Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:46

Россия депортация марказларидаги мигрантларга ишлаш имконияти берилиши мумкин


Uzbekistan/Russia -"Hunting" for migrants in Petersburg, 16/06/2016.
Uzbekistan/Russia -"Hunting" for migrants in Petersburg, 16/06/2016.

Россия президенти ҳузуридаги инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаш мигрантлар депортация амалиётини енгиллаштиришга оид таклифларни Давлат Думасига оширди. Бу ҳақда Кенгашнинг миграция комиссияси раҳбари Евгений Бобров Озодлик билан суҳбатда маълум қилди.

Евгений Бобровнинг Озодликка билдиришича, депортация марказларида сақланаётган мигрантларга ишлаш имкониятининг берилиши депортация марказларидаги вазиятни енгиллаштириши мумкин.

- Ўз хоҳиши билан ишга жалб этилган муҳожирлар кетишлари учун йўл пули ва қисман уйга ҳам пул олиб келиш имкониятига эга бўлишади. Чунки ишлаш учун келаётган кишилар кўп ҳолларда Россия қонунларининг номукаммаллиги ёки ўз хатолари боис депортация марказларига тушишади. Улар у ерда ўрта ҳисобда 2 ойдан ярим йилга қадар ушлаб турилади. Бундай вазиятда ҳар қандай соғлом инсон ақли ҳам таназзулга учраши мумкин, деди Евгений Бобров. Лекин у депортация марказларида сақланаётганларни иш билан таъминлаш механизмини, улар қандай ишларга жалб этилиши мукинлигини очиқламади.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, Россия ҳудудида 80 га яқин чет элликларни сақлаш марказлари (СУВСИГ) нинг аксариятида вазият ёмонлигича қолмоқда.

Ҳозирда ушбу марказларда, миграция қонунларини бузган 5700 га яқин хорижий сақланмоқда.

Тутқинларнинг аксарини ўзбекистонликлар ташкил этади

Иркутск вилояти ўзбеклар миллий-маданий маркази раҳбари Юсуп Қулматов Озодлик билан суҳбатда, депортация марказларида муҳожирларга ишлаш имконияти бериш таклифини қўллаб-қувватлашини билдирди.

- Менимча, ушбу қонун бир неча йил олдин қабул қилиниши керак эди. Мен Иркутск вилояти мисолида гапира оламан. Иркутск миграция расмийлари “ўзбекистонликларни ватанига жўнатишга бизда пул йўқ, ёрдам беринглар”, деб бизга мурожаат қилиб туришади. Биз, алабтта, кучимиз етганча аҳволи оғир ўзбекистонликларни жўнатиш учун пул йиғиб берганмиз. Мигрантларни бекорга ушлаб ўтиргандан кўра, уларнинг кетишлари учун пул ишлаш имконияти бериш ижобий қадам деб ўйлайман, деди Юсуп Қулматов.

Россия давлат бюджетидан ажратилган маблағнинг камлиги сабабли, муҳожирлар ойлаб депортация марказларида ушланиб турилмоқда.

Россия президенти ҳузуридаги инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаш миграция комиссияси раҳбари Евгений Бобровга кўра, ҳуқуқ фаоллари енгил қонунбузарлик бўйича депортацияга тушган мигрантларга қўйилган таъқиқни бекор этиш таклифини ҳам олдинга суришган.

Ушбу таклифлар киритилган қонун лойиҳаси Россия қуйи парламенти - Думага топширилган ва шу йил охирига қадар қабул қилиниши кутилмоқда.

​Озодлик Россия чет элликларни сақлаш марказлари (СУВСИГ)да қолаётган меҳнат муҳожирлари депортациясига Россия ҳукумати бюджетидан маблағ ажратилмаётгани ва улар депортация лагерларида узоқ муддатга қолиб кетаётгани тўғрисида хабар берган.

Ҳуқуқ фаоллари ҳозирги вазият янада ёмонланиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Чунки жорий йилда чет элликларни депортация қилиш учун ажратилган маблағ миқдори икки бараварга - 400 млн рублдан 200 млн рублга қисқартирилган.

XS
SM
MD
LG