Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:02

Мирзиёевнинг янги фармони. Солиқ юки катталигича қолмоқда - тадбиркорлар


Ўзбекистон Давлат Солиқ Қўмитаси Фарғона вилояти бўлими.
Ўзбекистон Давлат Солиқ Қўмитаси Фарғона вилояти бўлими.

Озодлик суҳбатлашган тадбиркорлар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Солиқ мажбуриятларини бажаришда тадбиркорлик субъектларига янада қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонини “номига енгиллик” дея таърифлади.

Президент Шавкат Мирзиёев 7 сентябрь куни имзолаган фармонда 2022 йил 1 январдан бошлаб камерал солиқ текшируви натижалари бўйича аниқланган ҳуқуқбузарликлар учун молиявий санкциялар қўлланилмаслиги ва тадбиркорлик субъектлари томонидан солиқ ҳисоботини белгиланган муддатларда тақдим этмаганлик учун молиявий санкциялар бекор қилиниши кўзда тутилган.

Исми очиқланмаслигини сўраган Тошкентдаги йирик ишлаб чиқариш корхонаси ҳисобчиси президентнинг "бу фармони солиқ қонунларини бузувчилар учун енгиллик холос", дейди.

"Агар президент чиндан ҳам тадбиркорларга мададкор бўлмоқчи, енгиллик бермоқчи экан, солиқларни, жумладан Қўшимча қиймат солиғини (ҚҚС) камайтирсин. Бу фармонда солиқ қонунларини бузувчилар ёки солиқ тўламайдиганлар учун енгиллик ёки амнистия бериляпти, холос. Биз солиқ идорасига ҳужжатларни доим ўз вақтида пухта тайёрлаб, ҳар бир тийинигача ҳисоблаб топширамиз. Камерал солиқ текширувларида ҳеч қачон бизда камомад чиқмаган. Лекин солиқ юки катталигича қоляпти, ундан кўра шу солиқ юкини камайтирса, ана шунда ёрдам бўларди бизнес ривожига”, - дейди Тошкентдаги иккита етакчи ишлаб чиқариш корхонасининг ҳисобчиси.

Тошкентдаги “СтавИнвест” аудит корхонаси молиявий директори Тоҳир Алламурадов Мирзиёевнинг тадбиркорларни қўллаб -қувватловчи дея тақдим этилаётган қатор фармон ва қарорларига қарамай, амалда солиқ ва ҳокимият идораларининг тадбиркор фаолиятига ноқонуний аралашувлари тўхтамаётганини таъкидлайди:

“Тўғри, солиқ идораларининг бизнесга, тадбиркорлар фаолиятига ноқонуний аралашувларини тўхтатиш керак. Лекин айни пайтда солиқ қонунчилигини бузувчилар ҳам жазосиз қолмаслиги керак. Мен президентимиз нимани хоҳлаётганини тушуняпман. Ноқонуний аралашув ва бюрократияни камайтириш ва енгиллик бериш орқали бизнесни ривожлантирмоқчидир. Лекин бу фармонда тадбиркорга бирон наф кўраётганим йўқ. Фақат номига, аҳамияти йўқ ўзгаришлар. Камерал солиқ текширувларини ўтказиш керак, агар солиқни яшириш ҳолати аниқланса, жазолаш ҳам керак. Бу фармон фақат доим солиқ ҳужжатларини кеч тақдим этувчиларга тааллуқли бўлиб кўриняпти”, - дейди тошкентлик молиячи.

Камерал солиқ текширувлари солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботларини ва тадбиркор фаолияти тўғрисида мавжуд бошқа маълумотларни ўрганиш ва таҳлил қилиш йўли билан солиқ органи томонидан амалга ошириладиган текширувдир.

Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитасига кўра, шу йилнинг биринчи ярмида солиқ органлари ҚҚСни ноқонуний камайтириб кўрсатишга уриниш бўлган “шубҳали” молиявий операцияларни амалга оширган жами 12 786 та корхонада камерал текширувларни ўтказган.

Шулардан 12 539 та, яъни (98,1%) корхонада 1,3 трлн сўм “сохта” операцияларни амалга ошириш фактлари тасдиқланган ва даромадни яшириш кўламига қараб молиявий жазо қўлланилган.

Ўзбекистон президенти ўтган ой тадбиркорлар билан мулоқоти чоғида тадбиркорлик субъектларида асоссиз текширишлар бизнес ривожига тўғаноқ бўлаётганини айтган ва бу борада енгилликлар ваъда қилган эди.

“Ҳозир тадбиркорларга яна ҳам енгиллик берувчи фармон ишлаб чиқиляпти ва яқин кунларда эълон қилинади”, - деган эди Мирзиёев 20 август куни ўтказилган мулоқотда.

Нималар ўзгаради?

Ўзбекистон президенти фармонида 2022 йил 1 январдан бошлаб камерал солиқ текшируви натижалари бўйича аниқланган ҳуқуқбузарликлар учун молиявий санкциялар қўлланилмаслиги айтилган.

Тадбиркорлик субъектлари томонидан солиқ ҳисоботини белгиланган муддатларда тақдим этмаганлик учун молиявий санкциялар бекор қилиниши ҳам кўзда тутилган.

Бундан ташқари, 2022 йил январь – июль ойларида Хоразм вилоятида эксперимент ҳам ўтказилади.

Бу вақт давомида Хоразм вилояти давлат солиқ бошқармасида ҳисобда турган солиқ тўловчиларнинг қўшилган қиймат солиғи, акциз солиғи, айланмадан олинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича солиқ ҳисоботлари солиқ органлари томонидан ҳисоблаб чиқарилади ва шакллантирилади;

Бунда, солиқ органлари юридик шахслардан олинадиган ер солиғини – Кадастр агентлиги органлари маълумотлари асосида қўшилган қиймат солиғи, аксиз солиғи ва айланмадан олинадиган солиқни – электрон ҳисобварақ-фактура ва онлайн назорат-касса техникаси маълумотлари ҳамда солиқ органларида мавжуд бошқа маълумотлар асосида ҳисоблаб чиқаради ва солиқ ҳисоботини шакллантиради.

Солиқ органлари томонидан шакллантирилган солиқ ҳисоботи солиқ тўловчилар учун белгиланган тегишли солиқ ҳисоботини тақдим этиш муддатидан камида 10 кун олдин солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали юборилади;

Солиқ тўловчи солиқ органлари томонидан шакллантирилган солиқ ҳисоботини олган кундан бошлаб 5 кун ичида уни тасдиқлайди ёки, агар эътирозлари мавжуд бўлса, уни рад этган ҳолда, солиқ ҳисоботини қайта ишлайди ва ўрнатилган тартибда солиқ органларига тақдим этади.

“СтавИнвест” аудит корхонаси молиявий директори Тоҳир Алламурадов фикрича, президент фармони амалда ҳеч нарсани ўзгартирмайди:

"Ҳозир тадбиркорларни ўйлантираётган масала-солиқ юки. Бу тадбиркорлар оёғига боғланган кишан. 12 фоиз ҚҚС, 12 фоиз даромад солиғи ва 12 фоиз ягона ижтимоий тўлов ва яна 4 фоиз ягона солиқ. Ҳаммасини қўшса, катта йиғим бўлади. Солиқ ҳужжатларини тақдим қилишда енгилликлар ёки кечикса, санкция киритмаслик, кераксиз нарсалар аслида", - дейди молиячи.

XS
SM
MD
LG