 октябрь куни унга имзо чекди.
Сал аввалроқ, 8 октябрь куни Москвада бўлиб ўтган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигидаги президентлар учрашувида Россия президенти Владимир Путин Халқаро рус тили ташкилотига доир шартномани тезроқ ратификация қилинишини кутаётганини айтганди.
Таҳлилчиларга кўра, рус тилини жаҳон миқёсида кенг тарғиб-ташвиқ этиш Путин олиб бораётган сиёсатнинг таркибий қисмига айланган. Янги ташкилот ҳам Кремлнинг империячилик сиёсатига хизмат қилиши борасида хавотирлар мавжуд.
“Бу ташаббуснинг Марказий Осиё давлатлари билан Россия ўртасидаги муносабатларга таъсири хақида айтадиган бўлсак, бу албатта янги саволларни ўртага чиқариши аниқ. Россия “ўзиники” деб ҳисоблаб келган минтақани бировга бериб қўйишни истамайди, таъсири камайиб кетишига қарши чиқади. Бугунги кунда Россия ўзи учун янги дунёни қуришда, имкон қадар кўпроқ ҳамкорларни қидираётган пайтда, аввалги ҳамкорлари билан алоқаларни нафақат сақлаб қолиш, балки кучайтиришда, ана шу давлатларга қандайдир ён беришга ҳам мажбур эканини билиб турибди-да”, - дейди Мамараимов.
Россиянинг Рус тили бўйича ҳалқаро ташкилотдаги роли ва унинг таъсирини баҳолашда экспертлар бир неча муҳим жиҳатлар борлигини таъкидлашади ва буни учга бўлиб қараса бўлади.
- Геосиёсий таъсир ва тил воситасида назорат.
Рус тилини глобал миқёсда кенг тарғиб қилиш орқали Россия геосиёсий таъсир доирасини кенгайтириш ва собиқ совет давлатлари ичида бошқарувни кучайтириш мақсадини кўзлаши мумкин. Бу ҳолатда тил фақат мулоқот воситаси эмас, балки Россиянинг сиёсатини мустаҳкамлаш қуроли сифатида қаралади.
- Идеологиянинг жорий қилиниши.
Ушбу ташкилот орқали Россия ўзининг маданий ва сиёсий қадриятларини бошқа давлатлар таълим тизими ва маданиятига сингдиришга ҳаракат қилиши мумкин. Экспертлар буни мустақил давлатлар учун ўзликни сақлаб қолишда маълум бир хавф, дея баҳолашади.
- Иқтисодий қарамлик ва имтиёзлар орқали босим.
Рус тилини тарғиб қилишга қаратилган ташкилот орқали Россия бошқа давлатларнинг сиёсатини ўз манфаатига мувофиқ йўналтириши мумкин, деган тахминлар бор. Бундан ташқари, Россиядан келувчи сармоялар ва ёрдам шартлари орқали рус тили ва маданиятига кўпроқ ўрин берилишини талаб қилиши эҳтимоли мавжуд.
Тилшунос Бахтиёр Исабек айни дамда Россиянинг Украинадаги босқини ортида ҳам тил сиёсати турганини ёдга олди:
“Уруш нимадан бошланганини эътиборга олинг.“Рус тиллилар сиқувга олинди” дегандан бошланди. Украин тили Украинада ягона давлат тили бўлишини булар кўтара олмади. Чунки, рус тили бўлиши керак эди, лоақал ёнида. Украинлар бунга кўнмади. Унинг орқасидан бошқа масалалар келиб чиқа бошлади. Шунинг учун тил масаласига сиёсий нуқтайи назардан ҳам катта эътибор керак бўлади. Географик жиҳатдан олиб қараганда, рус тилининг қўлланиш доираси Россиянинг ўзидан бошқа деярли ҳамма жойда қисқариб боряпти. Шундай шароитда албатта улар тил фронтини ҳам очган”.
