Линклар

Шошилинч хабар
17 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:03

Тошкент кафе-ресторанларида саҳарлик ва ифторлик ўтказишга бу йил тақиқ йўқ


Ўзбекистонда ифторга таклиф
Ўзбекистонда ифторга таклиф

Тошкент шаҳридаги ресторан ва кафелар ифторлик ўтказиш учун чекланмаган миқдорда буюртма қабул қилмоқда. Айтилишича¸ жорий рамазонда аввалги йиллардаги каби кафе-ресторанларда ифторлик ўтказишга қатъий тақиқ қўйилмаган. Айни пайтда¸ диний идора масъуллари ифторликни жамоат жойларида эмас, хонадонларда ўтказишни маслаҳат бермоқда.

Ошхоналар саҳарлик бераяпти

Тошкентлик рўзадор Тошбек¸ бу йил рамазон ойида пойтахтдаги умумий овқатланиш шохобчаларида рўзадорларга турли хил хизматлар кўрсатиш тармоғи анча кенгайганини айтади:

- Бу йилги Рамазон ойида анча ўзгаришлар бор. Аввалги йилларда кечаси билан ишлаб, рўзадорларга саҳарлик таом тайёрлайдиган шохобчалар йўқ эди. Улар узоғи билан соат 11 кечаси ёпиларди. Ҳозир эса, саҳарлик учун ош ва бошқа таомларни ярим кечаси ҳам сотиб олишингиз мумкин, дейди Тошбек.

Ўзбекистонда ифторга таклиф
Ўзбекистонда ифторга таклиф

Бу йил ресторан ва кафелар ифторликка буюртма олаяпти

Суҳбатдош, кафе ва ресторанларнинг ифторлик ўтказишга буюртма қабул қилаётганини бу йилги "иккинчи янгилик" деб атади:

- Ҳозир кафе ва ресторанлар ифторлик учун заказ олишаяпти. Ўтган йил бу умуман тақиқланган эди. Бонуслик ифторлик менюлари пайдо бўлаяпти. Бу бонусларда сув, хурмо, узум, ёки тарвуз каби мевалар текинга берилиши ёзилган, дейди Тошбек.

Тошкентдаги Озодлик боғланган бир неча кафе хизматчилари ифторлик учун чекланмаган миқдорда буюртма қабул қилишга тайëрликларини билдирди:

- Юз кишигача одамга буюртма қабул қила оламиз, суюқ ва қуюқлари билан таомлар бўлади, деди Сирғали даҳасидаги кафелардан бирининг бошқарувчиси.

Ўзбекистонда ифторга таклиф
Ўзбекистонда ифторга таклиф

Болалар ҳали ҳам масжидга қўйилмаяпти

Озодлик суҳбатлашган намозхонлар¸ бу йилги рамазонда ҳам болаларнинг жума ва таровеҳ намозларига қўйилмаётгани билдирди.

“Бу соҳада ҳеч қандай ўзгариш бўлмади. Болалар масжидларга киритилмаяпти. Аввалгидай эшик олдида уларни қайтарадиган “қоровуллар” турибди”, деди тошкентлик намозхонлардан бири.

Суҳбатдош, шунингдек, масжидларда ифторлик бериш тақиқланганича қолаëтганини қўшимча қилди.

Ўзбекистонда ифторга таклиф
Ўзбекистонда ифторга таклиф

“Масжид овқат ейиш учун эмас, ибодат учун бино қилинган!”

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур Озодлик билан суҳбатда, ифторликларни кафе ва ресторанлардан кўра, хонадонларда ўтказиш ҳар томонлама қулай, деган фикрни айтди:

- Ифторликларни тўйхоналарда қилиш бир қанча қийинчиликларни юзага келтиради. Биринчидан, ҳозир одамларда машина кўп, ифтордан чиқиб тирбанд бўлиб, масжидга етиб олиш қийин бўлади. Иккинчидан, ифторликка чақирилганлар орасида парҳез таом ейдиганлар кўп бўлади. Улар хафа бўлиб қолмаслигингиз учун¸ мажбур сиз қўйган овқатни ейди ва касал бўлиб қолиши мумкин. Шунинг учун, биз ифторликларни хонадонларда қилинглар¸ деб маслаҳат бераяпмиз. Масжидларда ифторлик қилиш ҳам ортиқча нарса. Масжид овқат ейиш учун эмас, балки ибодат учун бино қилинган, деди шайх Абдулазиз Мансур 30 май куни Озодлик мухбири билан суҳбатда.

Диний идора мулозими болаларнинг жума ва таровеҳ намозларига қўйилмаётганини тасдиқлади:

- Яхши ишлар бошланаяптику, Худо хоҳласа¸ бунга ҳам секин етиб борамиз. Ҳозир президентимиз ўзлари “ёш болага ёшлигидан ислом динини ва унинг бошқа динлардан фарқини ўргатиб боришимиз керак”, деяпти. Ҳозир шунга диншунослик бўйича дарсликлар, қўлланмалар тайёрланаяпти. Ҳаммаси аста-секин яхши бўлади, деди Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари¸ шайх Абдулазиз Мансур.

XS
SM
MD
LG