Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:38

Бўстонлиқда милиция ходимлари дўконларни соат 22 дан кейин мажбуран ёптирмоқда (ВИДЕО)


Милиция ходимлари "Диёра асал" дўконини ёпишни талаб қилмоқда
Милиция ходимлари "Диёра асал" дўконини ёпишни талаб қилмоқда

Тошкент вилоят, Бўстонлиқ туман маркази – Ғазалкент шаҳрида соат 22 дан кейин барча турдаги дўконлар милиция ходимлари томонидан мажбуран ёптирилаётгани ҳақида Озодликка тадбиркорлар шикоят қилиб, бу жараён акс этган аудио ва видео файллар тақдим қилди.

Тадбиркорларнинг айтишича, туман ҳокимининг дўконлар соат 22.00 гача ишлаши ҳақидаги 2017 йилги қарори бекор қилинган, лекин милиция ходимлари буни инобатга олмаяпти.

Бўстонлиқ туман ИИБ соат 22.00 дан кейин савдо дўконлари ёптирилаётганини тасдиқлади ва бу туман ҳокимининг кўрсатмаси билан амалга оширилаётганини айтди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси мулозими, Озодлик мухбиридан Бўстонлиқдаги вазият ҳақида эшитгач, уни ўз назоратига олди.

Тадбиркор Гўзал Қирбаева Озодликка жўнатган аудио, видео ва суратларда милиция ходимларининг 26 июль куни кечқурун соат 11 ларда унинг “Диёра асал” хусусий дўконини ёптиришга келгани ва харидорларни дўконга киргизмасликка ҳаракат қилаётгани акс этган.

Бўстонлиқда милиция тадбиркорни соат 22дан кейин дўконини ëпишга мажбурламоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:20 0:00

Гўзал Қирбаева видеода милиция ходимларидан дўконни соат 22 дан кейин ишламаслиги лозимлигини тасдиқловчи ҳужжат кўрсатишини талаб қилади.

Милиция ходимлари ҳеч қандай ҳужжат кўрсатмасдан, фақат дўконни тезда ёпишни талаб қилади.

Исм-фамилиясини Озодлик аниқлай олмаган бир милиция ходими, “бу туман ҳокимининг қарори”, дейди.

Гўзал Қирбаева ўша қарорни кўрсатишни талаб қилади, аммо милиция ходимлари бу қарорни кўрсата олмайди.

Милиция ходимлари дўкон эшигининг олдига туриб олиб, келган харидорларни дўконга киргани қўймайди.

Дўкон сотувчилари ва милиция ходимлари ўртасида оғзаки жанжал бўлиб ўтади.

Милиция ходимлари "Диёра асал" дўконини ёпишни талаб қилмоқда. Кузатув камерасидан олинган сурат.
Милиция ходимлари "Диёра асал" дўконини ёпишни талаб қилмоқда. Кузатув камерасидан олинган сурат.

Гўзал Қирбаеванинг 27 июль куни Озодликка айтишича, милиция ходимлари жуда қўпол муносабат қилиб дўконни ёпишга мажбур қилган:

- Бу биринчи кун эмас, саккиз ойдан буён тинчлик йўқ. Банкдан кредит олиб, савдо қиляпмиз. Тўртта фарзандим бор. Иккитасига контракт тўлайман, зўрға учма-уч қилиб ишлаяпмиз. Лекин булар эркин ишлагани қўймаяпти. Биз спиртли ичимлик сотмаймиз, озиқ-овқат, болаларга памперс ва шу кабилар. Милиция ходимлари эса, кеча бостириб кириб, ёпинглар деб туриб олди. Ўзини таништириш йўқ, бирор хил ҳужжат кўрсатиш йўқ, муомала йўқ. Худди, зўравонлардай дўконни ёпинг, деб буйруқ беради. Нима эмиш, жиноятнинг олдини олармиш. Дўконни ёпиш билан жиноятни олдини олиш мумкинми? - дейди тадбиркор.

