Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:53

"Мирзиёевларга қариндош". Бир оиланинг 8 аъзосини ўлдирган автоҳалокат ҳақида нима маълум?


КИА-К5 автомобилини 15 яшар Иброҳим Абдукаримов бошқарган.
КИА-К5 автомобилини 15 яшар Иброҳим Абдукаримов бошқарган.

Жиззах вилоят, Зомин туман, Даштабод шаҳарчасидаги автомобил йўлида 13 март куни тушдан кейин содир бўлган автоҳалокатда бир оиланинг 8 нафар аъзоси ҳалок бўлди.

Ҳалок бўлганларнинг уч нафари 5, 7 ва 10 ёшдаги болалардир.

Даштобод-Зомин йўлида ҳаракатланаётган “КИА” русумли автомобил ҳайдовчиси бошқа машинани катта тезликда қувиб ўтиш жараёнида бошқарувни йўқотган ва қарама-қарши томондан келаётган “Нексия” автомобилига бориб урилган.

Мудҳиш йўл-транспорт ҳодисаси гувоҳлари ва Жиззахдаги манбалар автоҳалокатни содир қилган “КИА” автомобили ҳайдовчиси 15 яшар Иброҳим Абдукаримов Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев оиласига қариндошлигини иддао қилмоқда.

Бу Нексия автомобилидаги саккиз киши ҳалок бўлган.
Бу Нексия автомобилидаги саккиз киши ҳалок бўлган.

Исми сир қолишини сўраган ҳодиса гувоҳларидан бирининг айтишича бу автоҳалокат унинг уйига яқин жойда содир бўлган.

“Мен воқеадан тахминан беш минут ўтиб ўша жойга етиб бордим. Жуда ҳам даҳшатли манзарани кўрдим. “КИА” ҳайдовчиси, ёш бир бола экан. Уни дарҳол бошқа бир мошинага ўтқазиб, касалхонага олиб кетишди. Нексиядагиларга эса қараб бўлмасди. “Тез ёрдам” келиб, уларни ҳам олиб кетди”.

Озодликка юборилган, кузатув камераларидан биридан олинган тасвирга кўра, оқ рангли “Нексия”ни ўнг томондан катта тезликда қувиб ўтган “КИА” автомобили бошқарувни йўқотиб қарама-қарши томонга чиқиб кетади ва қора рангли “Нексия”га кучли зарб билан урилади.

Кузатув камерасидан олинган тасвир.
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:12 0:00

Озодлик қўлга киритган, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Жиззах филиали Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи Б. Холмурзаевнинг Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига юборган “билдирги”сида бу автоҳалокатда 8 киши ҳалок бўлгани ва бир киши тан жароҳати олгани ёзилган.

Автоҳалокатда вафот этган ва жароҳат олган шахслар рўйхати.
Автоҳалокатда вафот этган ва жароҳат олган шахслар рўйхати.

“Билдирги”га кўра, Зомин тумани Холқабод МФЙда яшайдиган 60 яшар Хўжам Бекмуродов, унинг хотини, ўғли билан келини, уч нафар невараси ва акасининг ўғли(“Нексия” ҳайдовчиси), жами “Нексия” автомобилида бўлган 8 киши вафот этган.

“КИА” ҳайдовчиси, 15 яшар Иброҳим Абдукаримов бош мия лат ейиши, ўнг сон суяги ва чап болдир суяклари ёпиқ синиши каби жароҳатлар билан реанимация бўлимига ётқизилган.

Зарбдор тумани давлат идораларидан бирида ишлайдиган Озодлик манбасининг айтишича, ўн беш яшар ҳайдовчи Иброҳим Абдукаримов президент амакиваччаси, айни пайтда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг юқори мартабали мулозими экани ишониладиган Мухтор Мирзиёев қайинсинглисининг ўғлидир.

Бу иддаони исми сир қолишини сўраган Зомин туманидаги МФЙ раисларидан бири ҳам тасдиқлади:

“Иброҳим деган бола Элдор Мирзиёевнинг(Мухтор Мирзиёевнинг ўғли - таҳририят) онасини синглисининг, яъни холасининг ўғли. Бизда "бўла" дейишади. Иброҳимнинг дадаси Ваҳобиддин вилоят газ ташкилотида ишлайди. Ўша куни Иброҳим онасини Даштобод шаҳридаги Мирзиёевларнинг яна бир қариндоши, икки йил аввал ковид туфайли оламдан ўтган марҳум бозорқўм Нўъмон Эгамбердиевнинг уйига ташлаб қайтаётган бўлган. Бозорқўмнинг уйида қанақадир маърака бўлаётган экан”.

Автоҳалокатда вафот этган, “Нексия” автомобили ҳайдовчиси Исмат Бегмуродовнинг акаси Ҳасан Бегмуродов, айбдор жазосини олиши керак деб ишонишини айтади:

Саккизта қабр ўзи бўлмаяпти, бу жазосиз қолмайди

“Ўн беш яшар болага рул бериб қўйиш яхши эмас. Уч оилани нобуд қиляпти. Саккизта қабр ўзи бўлмаяпти. Бу жазосиз қолмайди. Худо хоҳласа, ёпиқлигича қолмайди”.

