Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:03

Ўзбек мулозими Россиянинг АЭС қуриш лойиҳаси “жуда қиммат” эканидан баҳс этди


Президентлар Владимир Путин ва Шавкат Мирзиёев АЭС лойиҳасининг рамзий ишга туширилиш маросимида. 2018 йил, сентябрь.
Президентлар Владимир Путин ва Шавкат Мирзиёев АЭС лойиҳасининг рамзий ишга туширилиш маросимида. 2018 йил, сентябрь.

Ўзбекистон Россиянинг “Росатом” корпорацияси билан атом электр станциясини (АЭС) қуриш харажатларини мақбуллаштириш бўйича музокара олиб бормоқда. Бу ҳақда энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев журналистлар билан учрашувда маълум қилди.

13 июнь куни Тошкентда ўтган брифингда энергетика масъули аввал-бошданоқ Россия ширкати лойиҳа бўйича стратегик ҳамкор сифатида танлангани ва у билан изланишлар олиб борилаётганини қайд этган. У, айни чоқда, “айрим масалалар мавжуд”лигини тан олиб, таклиф этилаётган лойиҳа қиймати юқори эканига эътибор қаратган.

“Майдонча танланган, станциянинг технологияси танланган, мана шу технологияни шу майдонга мослаштириш жараёнида келиб чиққан қиймати бор. Қиймат бўйича биз ҳозирча келишувга эга эмасмиз. Чунки бизнинг назаримизда бу жуда қиммат. Лойиҳанинг қийматини оптималлаштириш керак”, дея вазир ўринбосарининг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Gazeta.uz нашри.

Хўжаев АЭС қурилишининг иқтисодий жиҳатларини муҳокама этар экан, ҳукуматнинг пировард мақсади маҳсулот бирлиги таннархини пасайтириш эканини қайд этган.

“Оддий қилиб айтганда, АЭСда ишлаб чиқарилган энергия бизга қанчага тушади? Бошқа манбаларга нисбатан рақобатбардош бўладими? Иқтисодий жиҳатдан самарадор бўлмаса, маъно йўқ. Агар йўқ бўлса, унда хулоса аниқ. Ҳа бўлса, биз буни амалга оширишимиз керак”, дейди у.

Мулозимга кўра, АЭС қуриш истагида бўлганлар кўп, бироқ ҳамкор танлашда нафақат станция қуриш омили, балки унинг 50-60 йил ишлаши, тасарруфдан чиқарилиши ва реактив чиқиндилар қандай йўқ қилиниши ҳам ҳисобга олиниши зарур.

Зиддиятли лойиҳа

Ўзбекистон ва Россия 2018 йил сентябрда АЭС қуриш бўйича ҳамкорлик тўғрисида келишув имзолаган. Унга кўра, “Росатом” ВВЭР-1200 реактор қурилмасига эга “3+” авлоддаги иккита энергоблокдан иборат мажмуа қуради. Станция Ўзбекистон бюджет маблағи ва Россия давлат кредити ҳисобидан қурилиши режалаштирилган.

Энергетика вазирлиги АЭС блоклари 2030 йилда электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг 15-18 фоизини қоплашига ваъда берган. Йирик иншоот қурилиши учун мақбул жой сифатида Жиззах вилояти Тузкон кўли яқинидаги майдон танланган.
АЭС қурилиши борасида хабарлар пайдо бўлган илк кезларданоқ жамоатчилик ва ижтимоий фаоллар лойиҳанинг нечоғли экологик хавфсиз ва сейсмик бардошли эканини муҳокама этиб келмоқда. Ҳамкор ўлароқ айнан Россиянинг танлангани ҳам эътирозли саволлар туғдиргани маълум.

Жамоатчиликнинг мурожаатларига жавобан 2021 йил ноябрь ойида ташқи ишлар вазири (ҳозирда хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари) Абдулазиз Комилов АЭС қурилиши шаффофлик нуқтаи назаридан кўриб чиқилаётгани, нафақат Ўзбекистон жамоатчилиги, балки қўшни давлатлар муносабати ҳам ўрганилишига ишонтирган.

Лойиҳа доирасида дипломатик тарангликлар кузатилганини ҳам қайд этиш жоиз. 2019 йил октябрь ойида “Росатом” бош директори Алексей Лихачев корпорация йил охиригача Ўзбекистонда АЭС қуриш бўйича асосий шартнома имзоланишини айтган. Аммо бу ҳужжат ҳозиргача имзолангани йўқ.

2020 йили Россиянинг Тошкентдаги элчиси Владимир Тюрденев АЭС қуриш бўйича икки мамлакат ўртасидаги шартнома деярли тайёр ҳолга келгани, фақат техник жиҳатлар қолгани ҳақида баёнот берган. “Ўзатом” агенлиги эса рус дипломатининг баёнотини рад этиб, ҳали келишувга эришилмаганини маълум қилган.

2021 йил декабрда Россиянинг Тошкентдаги янги элчиси Олег Мальгинов Ўзбекистонда АЭС қурилишидан хавотирда бўлган ва лойиҳага қарши чиқаётган қўшни давлатлар борлигидан баҳс этди.

“Рақобат бор, шунинг учун энг муҳими – кечикмаслик. Албатта, ҳамма нарсани ҳисоблаш керак, лекин кечикиш ҳам керак эмас. Ўйлайманки, икки давлат сиёсатчилари буни тушунади”, дея “коса тагида нимкоса” қабилида баёнот берганди ўшанда рус элчиси.

Расмий Тошкент эса, бу борада вазминликни маъқул кўраётгандек. “Ўзатом” бош директори Жўрабек Мирзамаҳмудовга ишонилса, АЭСнинг биринчи блоки 2028 йилда, иккинчи эса 2030 йилда иш туширилади.

XS
SM
MD
LG