Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:41

Блэкаут: Нон ва йўлкира нархлари ошди, тадбиркорлар иқтисодий зарарни ҳисобламоқда


Метан газ қуйиш шохобчаларининг вақтинча ёпилиши йўлкира ҳақларининг ошиб кетишига сабаб бўлган. Иллюстратив сурат
Метан газ қуйиш шохобчаларининг вақтинча ёпилиши йўлкира ҳақларининг ошиб кетишига сабаб бўлган. Иллюстратив сурат

Жорий йилнинг 25 январь куни Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистоннинг кўплаб ҳудудлари электр энергияси таъминотидан узилди. Минтақанинг ягона энергетика халқасига уланган Қозоғистон ва Қирғизистон бир неча соат ичида таъминотни қайта тиклади, Ўзбекистон ҳануз энерготизимдаги йирик авария оқибатларини бартараф этиш ишлари давом этмоқда. 27 январь куни Энергетика вазирлиги электр энергияси тўлиқ тиклангани, газ таъминоти 28 январь куни тикланишини маълум қилди.

26 январь кунги ҳукумат мажлисида техноген авария чоғида "қўлларидан ҳеч нарса келмагани"ни тан олган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев блэкаутдан сабоқ чиқаришга чақирди.

Мамлакат энерготизими чуқур инқирозда эканини айтган қирғизистонлик ҳамкасби Садир Жапаровдан фақрли Ўзбекистон раҳбари айбни тизим ёки бирон шахс зиммасига юкламади. Бундан аввал Мирзиёев мамлакат энергетика инфратузилмаси эскиргани ҳақида бир неча бор гапирган.

Расмийлар блэкаутнинг иқтисодий зарарлари ҳақида бирор рақамни эълон қилгани йўқ, айни пайтда маҳаллий аҳоли ва тадбиркорлар энерготизимдаги авариянинг иқтисодий оқибатлари билан юзма-юз қолганликларини айтишмоқда.

Андижонлик тадбиркор Ҳаётулланинг Озодликка айтишича, новвойлар газ йўқлигидан кўмирга ўтгани нон нархи кўтарилишига сабаб бўлган.

“Нарх-наво қимматлаган. Чойхона, новвойхона, магазинлардан газни узиб кетяпти. Ҳозир шунга ҳамма кўмирга ўтяпти, ўтинга ўтяпти. Йирик новвойхоналар тўхтаб турибди. Шунга нарх кўтарилиб кетяпти. Андижондаги Жаҳон бозорида 2 минг сўмлик нонлар бугун (27 январь куни-таҳр.) 3 ярим минг сўм. Катта патир арзони 15 минг сўм. Агар нон кўмирда ёпиладиган бўлса, ноннинг нархи яна ошиши турган гап”, - дейди Ҳаётулла.

Газ ва электр таъминотидаги узилишлар Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудлари учун янгилик эмас.
Газ ва электр таъминотидаги узилишлар Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудлари учун янгилик эмас.

“Йўлкира уч баравар ошди”

Ўзбекистоннинг аксар вилоятларида метaн заправкаларнинг вақтинча ишламай қолгани киракашлик қилиб кун кечирадиган одамларни қийин аҳволда қолдирган.

Газ шохобчаларидаги вақтинча чеклов шаҳар таксиси, вилоятлараро йўловчи ташиш, етказиб бериш хизматлари нархларини 20 фоизга, бази жойларда эса 50 фоизга қимматлаштиргани айтилмоқда.

“Бизнинг Андижонда таксиларнинг тўқсон фоизи газда юради. Чунки бензин қиммат. Бугун литрини 14 минг сўмдан қуйдим. Бензин ҳам қимматлади. Заправкаларда 10 литрдан ошиқча сотмаяпти. Метан газ йўқлигидан ҳозир таксичилар машинасини эгасига қайтариб беряпти. Чунки, кўпчилиги арендага олган. Юраётганлари нархни қиммат айтяпти, базилари икки-уч баравар нарх айтяпти”, - дейди Ҳаётулла.

