Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:45

“Нефть ва газ назорати Назарбоев оиласига тегишли”. Эксперт Қозоғистондаги оммавий намойишлар сабаблари ҳақида (ВИДЕО)


Қозоғистоннинг қатор шаҳарларида уч кундан бери кенг кўламли норозилик намойишлари давом этмоқда. Аҳоли дастлаб суюлтирилган газ нархи бир ярим баравардан ортиқ – 70 тангадан 120 тангага қимматлашгани туфайли кўчаларга чиққан эди, бироқ кейинчалик уларнинг талаблари тобора сиёсийлашди.

Намойишчилар коррупция ва ошна-оғайнигарчиликка барҳам беришга, завод-фабрикалар қуришга ва ишсизликни камайтиришга чақиришмоқда. Одамлар, шунингдек, “Чол, кет!” дея ҳайқирмоқдалар: собиқ президент Нурсултон Назарбоевга қаратилган ушбу хитоб митингларда янграйди. Яна бир неча киши “Назарбоевларсиз!” деб ёзилган баннер билан кўчага чиқишди.

Полиция намойишларни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газ ва ёруғлик-шовқин гранаталарини қўлламоқда. Расмий маълумотга кўра, Олмаота, Чимкент ва Нур-Султонда 200 нафарга яқин киши қўлга олинган.

Қозоғистон раҳбарияти норозиликни юмшатиш мақсадида дастлаб газ нархини икки баравардан зиёд – бир литр учун 50 танга миқдорга туширди. Кейинроқ намойишчиларнинг энг катта сиёсий талаби бажарилди – президент мамлакат ҳукуматини истеъфога чиқарди.

Қасим-Жомарт Тоқаев миллатга мурожаат қилиб, намойиш иштирокчиларини “жамият барқарорлиги ва бирлигига путур етказишдан манфаатдор бузғунчи кучлар фитналарига учмаслик”ка чақирди.

“Ёшларга қарата шуни айтаманки, ҳаёт йўлингизга зарар етказманг, яқинларингизнинг ҳаётини заҳарламанг. Сизнинг барча қонуний илтимос ва талабларингиз инобатга олинади ва зарур қарорлар қабул қилинади”, деди Тоқаев ўз мурожаатида.

Тўртинчи январь куни Қозоғистонда интернет ишлашида узилишлар кузатила бошланди: мамлакатда оммавий норозилик бўлаётган пайтда ҳукумат ҳамиша шу чорани қўллайди.

“Либерти” фонди раҳбари Галим Агелеулов “Настояшчее время” телеканалига берган интервьюсида Қозоғистонда газ кескин қимматлашгани ортида мамлакатнинг ҳукмрон элитаси, энг аввало биринчи президент Нурсултон Назарбоев оиласи манфаатлари ётганини урғулади. Бироқ ковид билан боғлиқ икки йиллик иқтисодий инқироз ҳолдан тойдирган истеъмолчилар газ учун бунча ҳақ тўлай олишмайди, буни хоҳламайдилар ҳам. Ҳокимият уларни эшитмаётганини англагач, улар ёппасига кўчаларга чиқишди: норозилик нефть-газ конлари жойлашган ғарбий минтақада бошланиб, бир неча кун ичида бошқа ҳудудларга ҳам ёйилди.

“Қозоғистон халқи авторитар бошқарувдан чарчаган: бу режим фуқаролик жамияти билан ҳисоблашмайди, фуқароларнинг мамлакат бошқарувида иштирок этиш ҳуқуқидан фойдаланишига қўймайди. Авторитаризм ҳар қандай фуқаровий ташаббусларни бўғади. Чунки амалдаги ҳокимиятга фуқаровий миллат керак эмас. Уларга нефть ширкатларида ишлаб, элитага хизмат қилувчи қарам тобелар керак холос”, дейди Галим Агелеулов.

Сиёсатшунос фикрича, газни аҳолига арзон нархларда сотишга Қозоғистоннинг бемалол қурби етади.

“Мамлакатда нефть ва газни Нурсултон Назарбоев оиласи – собиқ президентнинг ўртанча қизининг эри Тимур Қулибоев ҳамда Назарбоевнинг тўнғич қизи Дариғанинг муҳтамал турмуш ўртоғи Қайрат Шарипбоевлар орқали назорат қилади”, урғулайди Агелеулов.

Эксперт тахмин қилишича, Шарипбоев ва Қулибоевлар назоратидаги ширкатлар Қозоғистонда қазиб олинган газни Россиянинг Оренбург газни қайта ишлаш заводига нақд пулга сотаётгани туфайли мамлакатнинг ўзида газ истеъмолчилар учун қимматлашган.

Агелеулов газни бу тариқа сотишдан Қозоғистон ғазнасига солиқ тўланмаслигини таъкидлайди.

“Гап 750-850 миллион доллар ҳақида бормоқда, бу тўғрида президент Назарбоевнинг набираси ҳам гапирган эди. Қозоғистон гази сотилиши ҳисобига бюджетга тушиши лозим бўлган ушбу маблағлар бошқаларнинг чўнтагига киради”, изоҳ беради эксперт.

Сиёсатшунос Қозоғистондаги ҳозирги норозилик ҳаракатининг яққол етакчиси йўқлигини урғуларкан, шунга қарамай кўплаб шаҳарларда намойишчилар уюшқоқлик билан ҳаракат қилишаётганини айтади.

Мутахассис фикрича, Тоқаев ва бошқа ҳокимият вакиллари нечоғли иддао қилишмасин, намойишчиларнинг кайфиятига ташқаридан ҳеч ким таъсир этаётгани йўқ.

“Ҳаракат фаолларини ўша пайтдаёқ ҳибс қилишган эди, чунончи Атирауда аҳоли орасида обрў қозонган Макс Бокаев қўлга олинди. Бироқ Жанаўзенда яққол етакчи йўқ, у ерда одамлар жамоавий ҳаракат қилишмоқда, бирон кишини етакчи қилиб сайлашмади, чунки бунинг ортидан қатағонлар бўлишини билишади. Албатта, ўтган ўттиз йил мобайнида Қозоғистон ҳукумати оммани ортидан эргаштира оладиган қатламни изчил равишда йўқ қилиб келди: мен сиёсий ислоҳотлар ва жамиятни демократлаштириш ҳақида баралла сўзлай оладиган илғор кишиларни назарда тутяпман”, дейди Галим Агелеулов.

Жанаўзенда норозилик акцияси 2 январь куни бошланган эди, унга маҳаллий аҳолидан юзлаб киши келди. Митингчилар тунни шаҳар майдонида ўтказишди, 3 январда эса тўпланганлар сони мингдан ошди. Жанаўзендаги норозилик ҳаракатини қўллаб-қувватлаб Ақтау, Ақтўбе, Уральск, Тароз, Чимкент, Кўкшетау ва Нур-Султон шаҳарларида ҳам одамлар кўчаларга чиқишди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотларга кўра, энг катта митинглар Ақтау шаҳрида бўлмоқда: у ерда 16 минг киши намойишга чиққан. Жанаўзендаги намойишчилар сони 10 минг кишига яқин. Ақтауликлар майдонга чодир ва ўтовлар тикиб олишган. Шаҳарга қўшни ҳудудлар, жумладан Ақтўбе ва Уральскдан одамлар келмоқда.

XS
SM
MD
LG