Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:40

"Айбим Тошкентда туғилмаганим эди". Мирзиёев Тошкент пропискасини бекор қилганини айтди - нима ўзгарди?


Шавкат Мирзиёев 22 сентябрь куни Хоразмдаги сайловолди учрашуви чоғида биринчи муддат президентлигида амалга оширган ишлари ҳақида гапириб, Тошкент шаҳрида “пропискани ҳамма учун” қилиб қўйганини таъкидлади.

Озодлик суҳбатлашган ИИВ тизими ходимлари ҳамда мутахассисларга кўра, президентнинг “прописка ҳамма учун” қилиб қўйилгани тўғрисидаги сўзлари бироз “қулоғидан тортилган” баёнот бўлиб, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш жойида рўйхатга олиниши мумкин фуқаролар тоифаларига оид меъёр ўз кучида қолмоқда.

Айни пайтда баъзи тошкентликлар пойтахт инфратузилмаси прописка тизимининг либераллашуви туфайли пайдо бўладиган қўшимча “юк”ни кўтара олмаслигидан ташвишланаётгани маълум бўлди.

Президентнинг "айби"

Жорий йил 24 октябрида иккинчи муддатга сайланиши кутилаётган амалдаги президент Мирзиёев Хоразмдаги чиқиши давомида ёшлигида кўп қийинчиликлар кўргани, уйланганидан кейин ҳам ижарама-ижара яшагани, 10-15 йил институтда ишлаб номзодлик диссертациясини ёқлагунича ҳам на квартираси, на пропискаси бўлганини эслади. “Биламанки, бир пайтлар Тошкентда „прописка“ олиш азоб эди, мумкин эмасди. Иккинчи қарорим - Тошкентда „прописка“ олиш ҳаммага мумкинлигини мана ўзларинг ҳам сезяпсизлар”, деди.

Бу гапи ортидан президент “Битта айбим — Тошкентда туғилмаганим учун эди. Нима дегани бу? Адолат эмас-ку бу!” дея хитоб қилди.

"Прописка" ўрнига "доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш"

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг масъул ходими (ўзини таништиришни истамади) Озодликнинг “Тошкент шаҳрида пропискадан ўтиш тартиби тўла бекор қилинганми?”деган саволига жавобни “Бундай дейиш тўғри бўлмайди, шаҳарда рўйхатдан ўтиш ҳуқуқига эга фуқаролар тоифалари бор”, деб бошлади ва ўша тоифалардан бир нечасини санаб ўтди.

Ички ишлар мулозими санашни бошлаган тоифалар рўйхати президент 2020 йилнинг 13 майида имзолаган қонунда янгилаб қўйилган.

“Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида"ги 2011 йилги қонунга ўзгартишлар ва қўшимча киритган қонунда “прописка” чиндан ҳам “бекор қилинган”. Аниқроғи, “прописка” сўзи ўрнига «доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш» ибораси киритилган.

Янги қонунга биноан:

  • фуқаролар биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошлари яшаб турган манзилга ёки уларнинг бошқа манзилдаги уй-жой майдонига;
  • тарбияга олинган болалар — тутинган ота-онанинг доимий яшаш жойига;
  • шунингдек, Тошкент шаҳри ва вилоятида жойлашган давлат ташкилотларида 5 йил муддат мобайнида узлуксиз ишлаётган мутахассислар (техник, хизмат кўрсатувчи ва ишлаб чиқариш ходимларидан ташқари), шунингдек уларнинг оила аъзолари мазкур ҳудудларда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинадиган бўлди.

Олдинги тартибга кўра, эр-хотиннинг никоҳдан кейин 1 йил давомида биргаликда яшаш шарти ва 1 йил ичида никоҳ бекор қилинганда прописка йўқотилиши ҳақидаги қоидалар эндиликда ўз кучини йўқотди ва янги қонундан чиқарилди.

Янги тартибга кўра, эр-хотинга улар никоҳдан ўтган куннинг ўзида яшаш жойи бўйича доимий рўйхатга қўйиш ҳуқуқи берилади.

Босқичма-босқич ислоҳот

Айни пайтда амалда прописка тизими енгиллаштирилганини фуқаролар ҳис қила бошлагандай. Пойтахтда яшаётган қашқадарёлик ёш шоир Жонтемир Жондор Озодлик саволига жавоб бераркан, “Тошкентга пропискага шу йил тургани, муаммога учрамагани”ни айтди. Шоир қонунда белгилаб қўйилган тоифалардан қай бирига киришини очиқламади.

Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов пойтахтда пропискадан ўтиш тартиби анча енгиллашганини эътироф этаркан, Чор Россиясидаги крепостной ҳуқуқи ва кейинчалик совет даври сарқити бўлган тизим оқибатлари ҳануз буткул йўқолиб кетмаганини айтади:

“Прописка тизимининг босқичма-босқич бекор қилиниши, шубҳасиз, олқишга сазовор ислоҳотдир. Ички миграцияни чеклаш мақсадида амалга оширилган бундай прописка тизимидай зўравонликнинг ўтмишда қолгани рост бўлсин. Аммо кишиларнинг конституциявий ҳаракатланиш эркинлигини чеклаб келган мазкур тизим оқибатларини ҳалигача ҳам кўриш мумкин”.

Ташановга кўра, прописка тизими келтириб чиқарган ҳуқуқий оқибатлар ҳозирда маҳкама терговлари муҳокамасида.

“Жамиятимизга шу ойнинг ўзидаёқ пропискаси бўлмагани боис муқаддам танишларининг номига уй сотиб олиб, уларни қайтариб ололмаётган 5 нафар шахс мурожаат қилди. Улар фуқаролик судларида ўзаро низолашмоқда. Умуман олганда ҳозирда судларда, тергов органларида бу каби ўнлаб, юзлаб ишлар мавжуд”.

