Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:08

Вазирлик вакили: Ҳукумат меҳнат мигрантлари ҳимояси учун 200 млрд сўм ажратди (ФОТО)


Саиднўмон Мансуров - ваколатхона янги раҳбари
Саиднўмон Мансуров - ваколатхона янги раҳбари

Москвада Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ваколатхонаси иш бошлади. 12 март куни вакиллик раҳбари Саиднўмон Мансуров “Фарғона уйида” миграция масалалари бўйича жамоатчилик вакиллари саволларига жавоб бериб, ҳукумат ўзбек ишчи муҳожирлари ҳимоясига ҳозирча 200 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратганини маълум қилди.

​Озодлик билан эксклюзив суҳбатда Саиднўмон Мансуров янги очилган ваколатхонанинг асосий мақсад ва вазифаларини ҳақида гапираркан, бундай деди:

- Ваколатхонанинг асосий мақсади – бу Россияга келган ва “меҳнат мигранти” мақомига эга бўлган Ўзбекистон фуқароларини ҳимоя қилишдир. Мен ўзбекистонликлар бошқа давлатга келганида у давлат тилини ўрганиши кераклиги, ҳар бир имзо чекаётган ҳужжатни текширганидан кейингина қўл қўйишларини хоҳлардим. Қолаверса, уларга “Ўзбекистонга қайтинглар, ҳаракат қилайлик, иш топайлик, Ўзбекистонни ривожлантирайлик”, демоқчиман, деди Саиднўмон Мансуров.

Айни дамда, агентлик мулозимига саволлар жуда кўп.

Россияда муҳожиратда юрган юзлаб ўзбеклар жасадларини, депортация марказларида қолаётган минглаб ватандошларни Ўзбекистонга юбориш, иш ҳақини ололмаётган ўн минглаб ишчиларнинг маошини ундириш, маҳаллий полиция ва судда мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари ўз ечимини кутиб қолмоқда.

"Буюк келажак” Халқаро нодавлат-нотижорат ташкилоти эксперти 33 яшар Саиднўмон Мансуров асли Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳридан. Ўзбекистонда таҳсил олган, Франция, Япония, Литвада малака оширган. Россияда илмий изланиш билан шуғулланган Саиднўмон бугунда Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги расмий вакилидир.

Саиднўмон Мансуров "Фарғона уйи"га йиғилган миграция соҳаси экспертлари ва журналистларни Ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича агентлик билан ҳамкорлик қилишга чақирди.

Вазирлик вакили мигрантлар масалалари билан шуғулланувчи ваколатхона Жанубий Корея ва Россияда очилганини билдирди.

"Фарғона Уйида" йиғилганлар саволлари кўп бўлди
"Фарғона Уйида" йиғилганлар саволлари кўп бўлди

Йиғилганлар саволларига жавоб берган ваколатхона раҳбари Ўзбекистон ҳукумати ниҳоят йиллар давомида миграция масалаларида йиғилиб қолган ва инкор этиб келинган муаммоларни бартараф қилишга бел боғлаганини маълум қилди.

Шунингдек, йиғилганлар олдида қилган чиқишида Саиднўмон Мансуров Ўзбекистон ҳукумати Россиядаги меҳнат миграцияси масалаларига 200 млрд сўм миқдорида пул ажратганини айтди.

- Бу 200 миллиард сўм маблағ Ўзбекистондаги банк депозитларига жойлаштирилди ва ундан олинаётган даромад мигрантлар муаммолари ечимига – ўликларни жўнатишга, депортация марказларидан чиқариб олишга, авиа ва темир йўл чипталари тўлови ва бошқасига сарфланаяпти, деди суҳбатдош.

Учрашув давомида ўтган бир ой ичида Россиядан Ташқи Меҳнат миграцияси масалалари бўйича агентлик ёрдамида 16 мигрант жасади Ўзбекистонга юборилгани айтилди.

Йиғилишда иштирок этган “Тут Ждут” мигрантларни ишга жойлаштириш Интернет лойиҳаси раҳбари Наталья Хмельницкая Озодликка бундай очиқч мулоқот Ўзбекистон ҳукумати вакиллари билан биринчи маротаба бўлаётганидан қувонганини билдирди.

- Бу учрашув жуда катта ютуқ, чунки бундай иш ташкиллаштириш бу ердаги муҳожирларга бўлган муносабатни ва миграция тизимининг ўзини ўзгартиради, деб ўйлайман, деди миграция эксперти Наталья Хмелницкая.

Uzbekistan/Russia -Meeting with representative Saidnumon Mansurov, 12.03.2019
Uzbekistan/Russia -Meeting with representative Saidnumon Mansurov, 12.03.2019

Москвалик юрист Ботиржон Шерматов сўнгги пайтларда Ўзбекистон ҳукуматининг меҳнат миграциясига бўлган муносабати ижобий томонга ўзгаргани кузатилаётганини айтди:

- Мигрантларга муносабат ўзгаряпти. Юқоридан, амалдорлардан ҳам талаб ўзгаряпти. Шунинг учун Россиядаги мигрантлар муаммолари билан эндиликда кўпроқ юракдан ва кўнгилдан иш олиб борилади, деган умидимиз бор, деди Ботиржон Шерматов.

Россиядаги барча ташкилотлар ва тузилмаларни миграция масалаларида ҳамкорликка даъват этган Саиднўмон Мансуров ёрдамга муҳтож меҳнат муҳожирлари ҳам бевосита Ўзбекистоннинг Москвадаги консуллиги қошида жойлашган агентлик ваколатхонасига мурожаат қилишлари мумкинлигини айтди. Ҳозирча ваколатхона тўлиқ ишга тушмагани ва элчихона биносида жойлаштирилган агентлик хоналари таъмирланаётгани маълум.

Ўзбекистоннинг собиқ Президенти Ислом Каримов ўзбекистонлик муҳожирларни "дангасалар"деб атаб, улардан "жирканишини" айтиб келган.

XS
SM
MD
LG