Ўзбекистонлик блогер Дима Қаюм ҳам Фарғонада йўлкира сезиларли даражада ошганини айтди.

-Машиналар оз. Бензинда юрадиган таксистлар сабаб нарх ошиб кетяпти. Масалан, 1000 сўмга борадиган йўлга 3 мингга бормоқда. Фарғона- Риштон орасида қатнайдиган машиналар 25 минг сўраяпти. Олдин 10-15 минг сўм эди. Бу табиий ҳол. Қишлоқ таксистлари тушунтиряпти. Одамлар ўзлари билиб, тушуниб, индамай ҳаққини беряпти. Эртадан водийга метан гази берилади деган гап бор, кўрамиз”, - дейди блогер.

Ўзбекистонлик блогер Отабек Ортиқов ўзининг Телеграм-каналида метан заправкалари ёпиқлиги учун лицензиясиз ҳайдовчилар бензинда бўлса ҳам киракашлик қилишга ўтгани ҳақида ёзди:

“Метанлар ёпиқлиги учун лицензиясиз ҳайдовчилар бензинда бўлса ҳам кира қилишяпти. Бу ҳолатга ҳукумат кўз юмиб турибди ЙҲХ(ГАИ) ҳам лицензия ҳам ҳозирча ҳайдовчиларни безовта қилмаяпти. Чунки метaн заправка ишламагани ортидан таксилар камайиб, жамоат транспорт(автобус)лари деярли тўхтаб қолди.

Бошқа ҳудудларни билмадим, аммо Қашқадарёда ҳозирча вазият шундай ва буни шахсан мен нормал қабул қилдим. Метанлар ишлаб жамоат транспортлари фаолияти тўлиқ тиклангунча лицензиясиз ҳайдовчиларга тегмай туришда давом этишади деб умид қиламан”.

Фарғона вилояти Тошлоқ туманилик фермер Муҳаммаджон Қобилов Озодлик билан суҳбатда иссиқхоналари газдан узилгач, энди ҳосилга кира бошлаган лимонлари нобуд бўлиш хавфи остида қолганини айтади.

“Газ йўқ. Шундоқ ҳам парникларга газни икки баравар қиммат қилишганди. Етмиш туп лимон экиб, кредитга парник қилганман. Энди ҳосилга кираётганди, Агар газ берилмаса, нобуд бўлади. Ҳозир ҳаво унча совуқ эмас, совуқ тушса, барбод бўлади ҳаммаси. Парник кўмирга мосланмаган-да”, - дейди фермер.

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги 27 январь соат 16.00 ҳолатига мамлакат бўйлаб электр таъминоти тўлиқ тикланганини маълум қилди.

Аммо Ўзбекистоннинг аксар ҳудудлари, айниқса Тошкент вилояти ва Фарғона водийси газсиз қолмоқда.

Ўзбекистонда 25 январь куни рўй берган электр энергияси узилишлари туфайли “Ўзтрансгаз” АЖ компрессор станциялари тўхтаб қолган.

Бунинг ортидан Энергетика вазирлиги 26 январдан автомобилларга газ тўлдириш станциялари фаолиятига вақтинчалик чекловлар киритилиши, шунингдек, юридик истеъмолчиларга ҳам табиий газ етказиб бериш тўхтатилишини маълум қилди.

Блэкаутнинг қиймати

Ўзбекистонлик иқтисодчи Отабек Бакиров 26 январь куни ўзининг Телеграм-каналида газ ва электр инқирози аҳоли турмуши ва тадбиркорлар бизнесига салбий таъсири кўрсатиб улгургани ҳақида ёзди.

