Линклар

Шошилинч хабар
17 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:59

Самарқандда ногирон ўғил отасини пичоқлаб ўлдирди


Самарқанд вилояти, Нарпай туманининг Ўлмас қишлоғида 26 яшар йигит ўзининг 56 яшар отасини пичоқлаб ўлдирганликда гумонланмоқда.

Воқеа гувоҳларига кўра, 1 август куни кечқурун ота-бола ўртасида чиққан жанжал оқибатида, бир қўли болалигидан ногирон бўлган ўғил отасининг юрагига бир неча бор пичоқ санчиб олган.

Нарпай тумани ички ишлар бўлими мулозими қотилликда гумонланаётган ўғил устидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

Нарпай туманининг Ўлмас қишлоғида яшаган 56 яшар деҳқон Б.Ҳ. 1 август куни кечқурун ўз уйида пичоқлаб ўлдирилди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган ўлмасликлардан бирининг айтишича, отани ўлдирганликда унинг ногирон ўғли гумонланмоқда:

“Кеча соат тўққизларда кўчадан ўтаётсам, тез ёрдам, милиция машиналари марҳумнинг уйи ёнида турган экан. Кириб кўрсак, Б.аканинг Т.исмли ўғли отасини пичоқлаб, ўлдириб қўйган экан. Ҳамма ёқ қий-чув, тўполон. Кейин мурдани ҳам, ўғилни ҳам, онасини ҳам, келинни ҳам олиб кетишди”.

Ўлмас қишлоғининг исми сир қолишини сўраган маҳалла фаолларидан бирининг айтишича, ногирон боланинг отага пичоқ кўтаришига, улар орасидаги кўп йиллик зиддият сабаб бўлган:

“Қотилликда гумонланган ўғил болалигидан ногирон, битта қўли яхши ривожланмай қолган. У мардикорчилик қилиб кун кўради. Уйланган, икки фарзанди бор. Отаси болалари билан келишолмасди, жуда кўп қийнарди, қишларда ҳам уйидан ҳайдаб юбориб, у икки боласи билан ижарада яшаб юрган. Кейин яна қайтиб келган, лекин бир ҳовлида яшаса ҳам қозони бошқа эди”.

Суҳбатдошнинг айтишича, 1 август куни ҳам Т.нинг болалари кўчада қолгани жанжалга сабаб бўлган:

“Отасининг далада ери бор, дехқончилик қилади. Ўша куни Т. ғишт қуйишга кетган, хотини ҳам болалари билан қаергадир чиққан. Отаси эса дарвозани қулфлаб даласига кетворган. Келин келса, дарвоза қулф, кечгача болалари билан иссиқда кўчада ўтирган. Т. ишдан келса, шу аҳвол. Кейин қулфни бузиб, ичкарига кирган. Отаси кечқурун келиб, қулф бузилганини кўриб, жанжал бошлаган. Ўша жанжал оқибатида бола отасининг юрагига жаҳл устида пичоқ санчган”, дейди маҳалла фаоли.

Нарпай тумани ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими, 26 яшар Т.Ҳ. Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 97-моддаси(қасддан одам ўлдириш) билан айбланиб, қамоққа олинганини ва бу ҳолат юзасидан тергов олиб борилаётганини айтди.

Ўзбекистонда маиший муаммолар негизида содир бўлган бошқа шу каби фожиалар тўғрисида Озодлик бир неча бор хабар қилган.

Жорий йилнинг 1-март куни Қорақалпоғистоннинг Қонликўл туманида 21 яшар қиз ва 24 яшар йигит бир-бирини пичоқлади. Қиз олган жароҳатларидан вафот этди, йигит тирик қолди.

Сурхондарё вилоятининг Ангор туманида Ш.М. исмли 26 ёшли аёл ўз отасини пичоқлади.

2018 йилнинг 27 март куни Фарғонада ака эски Нексия устида талашиб ўз укасини пичоқлаб ўлдирган эди.

Ўтган йил сентябрь ойида Сурхондарёнинг Термиз шаҳрида уч фарзанднинг онаси қайнонаси билан уй-жой устида талашиб, уйига ўт қўйиши оқибатида 72 ёшли қайнона ўтда ёниб ҳалок бўлди, 9 яшар ўғил куйиш жароҳати олди.

2017 йилнинг августида эса Фарғонада 51 ёшли ота машина устида талашиб, 27 ёшли ўз ўғлини, устига бензин қўйиб, ёқиб юборган эди.

XS
SM
MD
LG