Озодлик Зомин тумани ички ишлар бўлимига боғланиб, бу воқеа юзасидан жиноят иши очилган-очилмагани тўғрисида маълумот сўради. Мулозим Жиззах вилоят ИИБ матбуот хизматига боғланишни маслаҳат берди.

Жиззах вилоят ИИБ матбуот хизматининг сайтда кўрсатилган телефони Озодлик қўнғироқларига жавоб бермади.

Жиззах вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳодиса содир бўлганидан кўп ўтмай, бу ҳақда ўзининг Телеграм-каналида хабар тарқатди:

“2022 йилнинг 13 март куни тахминан соат 14.50 да Жиззах вилояти Зомин тумани Даштобод шаҳри ҳудудидан ўтувчи Даштобод – Зомин – Супа – Бахмал – Ғаллаорол 4Р-40 йўлининг 2-километрида “КИА К5” ва “Нексия-2” автомашиналари тўқнашиши оқибатида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Йўл-транспорт ходисаси иштирокчиларинг 2 нафари воқеа жойида ҳамда 6 нафари шифохонага етказилгандан сўнг кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан вафот этганлар. “КИА К5” русумли автомашина ҳайдовчиси И.А. йўл-транспорт ҳодисасидан олган тан жароҳатлари билан Зомин тумани тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган”.

Хабарга кўра, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

266-модда “Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш” деб таърифланади.

Модданинг 3-қисми “а” банди эса:

Ўша қилмиш:

а) одамлар ўлимига сабаб бўлса, —

муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Расмий хабарда ҳайдовчининг ёши кўрсатилмаган. Озодликнинг расмий изоҳ олиш мақсадида Ўзбекистон ИИВ матбуот хизмати билан боғланишга уринишлари ҳозирча натижа бермади.

Адвокат Умид Давлетовнинг айтишича, Ўзбекистондаги қонунчиликка биноан, вояга етмаган шахс жиноят содир қилса, қамоқ жазосидан қутулиб қолиши мумкин:

“Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 85-моддасига кўра, “вояга етмаганларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси олти ойдан ўн йилгача муддатга тайинланади. Лекин ўша модданинг давомида яна шундай талаб бор. Вояга етмай туриб ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят содир этган, эҳтиётсизлик оқибатида жиноят содир этган ёхуд қасддан унча оғир бўлмаган жиноят содир этган шахсларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо тайинланмайди. Ҳозир бу болага нисбатан 266-модда қўлланиляпти, бу эҳтиётсизлик оқибатида жиноят содир этганга киради. Бундай шахсларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланмайди, деб кодексда кўрсатиляпти”.

Адвокатнинг айтишича, боланинг ота-онаси автомобилнинг калитини бериб қўйгани учун маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 11 февраль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида мамлакатда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш масаласи издан чиқиб кетганини таъкидлаган эди:

"Бу биз учун катта фожиа эмасми? Бир йил ичида 10 мингдан зиёд авария содир этилиб, 2,5 мингдан ортиқ одам ҳалок бўляпти. Фожиа бу!"

Президентнинг сўзларига кўра, 2021 йилдаги автоҳалокатларда, жумладан, 263 нафар бола ҳам ҳалок бўлган.

Шавкат Мирзиëев Ўзбекистон йўлларидаги автоҳалокатлар ҳақида
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:05 0:00

Озодликда Жиззахда 8 кишининг ўлимига сабаб бўлган транспорт ҳодисасини содир этганликда гумон қилинаётган 15 яшар Иброҳим Абдукаримовнинг президент Мирзиёевга қариндошлигини тасдиқловчи расмий ҳужжат мавжуд эмас. Озодлик ҳодиса тафсилотлари юзасидан расмийларнинг изоҳларига очиқ.

Президентнинг кенжа куëви Тошкентдаги автоҳалокатда жароҳат олгани айтилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:08 0:00

Бундан аввал президентнинг кенжа куёви ҳамда унинг хавфсизлик хизмати мулозими Отабек Умаров бошқараётган мотоцикл 2021 йилнинг 13 февраль куни Тошкентдаги Пушкин метро станцияси яқинида йўл четидаги бетон бордюрга урилиб, қаттиқ жароҳат олган ва Жанубий Кореяда жарроҳлик амалиётини бошидан кечиргани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Бундан аввал 2019 йилнинг 19 июль куни Отабек Умаров Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлик хизмати томонидан пойтахт кўчаларида тезликни оширгани учун маъмурий жазога тортилган.

2019 йилнинг 6 августида халқ орасида “Президент трассаси” номини олган Тошкентнинг Пушкин метро станцияси яқинидаги Мустақиллик кўчасида Отабек Умаровга тегишли Nissan GT-R R35 русумли оқ рангли спорткарда йўл-транспорт ҳодисаси содир этилгани хабар қилинган.

XS
SM
MD
LG