“Албатта, ҳали мутахассислар блэкаутнинг қиймати, иқтисодиётимизга бевосита ва билвосита етказган зарарини (улар орасида миллий энергетикамиз инфратузилма ва технологияларига етказилган шикастни бартараф этиш, дебети тушиб кетган газ ва нефть конларини яна қайта тиклаш, магистраллардаги техник босимни жойига қайтариш кабилар ҳам бор) ҳисоблаб чиқишлари учун бироз вақт керак.

Лекин бугуннинг ўзида унинг товар ва хизматлардаги қиймат оқибатларини кўришни бошладик. Пойтахтда ва вилоятларда газга мослашган қатор емакхоналар, айниқса ош ва умумий овқатланиш марказлари фаолиятини вақтинча тўхтатди. Агар вақтинча чеклов чўзиладиган бўлса, умумий овқатланиш корхоналари янги вазиятга тезроқ кўникишлари ва муқобил ёқилғидан фойдаланишни бошлашлари керак бўлади.

Газ шохобчаларидаги вақтинча чеклов шаҳар таксиси, вилоятлараро йўловчи ташиш, етказиб бериш хизматлари нархларини 15-20 фоизга қимматлаштирди. Бу фақат бугуннинг ўзида.

Новвойхоналар етказиб бераётган нон ва патирлар нархида ҳам ўзгаришлар бор.

Миллий саноатда газ ва электрни энг кўп истеъмолчиси бўлган цемент заводлари, қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар, текстиль ишлаб чиқариш циклига жиддий таъсир оқибатларини бошдан кечиради.

Паррандачилик фермалари, иссиқхоналар, лимонарийлар, озиқ-овқат маҳсулотлари цехларининг иситиш, яратиш ва етиштириш билан боғлиқ харажатлари ошади ва бу товуқ гўштидан тортиб помидоргача албатта таннархда ўтиради.

Хуллас, январь ойининг инфляцияси кутилмаган блэкаут воқелиги омилини ҳам ўз ичига олади”.

Мирзиёев блэкаут ҳақида: Осмондан тушмаган тинчлик
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:19 0:00

Газ биринчи навбатда ижтимоий соҳа объектларига берилади

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги матбуот котиби Элмира Бекмуродованинг сўзларига кўра, газ заправкаларнинг фаолиятини вақтинча тўхтатиб туришдан асосий мақсад ижтимоий соҳа объектлари, ишлаб чиқариш корхоналари ва аҳолига газни етказиб беришдан иборат.

“Юзага келган носозликлар сабабли мамлакатдаги мавжуд газ қазиб олиш конлари ва уни қайта ишлаш заводларида технологик жараёнларнинг бузилиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу эса ўз навбатида газ ишлаб чиқариш ҳажмининг камайишига олиб келяпти. Шу сабабли ИЭСларда газ босимининг камайиши мавжуд ва бу электр энергияни ишлаб чиқаришга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Шу сабабли 26 январдан автомобилларга газ тўлдириш станциялари фаолиятига вақтинчалик чекловлар киритилади, шунингдек, юридик истеъмолчиларга ҳам табиий газ етказиб бериш тўхтатилади”, - дея билдирди Бекмуродова.

Аввалроқ Энергетика вазирлиги хонадонлардаги ортиқча электр жиҳозларини тармоққа уламасликни сўраган.

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги 27 январь куни эълон қилган баёнотга кўра, газ босими энг паст бўлган ҳудудлар Фарғона водийси, Тошкент вилояти, Сурхондарё, Сирдарё ва Жиззах вилоятларидир.

Вазирлик 28 январь куни мамлакатда газ таъминоти тўлиқ тикланишини айтмоқда.

Ўзбекистонда электр энергиясининг асосий қисми газ билан ишлайдиган иссиқлик электр станцияларида ишлаб чиқарилади.

Мутахассислар энерготизимдаги авария оқибатларини бартараф этишнинг қўшни давлатлардагидан узоқроқ давом этганини худди шу ҳолат билан ҳам изоҳлашмоқда.

XS
SM
MD
LG