Гап шундаки, 2011 йилги қонунга биноан Тошкентдан уй сотиб олган фуқаро ўша уйга прописка қилиниши мумкин эди. Бироқ амалда бу иложсиз, чунки уй сотиб олиш учун фуқаро пропискадан ўтган бўлиши лозим эди.

Уй сотиб ол - тошкентлик бўл!

Ушбу масала ечими ва умуман прописка тизимининг либераллашувига хизмат қилган яна бир ҳужжат президентнинг 2020 йил, 22 апрелдаги фармонидир.

Унда мана бундай меъёр белгилаб қўйилган:

“2020 йил 1 апрелдан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулкни олишда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун ушбу ҳудудларда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинганлиги талаб қилинмайди”.

Фармон чиққанидан кейин ўтган 70 кун ичидаёқ Тошкент шаҳрида 12 779 та, Тошкент вилоятида 2052 та, жами 14 851та уй-жой олди-сотдиси қайд этилди. Бу ҳақда хабар қилган Адлия вазирлиги ҳисоб-китобича, уй-жой олди-сотдиси билан боғлиқ шартномаларнинг 70 фоизи вилоятдан келганлар иштирокида тузилган.

Тошкент елим тасма эмас?

Жиззах туғилиб, 40 йилдан буён Тошкентда яшаётган ҳуқуқшунос Нуриддин Сандибоев Озодлик билан суҳбатда вилоятликларнинг Тошкентдан уй сотиб олиш тенденцияси ўзини ташвишга солаётганини яширмади:

“Тўғри, прописка тартиби қаттиқ бўлган пайтларда бундан менинг ўзим ҳам норози эдим. Бироқ бу тартиб юмшатилганидан кейин вилоятлар аҳолиси Тошкентга кўчиб келиб олиш хавфи пайдо бўлди. Уй сотиб олганлардан ташқари минглаб, ўн минглаб келаётган ички меҳнат мигрантлари бор. Кўпчилиги бир ўзи эмас, оиласи билан кўчиб келади. Натижада мактабларда, жамоат транспортида жой етмаяпти, шаҳарнинг нормал ҳаётини таъминловчи бошқа хизматларда ҳам зўриқиш пайдо бўлмоқда”.

Ҳуқуқшунос фикрича, ҳукумат Тошкентни “очиш” билан бир қаторда “вилоятлар марказларини ҳам Тошкентга айлантириши”, баъзи вазирликларни вилоятларга кўчириши керак.

Таҳлилчилар минтақалар ялпи ички маҳсулоти ҳажмидаги фарқ, жойлардаги инфратузилманинг ривожланмагани, урбанизация ҳамда саноатлашиш даражасидаги тафовутлар аҳолини пойтахтга тортаётгани, оқибатда ички меҳнат миграциясини назорат қилиш қийинлашганини айтишади. Совет даврида ички миграция жараёнларининг иштирокчиларини асосан, талабалар, ёшлар ва йирик корхоналарнинг унча катта бўлмаган сондаги маҳаллий ишчилари ташкил этган бўлса, мустақиллик йилларида бу нисбат пойтахтга оқиб келаётган норасмий меҳнат бозори иштирокчилари ҳисобига ўзгарган.

Бундан ташқари, Оролбўйидаги вазият экологик мигрантларни пайдо қилгани ва демографик ўсиш ҳам ички миграция жараёнларига таъсир кўрсатаётган асосий омиллар қаторида тилга олинади.

Ўзбекистон Сенати ўтган ой берган маълумотга кўра, Тошкент шаҳри аҳолиси сони 2021 йил 1 июль ҳолатига 2,7 млн кишини ташкил этиб, жорий йил бошидан буён 42,8 минг кишига ўсган.

27 август куни Сенат Тошкент вилоятининг 7853,3 гектар ер майдонини Тошкент шаҳрига, пойтахтнинг 171,3 гектар ерини эса Тошкент вилоятига ўтказиш тўғрисидаги лойиҳани маъқуллаган. Сенат хабарида пойтахт аҳолиси ўсиши баробарида юзага келаётган муаммоларни Тошкент шаҳри ҳудудини босқичма-босқич кенгайтириш орқали ҳал қилиш мумкинлиги айтилади.

"Камбағаллар вазирлиги" баёноти

Баъзи баёнотларга қараганда, Ўзбекистон ҳукумати ҳуқуқшуносни ташвишга солаётган масалаларни ўйлаётгандай: Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги баёнотида минтақаларда "тортишиш марказлари"ни яратиш ҳақида сўз боради:

"Ўзбекистоннинг йирик шаҳарларини ривожлантириш бўйича стратегик платформа ва стратегия яратилмоқда, бу эса уларни аҳоли учун ривожланган инфратузилма, таълим, иш билан таъминлаш ва ижтимоий ҳимоя қилиш салоҳиятига эга ўзига хос тортишиш марказларига айлантириш имконини беради. Бу эса, ўз навбатида, ҳудудлардаги миграция маҳаллий характерга эга бўлишига имкон беради, шу билан уни пойтахтга эмас, балки ҳар бир минтақанинг йирик шаҳарларига йўналтиради".

Ўзбекистон Республикасида урбанизация даражаси. (Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги сайтидан)
Ўзбекистон Республикасида урбанизация даражаси. (Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги сайтидан)

Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов бу соҳадаги янада либераллаштириш тарафдори эканини айтади.

“Тошкент шаҳри ва вилоятига прописка қилиш тўғрисидаги қонунни бутунлай истеъмолдан чиқариш тарафдориман. Мазкур ғайри конституциявий акт яқин ўтмишни эслатувчи виртуал экспонат бўлиб қолиши лозим”, дейди ҳуқуқ фаоли.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG