Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:03

ИИБ мулозими босқинчиликда айбланиб ҳибсга олинди


Ўзбекистонда милиция ходимларининг босқинчилик айби билан қамоққа олиниши камдан-кам кузатиладиган ҳодиса.
Ўзбекистонда милиция ходимларининг босқинчилик айби билан қамоққа олиниши камдан-кам кузатиладиган ҳодиса.


Сирдарё вилоят, Янгиер шаҳар Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Д.С. бошчилигидаги уч кишидан иборат гуруҳ апрель ойининг бошида Бекобод шаҳридаги уйлардан бирига бостириб кириб, уй эгасининг қўл-оёғини боғлаб, унинг 70 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулини олиб кетган.

Тошкент вилоят ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармасининг ички фойдаланиш учун юборилган хабарига кўра, жиноий гуруҳ таркибида Сирдарё вилоят ИИБ жиноят қидирув бўлимининг собиқ ходими ва яна бир гулистонлик шахс ҳам бўлган.

Бу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 164-моддаси(босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Сирдарё вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Достон Шамсиддинов Д.С. исмли шахс ички ишлар органида умуман ишламаганини иддао қилмоқда.

Жиноят тафсилотлари ҳақида хабар берган Тошкент вилоят ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармасига кўра, номаълум шахслар Бекобод шаҳрида яшовчи И.О.нинг уйига бостириб кириб катта миқдордаги пулни тортиб олган.

“Улар И.О.ни қўллари билан ушлаб, ўзлари билан олиб келган отвёртка билан “бақирсанг ўлдираман” деб қўрқитиб, қўллари ва оёқларини скотч билан ўраб, мазкур уйда бўлган, унга тегишли жами 70 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулни босқинчилик йўли билан, талон-торож қилиб кетган”.

Мазкур ҳолат юзасидан номаълум шахсларга нисбатан Зангиота тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 164 моддаси 4-қисми “а” банди билан 272371/2022-66-сонли жиноят иши қўзғатилган.

Хабарга кўра, тезкор тадбир давомида босқинчилик жиноятини содир этган шахслар Янгиер шаҳар Ички ишлар бўлимининг ўринбосари Д.С., Сирдарё вилоят ИИБ жиноят қидирув бўлимида муқаддам ишлаган Ш.Б. ва Гулистон шаҳрида яшовчи, вақтинча ишсиз Ҳ.Э. эканлиги аниқланган.

Улардан икки нафари ушланган, Ҳ.Э. ни эса топиш чоралари кўрилмоқда.

Янгиер шаҳар ИИБда ишлайдиган, матбуотга гапириш ваколати йўқлиги учун исми сир қолишини сўраган мулозимнинг Озодликка айтишича, бу воқеа уларнинг иш фаолияти устига тушган қора доғ бўлган:

“Неча кундан бери орамизда фақат шу гап. Наҳот, бизнинг раҳбаримиз шунчаликка борган бўлса. Эшитишимизча, замполит(бошлиқнинг маънавий-маърифий ишлари бўйича ўринбосари – таҳр.) бекободлик одамнинг уйида катта пул борлигини ўзининг таниши бўлган унинг синглисидан эшитиб қолган ва жиноий гуруҳни ўзи уюштирган. Бу воқеа апрель ойи бошларида бўлган экан. Жиноят изи тезкор гуруҳни бизнинг ИИБга олиб келибди. Маънавий ишлар бўйича ўринбосаримиз ҳозир қамоқда”.

Исми сир қолишини сўраган яна бир ички ишлар мулозимига кўра, бу хабар оммага тарқалиб кетмаслиги учун вилоят ИИБ зўр бериб ҳаракат қилмоқда:

“Бу инсоннинг укаси эса вилоят ИИБнинг котибиятида ишларди. Ҳозир Жиноят қидирув бўлимига ўтиб кетган. Бошлиққа энг яқин одам. У қўлга тушганида вилоят ИИБда икки кун тинимсиз мажлис бўлди. Ҳаммага вилоят ИИБ обрўсинини туширган бу воқеа жуда қаттиқ сир тутиш кераклиги уқтирилди. Д.С. бизга бир йилча олдин ишга келди, у аввал Сирдарё вилоят ОВИРда ишларди. Бизга ишга келганига бир ой бўлмасдан, ишга хоҳиши йўқлиги билиниб қолди. Дарров болничнийга чиқиб кетди. Унинг қанақалигини ҳам билмадик, нималигини ҳам билмадик. Бизга доғ туширадиган жуда ҳам аҳмоқона иш бўлди”.

Сирдарё вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Достон Шамсиддинов Озодлик билан суҳбатда босқинчиликда айбланаётган ички ишлар мулозими Д.С. умуман уларнинг шахсий таркибида бўлмаганини айтди:

“Йўқ, у бизнинг ходим эмас, Сирдарё вилояти ИИБ ходими эмас. Умуман ходим бўлмаган”.

Озодликнинг Тошкент вилояти ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси ахборотида ҳам, Янгиер шаҳар ИИБ мулозимлари билан суҳбатда ҳам унинг маънавий ва маъмурий ишлар бўйича ўринбосар бўлгани тасдиқланяптику, деган саволига Шамсиддинов:

“Тошкент вилоят ИИББ ёлғон хабар тарқатган, у бизда ишламаган”, деб жавоб берди.

Сирдарё вилоят прокуратурасининг ўзини таништирмаган ходими ҳам Янгиер шаҳар ИИБ бошлиғи собиқ ўринбосари Д.С.га нисбатан жиноят иши очилганини тасдиқлади.

Тошкент вилоят ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси хабарига кўра, Д.С. 16 апрель куни ўз вазифасидан бўшатилган.

Озодликнинг Тошкент вилоят прокуратурасидан бу ҳақда маълумот олишга қилган ҳаракати натижа бермади.

Озодликда Тошкент вилоят ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармасининг мазкур воқеа юзасидан ахбороти нусхаси мавжуд.

Бу ахборотда гумонланувчилар исм-шарифи, турар жойи ва суратлари эълон қилингани сабабли уни чоп этмаймиз.

Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 164-моддаси(босқинчилик)нинг 4-қисми “а” бандига кўра, агар босқинчиликда гумонланаётган шахсларнинг айби тасдиқланса, улар ўн йилдан йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

XS
SM
MD
LG