Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:55

"Депорт"га тушган ўзбеклар ФСБ назоратига тушгани учун Ўзбекистонга юборилмаяпти


СУВСИГ - Хорижликларни вақтинчалик сақлаш маркази
СУВСИГ - Хорижликларни вақтинчалик сақлаш маркази

Самаранинг Хорижликларни вақтинча сақлаш марказида (СУВСИГ) қолаётган бир гуруҳ ўзбекистонлик муҳожир ФСБ рухсатисиз уйга кета олмаётганидан арз қилди. Уларнинг айтишича, махсус хизматлар текширувидан ўтган ўзбеклар Қозоғистон чегарасигача ўз ҳисобидан жўнатилмоқда. СУВСИГ раҳбариятининг Озодликка айтишича, марказдаги ўзбекистонликлар Россия махсус кучлари назоратига олинган. Кузатувчилар эса, Россияда ўзбек хафсизлик хизмати фаоллашгани кузатилаётганини гапирмоқда.

Самара вилоятидаги Хорижликларни вақтинча сақлаш марказларидан бирида иккинчи ой ушлаб турилган наманганлик 22 яшар Дурбек Ўзбекистонга чиқиб кетишга марказ раҳбариятидан рухсат ололмаётганини айтди.

- Мени дўстим билан 10 октябрда Самарада ФСБ ушлади, ишлаётган жойимиздан олиб келди, миграция қоидаларини бузганимиз учун суд қилди. “Қўл қўйинглар – 10 кун ичида ўзинглар чиқиб кетасизлар”, деди. Биз қўл қўйдик, қўлимизга наручник солиб, Тольяттига олиб кетди. Мана бир ой бўлди, олган билетларимизни отменять қилиб, “Сенларга ФСБ рухсат бермаяпти”, дея бизни жўнатмаяпти Ўзбекистонга. Айбимизни ҳам тушунтирмаяпти, биз бирор жиддий жиноят қилмаганмиз, - дейди Дурбек.

Унинг айтишича, махсус кучлар у билан дўстини Самара кўчаларидан бирида майда-чуйда нарсаларни сотаётганида ҳибсга олган, алдов йўллари билан аллақандай ҳужжатларга қўл қўйдирган. “Биз хавфли жиноятчи бўлсак нима учун бизни турмада эмас, мана бу марказда ушлаб ўтиришибди?!” дея ўринли савол берди муҳожир.

Дурбек ФСБ назоратида қолмоқда
Дурбек ФСБ назоратида қолмоқда

Наманганлик бу муҳожир йигит СУВСИГдан чиқиб кетаётган ўзбеклар¸ асосан¸ ўз пули ёки қариндошлари жўнатаётган маблағ ҳисобига чиқиб кетишга мажбур бўлмоқда, дейди.

У бундан бир неча кун олдин 35 ўзбекистонлик депортация марказидан Қозоғистон чегарасига жўнатилгани, аммо унга ва у билан бир хонада ўтирган бошқа муҳожирларга кетишга рухсат берилмаганини айтади:

- 3 кун бўлди Самарадан Уралский томон қозоқ чегарасига кетди 35 киши. Начальник “Кетмасаларинг, янги йилдан кейинга қоласанлар! Давлат ҳисобидан ҳали пул берилмайди”, деди. Иложи йўқлигидан, ҳамма бир-бирига қарз бериб, 1 минг рублдан автобусда кетди. Ҳозир яна янги ўзбекистонликларни ушлаб олиб келаяпти. 20 кишича ўзбекистонлик бор. Шу бир ой ичида фақат 70 ларга кирган амакини давлат ҳисобидан жўнатиб юборди самолётда, деди Дурбек.

Муҳожир йигит ёзда ушланган ўзбекистонлик ишчиларнинг кўпи иссиқ кийимсиз, пулсиз Қозоғистон чегарасига етиб боргани¸ ҳозир уларнинг аҳволи нима кечаётганидан бехабарлигини билдирди.