Бишкеклик таҳлилчи Руслан Ақматбек масаланинг бошқа томонига эътибор қаратади:
“Марказий Осиё давлатларининг барчаси “бўлди, рус тилидан воз кечамиз, инглиз тилига ўтамиз” дея олмаслигини тушуниб турибди. Сабаби, Россиянинг таъсири ҳалиям кучли. У давлат қанақа абсурд ишларга боришини ҳам кўришди. Шунинг учун Рус тили бўйича ҳалқаро ташкилот таъсис этишни мен дипломатик қадам, деб биламан. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигидаги мамлакатлар “Биз рус тилини қўллаб- қувватлаймиз” дегани билан, ушбу ташаббусни русларга беришни исташмагандек. Уни Қозоғистон таклиф этгани ҳам бежиз эмас. Бунда рус тили фақат Россияга тегишли эмаслигини кўрсатиш каби бир маъно ҳам бор. Яъни, тилга оид талаблар фақат битта давлат томонидан илгари сурилавермасдан, бошқа мамлакатларнинг манфаатлари ҳам ҳисобга олина бошлайди”.
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида рус тилининг нуфузини кўтаришга ҳаракати Россияда мигрантларга талаблар кучайтирилган, жумладан, уларнинг рус тилини билиши ва маданиятини ҳурмат қилиши шарт қилиб қўйилган паллага тўғри келмоқда.
Россия Давлат Думаси раиси Вячеслав Володин 13 ноябрдаги йиғинда буни қуйидагича тушунтирганди:
“Мамлакатимизга келаётган мигрантлар, биринчидан, қонунларимизга риоя қилиши, маданиятимизни ва рус тилини билиши муҳим. Бу сизлар билан ҳал қиладиган вазифамиздир. Биз мигрантларнинг фарзандларини мактабга қабул қилиш борасида ҳукуматнинг ёндашувларини мувофиқлаштиришга ҳаракат қиламиз. Биз уларни мактабга тайёрлашимиз керак: рус тилини билиш учун тест ва имтиҳонларни топширгандан сўнг, уларга ўқишга рухсат берилиши мумкин”.
Аввалроқ Владимир Путин рус тилини билмайдиган мигрантларнинг болалари билан ишлаш учун йўриқнома ишлаб чиқишни топширган эди.
Шунингдек, у рус тили ва Россиядаги бошқа миллатлар тилларини қўллаб-қувватлаш учун давлат сиёсати доирасида мигрантлар учун рус тилини билиш талабларини аниқ белгилаш кераклигини айтган.
“Агар Россия чинакамига рус тилининг нуфузини, ўзининг таъсирини сақлаб қолишни истаса, Россияда юрган миллионлаб марказий осиёлик муҳожирларга одамча шароит яратиб бериши керак. Ҳозир бунинг акси бўляпти. Қабул қилинган қарор, тузилган ташкилот бир тийинга қиммат. Агар меҳнат муҳожирлари камситилиб, қувғин қилиниб, беҳурмат қилинаверса, ҳеч қандай шартнома, ташкилот тузиш билан тилнинг нуфузини сақлаб қолиб бўлмайди. Одамлар инглиз тилини, немис тилини ўрганишни бошлайди, чунки ҳозир Европа меҳнат муҳожирларига қучоғини очяпти”, - дея фикрини билдирди таҳлилчи Мамараимов.
Анқара билан Москва минтақа талашадими?
Рус тили бўйича ҳалқаро ташкилотни қонунлаштириш амалга оширилаётган айни дамда туркий давлатлар ўртасида ягона алифбо тузиш таклифи ҳам кун тартибига қўйилган.
Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон каби давлатлар ушбу икки ташаббуснинг марказида. Бундай ёндашувнинг минтақадаги таъсири қандай бўлади?
