Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:08

Таниқли зиëлилар Мирзиëевга Муҳаммад Солиҳни ватанга қайтаришни сўраб мурожаат қилди


Ислом Каримов сиëсий тузумининг ашаддий мухолифи бўлган 69 яшар Муҳаммад Солиҳ 25 йилдан бери муҳожиратда яшамоқда.
Ислом Каримов сиëсий тузумининг ашаддий мухолифи бўлган 69 яшар Муҳаммад Солиҳ 25 йилдан бери муҳожиратда яшамоқда.

9 февраль куни бир гуруҳ таниқли ўзбек шоир¸ ëзувчи ва адабиëтшуносларининг Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëевга йўллаган мактуби матни жамоатчиликка эълон қилинди.

Дастлаб бир гуруҳ ижодкорлар томонидан президент порталига юборилган сўров очиқ мактубга айланганидан сўнг¸ бир неча кун ичида (12 февралга келин - таҳр.)унга қўшилганлар сони 300 га яқинлашди.

Ëзувчи Нурулла Отахон ((Nurulloh Muhammad Raufxon)​нинг Facebook саҳифасига қўйилган очиқ мактубга Ҳалима Худойбердиева каби жорий президент томонидан алоҳида эътироф этилган таниқли ижодкорлар ҳам қўшилганини кўриш мумкин.

Порталга юборилган мактуб

Ўзбек классик адабиëти асосчиси Алишер Навоий туғилган кунда Facebookда эълон қилинган бу мактуб муаллифлари президентдан замонавий ўзбек адабиëтининг "улуғ шоири" 69 яшар Муҳаммад Солиҳни ватанга қайтаришда кўмак сўради.

Ўзбекистон Ëзувчилар уюшмасининг собиқ 1-котиби¸ Горбачëв ошкоралиги даврида Ўзбекистондаги биринчи сиëсий ҳаракат – Бирлик халқ ҳаракати ва мамлакатдаги илк демократик партия – Эрк асосчиси¸ Ўзбекистон парламентининг собиқ депутати Муҳаммад Солиҳ 1992 йилдан бери муҳожиратда яшаб келмоқда.

Солиҳни ватанга қайтариш сўралган мактубга қўл қўйганлар рўйхатида Сталин даврида миллатчиликда айбланиб¸ 25 йиллик қамоққа ҳукм этилган кекса ëзувчи Шукрулло¸ Ўзбекистон Ëзувчилар союзининг собиқ раиси¸ Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол¸ ëзувчи Нурулла Отахон, Миразиз Аъзам¸ Маҳмуд Ражаб¸ Вафо Файзулло каби шоирлар¸ драматурглар Шароф Бошбеков ва Санжарали Имомов¸ адабиëтшунос олимлар Қозоқбой Йўлдош ва Иброҳим Ҳаққул каби ижодий зиëлилар номи бор.

Муаллифларнинг Озодликка айтишича¸ мактуб 23 январь куни электрон шаклда Ўзбекистон президентининг виртуал қабулхонасига жўнатилган ва унинг қабул қилиб олингани расман тасдиқланган.

“Муҳтарам Шавкат Миромонович!


Биз ижод аҳли бугун Сиз раҳбарлигингизда мамлакатимиз равнақи йўлида қилинаётган ҳар бир ишда ёнингиздамиз. Иқтисодий, ижтимоий ва маънавий соҳалардаги ижобий ўзгаришларни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз.


Айниқса, маънавий жабҳада адолат оёққа турғазилиб, бир қатор шоир-ёзувчи шаъни тиклангани адабиётимиз келажагига ишончимизни янада кучайтирди.


Эндиги оламшумул қарорларингиздан бири 25 йилдан бери юртидан узоқда қолаётган шоир Муҳаммад Солиҳ ҳақида бўлишини жуда-жуда истар эдик.


Кечаги тузум даврида орқадан юритилган тескари ташвиқот туфайли жамиятнинг бир қисми онгида Муҳаммад Солиҳ исмидан қўрқув шаклланиб қолди, лекин адабиёт аҳли уни улуғ бир шоир сифатида барибир унутгани йўқ¸” деб бошланган мактуб давомида Муҳаммад Солиҳнинг ўзбек адабиëтидаги хизматлари тилга олинади.