Самара Хорижликларни сақлаш маркази
Самара Хорижликларни сақлаш маркази

Самара Хорижликларни сақлаш изоляторининг ўзини таништирмаган навбатчи офицери Озодлик мухбири билан суҳбатда муҳожирларни суд қарори билан депортация қилишга бюджетдан ажратилган пул кесилганини тасдиқлади:

- Дурбек бизга суд қарори билан жўнатилган, аммо унга ФСБнинг аллақандай эътирозлари бор. Қанақа эътирозлар – билмайман! Биз уни ўз ихтиёримиз билан ушлаб ўтирганимиз йўқ - ваколатимиз йўқ жўнатишга. Махсус хизматлар жўнатишга рухсат берсагина юборишимиз мумкин. Раҳбариятимиз ҳар куни муҳожирлар билан учрашиб турибди, саволларига имкон қадар жавоб бераяпти. Ҳар бир жўнатилаётган одамнинг вазияти алоҳида ўрганиб чиқилади, кейин чиқиб кетишга монеълик бўлмаса – автобус ёки самолёт билан жўнатилади. Тезроқ кетишни истаганлар ўз маблағлари ҳисобига кетиш ҳуқуқига эга, чунки кўпинча приставларда пул бўлмаяпти одам жўнатишга, деди СУВСИГ навбатчиси.

Айни пайтда, Озодлик охирги пайтларда Россияда марказий осиёлик, хусусан ўзбек муҳожирлари устидан махсус хизматлар назорати кучайтирилгани тўғрисида хабарлар кўпайганини қайд этмоқда.

“Ёрдам” Инсон ҳуқуқлари ҳимояси ташкилоти президенти Баҳром Ҳамроев охирги бир неча ойда Россия ҳудудида Ўзбекистон махфий хизматлари фаолияти кучайтирилгани тўғрисида бир қанча фактлар йиғилганини Озодлик билан суҳбатда маълум қилди. “Ўзбеклар Россияда тотал назорат остига олинаяпти!” дейди ҳуқуқ фаоли:

- Ўзбекларга, айниқса Қирғизистон ўзбекларига эътибор қаттиқ бўлгандек қўринаяпти. Масалан, Россия Олий судининг Сарвар ва Бахтиёр Жалоловларни Ўзбекистонга бермаслик тўғрисидаги қарорига қарамасдан,бугун оддий мировой судя уларни депортация қилиш кераклигини билдирди. Оддий қурилишда Петербургда ишлаётган қашқадарёлик болаларни фсбчилар Ўзбекистон махфий хизматлари билан бирга келиб, ҳибс қилиб, номаълум тарафга олиб кетган. Ҳавасбек Алижоновни ўтган ҳафтада ўғирлашга уриниш яна бир мисол... Москванинг ўзида шу кунларда 11 киши МХХ томонидан ўғирлаб кетилганини биз яқинда билдик. Бу ерда “қора рўйхат” тузилди. ФСБ Ўзбекистон махфий хизматлари ёрдамида қонунларни топтаб бўлса ҳам, одамларни рамкага олиб кирмоқчи. Ҳозир Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари бемалол ҳаракат қилаяпти, ўзбекларни савол-жавоб қилаяпти, хоҳлаганини олиб кетишлар бўлаяпти. Бу икки ташкилот “жиҳодчилар” тугамаслигидан манфаатдор! “Ислом терроризми”, “Исломга қарши кураш” бу иккала давлатни боғлаб турибди, деди Баҳром Ҳамроев.

Б.Ҳамроев: Ўзбеклар Россияда тотал назоратга олинмоқда!
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:39 0:00
Бевосита линк

Россия Ички ишлар вазири Владимир Колокольцев "2017-Нолегал" операциясининг амалга оширилиши натижасида салкам 20 минг муҳожир Россия ҳудудидан чиқариб юборилгани, Россия ҳудудида бўлиши мақсадга мувофиқ бўлмаган салкам 4 минг марказий осиёлик давлат чегарасидан кириши тақиқланганини маълум қилди.

Бундан ташқари, рус полицияси ва махсус кучлари 2017 йил апрел-май ойлари давомида қурилиш майдонлари, бозорлар ва корхона ҳудудларида ўтказилган текширувлар оқибатида 10 та террорчилик гуруҳлари аниқлангани тўғрисида баёнот берилди.

Россиянинг ҳар бир минтақасида мавжуд Хорижликларни сақлаш марказларида қолаётган ўзбекистонликлар эса, ойлаб ушлаб турилаëтгани ҳақида Озодликка бундан олдин ҳам кўп шикоят келган.

Яқинда Россия Омбудсмени Татьяна Москалькова чет элликларни сақлаш марказлари (СУВСИГ) учун маблағ ажратишни сўраб, ҳукуматга мурожаат қилган эди. Омбудсменга кўра, маблағ камлиги боис, меҳнат муҳожирларини депортация қилиш жараёни узоққа чўзилмоқда.

Россия депортация муассаларида сақланаëтган хорижликлар орасида норозилик чиқишлари, изолятордан қочиш, ҳатто ўз жонига қасд қилиш ҳоллари ҳам кузатилади.

XS
SM
MD
LG