Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:17

Гулистон коллежидаги оммавий муштлашувда ўнга яқин талаба жароҳатланди


10 апрель куни Сирдарёдаги Гулистон компьютер ва ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежида талабалар ўртасида содир бўлган муштлашув оқибатида бир талабанинг боши ёрилди, жами ўнга яқин талаба турли кўринишда жароҳат олди. Воқеа гувоҳларига кўра, жанжал икки талаба йигит ўртасидаги ўзаро келишмовчиликдан келиб чиққан.

Коридордаги жанжал

Воқеа 10 апрель куни Гулистон компьютер ва ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежининг биноси ичида содир бўлган. Воқеага гувоҳ бўлган талабалардан бирининг Озодликка айтишича, катта танаффус пайти иккинчи ва учинчи курс талабалари жанжаллашиб кетган:

“Кеча бўлди муштлашув. Иккинчи курсда ўқийдиган бир йигит бор. Ўзи доим жанжал чиқариб юради. Шу бола катта танаффус пайти коридордан кетаётган учинчи курсдаги бир бола билан йўл талашиб қолишди. Иккинчи курсдаги бола учинчи курсдагига йўл бермаган. Шу пайт учинчи курсдаги бола наригисини туртиб юборган. У бола эса унинг юзига мушт туширган. Шу билан жанжал бошланиб кетди. Шу икки боланинг курсдошлари ҳам жанжалга аралашиб кетди. Ур-йиқит, тўполон бўлиб кетди. Нечта одам муштлашганини билмайман. Коридор одамга тўлиб кетганди”, дейди воқеа гувоҳларидан бири.

Бир талабанинг боши ёрилди

Унинг айтишича, жанжал оқибатида ўнга яқин бола жароҳатланган.

Коллеж ўқитувчилардан бирининг исмини очиқламаслик шарти билан айтишича, муштлашув пайти икки бола жиддий жароҳат олган:

“Оғир жароҳатлангани - жанжални бошлаган икки талаба. Учинчи курсда ўқийдиган талабанинг боши ёрилган. Иккинчи курсдаги талабанинг эса кўзининг таги кўкарган. Бошқалари енгил жароҳат олишган. Кеча ҳаммасининг ота-оналари докторга олиб бориб текширтиришди. Тиббий кўрикдан ўтказилди. Ҳеч қайсисини шифохонага ётқизмадик. Бугун ҳаммаси дарсга келишди”, дейди коллеж ўқитувчиларидан бири.


Воқеани милиция ўрганмоқда

Сирдарё вилояти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармасидан олинган маълумотга кўра, коллеждаги муштлашув сабабларини ички ишлар бўлими ходимлари ўрганмоқда:

“Муштлашув пайти милицияга хабар берилган. Воқеа жойига туман ички ишлар бўлими ходимлари етиб боришган. Милиция ходимлари талабаларнинг барчаси билан бирма-бир суҳбатлашди. Профилактика ишларини ўтказди. Милиция жанжални бошлаган ўқувчилар билан савол-жавоб ўтказди. Уларнинг ота-оналари чақиртирилди. Улар билан гаплашилди. Ички ишлар воқеани ўрганаяпти. Бугун ҳам ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари ички ишларга чақиртирилган”, деди вилоят таълим бошқармаси ходими.

Ота-оналар жазоланади

Таълим бошқармаси ходимининг Озодликка айтишича, жанжални бошлаган талабаларнинг ота-оналарига жарима солинади:

“Ички ишлар воқеа тафсилотларини ўрганиб бўлгач, ота-оналарга штраф солинади. Штраф миқдори милиция ишни якунлагач маълум бўлади. Ҳозир коллеж раҳбарияти ота-оналардан тушинтириш хати олди. Жанжални бошлаган талабалардан бири назоратда турадиган бола экан. Коллеждаги қизлар билан алоҳида суҳбат ўтказилди. Ўғил болалар билан эркакчасига гаплашилди”, дейди вилоят таълим бошқармаси ходими.

Мазкур коллеж ўқитувчиларидан бирининг айтишича, талабалар тартибни бузган пайти ота-оналарга жарима солиниши коллеж раҳбарияти томонидан кенг қўлланилаяпти:

“Яқинда коллеж талабаларини рейд қилганимизда бир талаба қизнинг телефонидан порнографик фотолар топилди. Қизнинг ота-онасига икки минимал оклад штраф солинди. Дарсга келмаган бир нечта талабанинг ҳам ота-оналарига ҳам штраф солинди”, дейди коллеж ўқитувчиси.

“Талабалар назорати милицияга топширилади”

Ушбу коллеж раҳбарияти талабалар назоратини милиция ходимларига топширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда коллеж ўқитувчиларидан бири Озодликка айтди:

“Ўғил болалар тарбияси йил сайин оғир бўлиб бораяпти. Кечаги жанжалдан сўнг директоримиз коллежга милиция ходими ажратилишини сўради. Милиционер ҳеч бўлмаса икки кунда коллежни бир айланиб кетса ҳам болалар қўрқади. Улар ўзи формали одам кўрса, ўзини жиловлаб олишини биламиз. Бир нечта талабаларни ҳам милиция ходимлари ёрдамида дарсга олиб келинган. Кечаги воқеадан сўнг милиция ходимига эҳтиёжимиз борлиги аниқ бўлди”, дейди коллеж ўқитувчиларидан бири.

Гулистон компьютер ва ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежида 1640 талаба ўқийди, уларнинг 1074 нафари ўғил болалардир.

Талаба ва ўқувчилар орасида оммавий муштлашиш ҳолатлари учраб туради.

Ўтган йили Навоий архитектура ва қурилиш касб-ҳунар коллежи ўқувчилари шаҳардаги тиббиёт коллежи ўқувчиси Абдураҳмон Исмоиловни "гуруҳ бўлиб калтаклаб ўлдирганликда" айбланиб маҳкамага тортилган.

2015 йил 23 сентябрь куни Тошкентда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети қошидаги академик лицей ўқувчилари ўртасида бўлиб ўтган оммавий муштлашувда бир киши жароҳатланган эди.

Бўлажак дипломатлар ўртасидаги ушбу жанжал ўқувчиларнинг бир-бирига лақаб қўйгани сабаб келиб чиққан ва жанжалда 2- ҳамда 3- курс ўқувчилари иштирок этган. Жанжални бошлаган ўқувчи лицей ётоқҳонасидан ҳайдалган.

Дипломатия лицейида ўқувчилар муштлашди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:02 0:00

XS
SM
MD
LG