Гўзал Қирбаеванинг айтишича, милиция ходимлари харидорларга ҳам қўпол муомала қилган:

- Эшикка туриб олишган, келганларни итариб-итариб ташлашяпти, қани бир киши кирсин, олиб бориб отпечаткаларингни оламиз, қамаймиз, деб харидорларни ҳам қайтариб юборяпти. Кечаси зарурат бор эканки, одамлар бир нарса олгани келади. Нима олиши мумкин, боласига памперс олиши мумкин, шампун, совун ёки нон олиши мумкин. Нега президентимиз тадбиркорларга эркинлик беринг деб турганда, булар бизни бўғишга ҳаракат қилишади, - дейди Гўзал Қирбаева.

Тадбиркорнинг айтишича, Бўстонлиқ туман ҳокимининг 2017 йил 9 декабридаги 202-ф сонли фармойишига кўра, туман ҳудудидаги барча дўконларнинг иш вақти 08.00дан 22.00гача қилиб белгиланган эди.

Лекин тадбиркор бу фармойиш юзасидан Ўзбекистон президенти порталига шикоят қилганидан сўнг, Президент ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили Д. Қосимов Тошкент вилоят ҳокимига тақдимнома киритган эди.

Президент ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи вакил тақдимномаси
Президент ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи вакил тақдимномаси

Бу тақдимномада, давлат корхонаси чакана савдо объектларидан ташқари савдо объектларининг иш режими мулкдор томонидан белгиланиши кўрсатилган.

Бўстонлиқ туман ҳокими Ғ.Мадаминов тақдимномани ижро эта туриб, ўзининг 2017 йил 9 декабридаги 202-ф сонли фармойишини бекор қилади ва “тақдимномада кўрсатилган ҳолатларни келгусида йўл қўймаслик юзасидан тегишли чоралар кўрилсин”, деган қарор чиқаради.

Бўстонлиқ туман ҳокимининг аввалги қарорини бекор қилгани ҳақидаги қарори
Бўстонлиқ туман ҳокимининг аввалги қарорини бекор қилгани ҳақидаги қарори

Гўзал Қирбаеванинг айтишича, "Президент вакили ва туман ҳокимлигининг бу қарори дўкон эшикларига ёпиштириб қўйилган, лекин милиция ходимлари буни кўриб, ўқиган бўлса ҳам дўконни ёпишни талаб қилган".

Озодлик 27 июль куни Бўстонлиқ туман ички ишлар бўлими билан боғланиб, ушбу ҳолат юзасидан муносабат сўради.

Ўзини таништирмган ички ишлар мулозими, ҳақиқатан ҳам соат 22 дан кейин ишлаётган дўконларга рейд ўтказилаётганини тасдиқлар экан, милиция ходимлари ҳокимнинг топшириғини бажараётганини айтди:

- Туман ҳокимининг кўрсатмаси бор, келсангиз, шу ерда сизга тегишли кўрсатмани берамиз, - деди ички ишлар мулозими.

Озодлик Ўзбекистон Савдо-саноат палатасига мурожаат қилиб, соат 22 дан кейин тадбиркорлар дўконларининг мажбуран ёпилиши қанчалик қонунийлигига оид жавоб олмоқчи бўлди.

Озодлик билан суҳбатлашган палата мулозими Ғулом Аллаев, тадбиркорларнинг нимадан норози бўлаётганини батафсил ёзиб олгач, буни матбуот хизматига етказишни ва матбуот хизмати раҳбари Озодлик билан ўзи боғланишини айтди.

Бир соатдан сўнг Ўзбекистон савдо-саноат палатасининг матбуот хизмати раҳбари Дилфуза Рўзиметова Озодлик билан боғланиб, Бўстонлиқда бўлган ҳолат назоратга олингани ва тадбиркор Гўзал Қирбаева 30 июль куни палата раисининг биринчи ўринбосари Ислом Жасимов қабулига таклиф қилинганини айтди:

"Мазкур масала бўйича адолатли қарор қабул қилиш ва тадбиркорга ёрдам бериш мақсадида уни раис ўринбосари қабулига таклиф қилдик. Бу каби муаммоларни ҳал қилиш учун палата мутахассислари ҳаракат қилмоқда. Натижасини албатта сизларга хабар қиламиз", деди Дилфуза Рўзиматова.

XS
SM
MD
LG