Муҳаммад Солиҳ биринчи галда адабиётчидир, сўнгра сиёсатчидир. Сиёсатга у давр тақозоси билан, мустақиллик учун ҳаракатлар жараёнида фаол аралашган ва мамлакатимиз совет мустамлакасидан қутулиши йўлида жонбозлик кўрсатган¸” дейилади мактуб давомида.

Муҳаммад Солиҳнинг қайтиши Ўзбекистон учун нега муҳим?

Озодлик “Муҳаммад Солиҳнинг Ватанга қайтарилиши Ўзбекистонимиз янги тарихига зеб бўлар, дунё жамоатчилиги ҳам бу ишни олқишлар эди¸” дейилган мактубга имзо чеккан ижодкорларнинг айримларига шу савол билан мурожаат қилди.

Ëзувчи Шукрулло¸ Муҳаммад Солиҳни ўзбек шеъриятида оригинал¸ янги саҳифа очган шоир сифатида танигани боис¸ унинг қайтишини исташини айтади :

- Муҳаммад Солиҳ ибтидоий битта қолипда яшашни истамаган шахс эди. У янгиликка интилган оригинал шоир¸ халқ дардида ëнган шоир эди. Давлат билан унинг орасида нима муносабат бор¸ билмайман. Унинг мутлақо гуноҳи йўқ¸ у қайтиб келса¸ нимаси ëмон? Солиҳни ëмон одам деган гап хаëлимга ҳеч қачон келган эмас¸ дейди Сталин қатағони қурбонларидан бири¸ “Кафансиз кўмилганлар” романи автори¸ 2016 йили “Турк дунёсида йилнинг адабиёт кишиси” деб топилган 99 яшар ëзувчи. (Шукрулло Озодлик билан суҳбатда ўзининг¸ расмий манбаларда ëзилгани каби ҳозирда 96 эмас¸ балки 99 ëшда эканини таъкидлади – таҳр.)

Шукрулло Муҳаммад Солиҳнинг қайтиши муҳимлиги ҳақида
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:19 0:00
Бевосита линк

"Жамият ўз ҳаëтидан ëлғонни ҳайдаб чиқариши лозим!"

Ўзбекистон Ëзувчилар союзининг собиқ раиси¸ Халқ шоири¸ таржимон Жамол Камол¸ бугун Ўзбекистон ўз олдида қўйиши лозим биринчи рақамли шиор жамиятни ëлғонлардан тозалаш эканини айтади ва Солиҳнинг ватанига қайтиши ана шу жараëн учун муҳимлигини таъкидлайди:

- Мен Муҳаммад Солиҳнинг ватанга қайтишини жуда истайман. Нима учун? У¸ биринчидан¸ юртига¸ халқига дўст инсон. Ундан бизнинг миллатимиз¸ халқимизга ҳеч қандай хавф-хатар йўқ. Ислом Карим тузумига хатари бўлган бўлиши мумкин¸ лекин Шавкат Мирзиëев ҳукумати¸ у қураëтган тузумга фақат фойда бўлади. Агар Солиҳнинг Ўзбекистонга қайтишига рухсат берилса¸ Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрўси юксалиб кетади. Биз ҳозир мухолифми¸ мухолиф эмасмизми¸ бутун халқимиз фарзандлари қўлни қўлга бериб¸ Ўзбекистонни ботган ботқоғидан¸ тушган ўпқонидан олиб чиқишда президентимизга ëрдам беришимиз керак. Президентимизга кўз тегмасин – мен ишонаманки бу одам Муҳаммад Солиҳни юртига¸ ватанига қайтаради ва бу адолатли иш бўлади¸ деди Озодлик 9 февраль куни суҳбатлашган Жамол Камол.

Жамол Камол Муҳаммад Солиҳнинг қайтиши муҳимлиги ҳақида
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:56 0:00
Бевосита линк

“Ўзбекистонга ўзи ўйлаган ҳақиқатни айта оладиган шахслар керак!”

Мактубга қўл қўйганлардан яна бири адабиëтшунос олим ¸ профессор Қозоқбой Йўлдош¸ ҳамма нарсага соғлом кўз билан қараш бораëтган айни кунларда бир гуруҳ зиëлиларнинг президентдан Муҳаммад Солиҳни ватанга қайтаришни сўраб мурожаат қилишини табиий ҳодиса¸ деб айтади.

"Мамлакатда 25 йил давомида шаклланган сиëсий тузумни бугун кучли ва адолатли танқид қилаëтган ягона шахс президент Мирзиëевнинг ўзи бўлиб турибди"¸ дер экан профессор Йўлдош Ислом Каримов даврининг энг таниқли мухолифатчисини ватанга қайтариш¸ президент бошлаган ишларга ҳам обрў¸ ҳам фойда келтиради¸ деган фикрда:

- Биз буни бировдан тиланмадик¸ балки ўзимизнинг президентимиз¸ юртимиз раҳбаридан сўрадик. У киши ҳамма нарсани соғлом ҳал қилишга ҳаракат қилаëтир. Умид қиламизки¸ Муҳаммад Солиҳ масаласида ҳам объектив¸ холис бир фикр айтилар. Бошқача фикрлайдиган одамларни рақиб биладиган даврдан ўтдик шекилли. Фикрларнинг хилма-хил бўлиши фожиа эмаслигига секин-секин кўника боришимиз керак. Ўзи ўйлаган ҳақиқатни айта оладиган одамнинг бўлиши иқлимнинг тозалигини¸ ҳавонинг тозалигини таъминлайдиган омил. Шу маънода¸ Муҳаммад Солиҳнинг қайтиши президентимизга нафақат обрў¸ балки фойда ҳам келтиради¸ дейди профессор Қозоқбой Йўлдош.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:52 0:00
Бевосита линк

2017 йил - Президентга мурожаат қилган Муҳаммад Солиҳга МХХ янги иш очди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëевнинг ҳокимиятга келиши билан қилган баëнотлари¸ хусусан¸ унинг 25 йиллик Каримов даврида мамлакат тушиб қолган ўта оғир аҳвол ҳақида очиқ гапириб¸ ҳокимиятни халққа хизмат қиладиган тузумга қўйиш иштиëқи Каримов сиëсатининг ашаддий танқидчиси сифатида танилган Муҳаммад Солиҳ томонидан ижобий қаршиланди.

Бу ҳақда Озодлик ва бошқа хориж матбуотига қатор интерьвюлар берган Эрк демократик партияси раиси¸ Ўзбекистон халқ ҳаракати етакчиси Муҳаммад Солиҳ¸ 2017 йил август ойи сўнггида Ўзбекистон президенти виртуал қабулхонасига ўзининг сиëсий ва ҳуқуқий жиҳатдан реабилитация қилинишини таъминлашни сўраб расман мурожаат қилди.

Муҳаммад Солиҳнинг президент Шавкат Мирзиëевга ëзган мактуби нусхаси.
Муҳаммад Солиҳнинг президент Шавкат Мирзиëевга ëзган мактуби нусхаси.

Бу мурожаатидан кўп ўтмай¸ Ўзбекистон МХХ Муҳаммад Солиҳни¸ ҳибсга олинган журналист Бобомурод Абдуллаев иши доирасида яна “конституцион тузумга тажовуз қилиш”да айблади.

Бобомурод Абдуллаевга нисбатан дастлабки тергов давомида тузилган протоколда Муҳаммад Солиҳга ҳам оғир айблар қўйилган.
Бобомурод Абдуллаевга нисбатан дастлабки тергов давомида тузилган протоколда Муҳаммад Солиҳга ҳам оғир айблар қўйилган.

Бундай айбловга муносабат билдирган Муҳаммад Солиҳ¸ буни ўзининг Ўзбекистонга қайтиши олдини олиш учун МХХ¸ шахсан унинг раиси Рустам Иноятов уюштирган фитна деб баҳолаган эди:

- Мен август ойи охирларида Шавкат Мирзиëевнинг виртуал қабулхонасига мурожаат қилиб¸ ундан ўзимнинг Олий суд томонидан реабилитация қилинишимни сўрадим. Бу мактуб расман қайдга олинганидан сўнг¸ Шавкат Мирзиëев уни ҳуқуқий мақомда ечиш учун Ички ишлар вазирлигига юборган¸ деб эшитдим. Бу вазирликда ўтирган иноятовчилар (МХХ раиси Рустам Иноятов назарда тутилмоқда – таҳр.) уни дарҳол МХХга оширган. Шундан ажиотаж бошланган. “Бу одам қайтмоқчи. Қайтиб келса¸ бошимизга бало бўлади. Буни тўхтатиш керак”¸ деган топшириқ берилган. Менинг Ўзбекистонга қайтишимни тўхтатиш учун йўлимга ниҳоятда катта тўсиқ топиш керак эди. Бир ой ичида анчадан бери кузатувда бўлган Бобомуродни ҳибсга олишди. Ўйлаб топилган қўрқинчли тўсиқ¸ яна шу "ҳокимиятни ағдариш"¸ деган абсурд айблов бўлди. МХХдагилар 1999 йилги 16 февраль портлашлари ортидан уюштирилган сохта жиноий ишни шундоққина кўчириб¸ ундаги фигурантлар номини ўзгартириб¸ Бобомурод Абдуллаевни ҳам шунга қўшиб¸ иш ясашди. Бу билан Шавкат Мирзиëевни ҳам¸ қаранг¸ бу сизни ҳам ағдармоқчи¸ деб қўрқитмоқчи бўлишаяпти¸ деган эди 6 октябрь куни Озодлик билан суҳбатда Муҳаммад Солиҳ.

Муҳаммад Солиҳ: Бобомурод Абдуллаев иши мени ватанга қайтармаслик учун уюштирилган фитна!
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:19:57 0:00
Бевосита линк

Мустақил Ўзбекистоннинг 1991 йилги илк президентлик сайловида Ислом Каримовнинг ягона рақиби бўлган Муҳаммад Солиҳ¸ 1999 йил февралида Тошкентда содир этилган портлашларни уюштирганликда айбланиб, Ўзбекистон суди томонидан сиртдан 15,5 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

Туркияда муҳожирaтда яшаб келаëтган Солиҳнинг ўзи¸ қолаверса халқаро ҳуқуқ ташкилотлари, кўплаб хориж ҳукуматлари Муҳаммад Солиҳни сиëсий фаолияти учун таъқибга учраган шахс деб билади ва Каримов давридаги суд ҳукмини сиëсий жазо ўлароқ баҳолаган.

Президент Шавкат Мирзиëев 31 январь куни Ўзбекистон МХХ раиси генерал Рустам Иноятовни лавозимидан озод қилди. Мамлакатдаги энг қудратли шахслардан бўлиб келган Иноятовнинг ҳокимиятдан четлатилиши¸ Каримов даврида МХХ қурбонига айланган шахсларга нисбатан муносабат ўзгаришига асос бўлиши мумкинлиги тахмин этилмоқда.

Муҳаммад Солиҳ 70-80 йиллар давомида чоп этилган “Орзу фуқароси”, “Валфажр” , “Йўлнома”, “Олис табассум сояси”, “Тун ташбеҳлари”, “Бешинчи фасл”, “Қудуқдаги ой”, “Оқ кўйлаклар”, "Шаффоф уй", “Кўзи тийран дард” каби шеърий тўпламлар муаллифидир.

Унинг аксар шеърлари рус, инглиз, турк ва бошқа кўп тилларга ўгирилган.
Ўзи ҳам етук таржимон сифатида танилган Муҳаммад Солиҳ Франс Кафка асарларини, Пол Элюар, Апполинер, Имант Зиедонис асарларини, фин ва турк шеърияти намуналарини ўзбек тилига ўгирган.

Муҳаммад Солиҳ мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлиши ортидан унинг китоблари ҳам "тақиқланган адабиëтлар" рўйхатига киритилди¸ Ўзбекистон ичкарисида жамоатчилик орасида унинг номи ва китобларини тилга олиш жиноятга тенглаштирилди.

XS
SM
MD
LG