Шимолий Кипр Яқин Шарқ университети доценти Асел Тутумлу шундай дейди:
“Менимча, Туркий давлатлар ташкилоти ҳеч қандай тарзда Россияга қарши эмас. Россия ўз манфаатларини бошқа шаклларда мукаммал тарзда кузатиб бориши мумкин. Биз Россиянинг минтақа иқтисодиётига, хусусан, энергетика, газ ва уран соҳаларига инвестициялар бўйича жуда катта таъсири борлигини биламиз. Россия халқаро ёки минтақавий ташкилотлар орқали таъсир ўтказиши шарт эмас. Уларсиз ҳам минтақада у ўзини ажойиб ҳис қилади”.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 6 ноябрь куни Бишкекда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти саммитидаги нутқида ягона туркий ёзувнинг аҳамиятини урғулаган.
“34 ҳарфдан иборат умумий алифбомиз келажакни биргаликда қураётганимиздан далолатдир. Энди иштирокчи давлатлар ушбу алифбо асосида керакли ишларни амалга оширишлари лозим. Туркия, Озарбайжон, Шимолий Кипр ягона туркий алифбога ўтишга тайёр. Қирғизистон, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистон ҳам янги алифбога ўтиш йўлини тутса, мақсадга мувофиқ бўларди”.
Ягона алифбо бўйича мунозаралар 1990-йиллар бошларида, Совет Иттифоқи парчаланганидан сўнг Туркия Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Ўзбекистон каби туркий давлатлар билан яқинроқ алоқалар ўрнатишга интилган пайтда бошланган.
Таҳлилчи Мамараимов буни тарихий зарурат, деб ҳисоблайди.
“Шу ташаббус кўтарилиб, Эрдўғоннинг нутқидан кейин россиялик блогерлар, одамлар орасида “Туркия Марказий Осиёда таъсирини оширмоқчи, Россиянинг манфаатлари нима бўлади, Россия минтақани бой берадими, деганга ўхшаш нарсалар айтиляпти. Ҳоҳласак, ҳоҳламасак, бу тарихий жараён. Бўлиши керак. Бўлади ҳам. Лекин бу ерда ҳам Туркия томони, ҳам Россия томони ўзаро манфаатли йўлларни топиб, муносабат қилади, деган умиддаман”.
34 ҳарфли ягона ёзувнинг якуний вариантини тайёрлаган олимлар бу алифбо туркий тилларнинг ўзига хос хусусиятларини акс эттиришини таъкидлашади.
“Алифбо – Туркий давлатлар ташкилоти ичида мавжуд бўлган зиддиятларнинг жуда яхши тасвиридир. Ташкилотда, мен кўрганимдек, манфаатлар ҳар доим ҳам мос келмайдиган иккита катта лагер мавжуд. Бир томонда Туркия ва Озарбайжон, улар асосан умумий позицияга эга. Қозоғистон ва Қирғизистоннинг позицияси бироз бошқача, Ўзбекистон эса ўртада. Эрдўғон учун маълум бир ягона ахборот майдонини яратадиган умумий алифбога эга бўлиш жуда муҳим”, - дейди Шимолий Кипр Яқин Шарқ университети доценти Асел Тутумлу.
Туркий давлатлар ташкилоти таркибига Қирғизистон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркия ва Озарбайжон киради. Туркманистон, Венгрия ва тан олинмаган Шимолий Кипр давлати мазкур ташкилотда кузатувчи мақомига эга.
“Ҳалқаро сиёсатда, ҳозирча ўзимизнинг кун тартибимиз йўқ. Афсуски, у даражага етмаганмиз. Шундай экан, Россия бўладими, Туркия бўладими, ўз манфаатларимизни ўйлаб, муштарак фойда топиш ҳаракатини кўраверамиз. Аввал дунё “кўп қутбли” эди. Ҳозир икки қутбга ажраб қолди. Шунинг учун биз тўғри йўналишни танлаб олишимиз зарур. Бизни ўз таъсирини ўтказувчи ҳудуд деб билмаган, мустамлакачи нигоҳ билан қарамаган ўлкалар билан ҳамкорлик қилаверишимиз керак”, - дейди таҳлилчи Руслан Ақматбек.
Форум