Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:41

Марказий Осиё бу йил қишдан кўмир билан чиқадими?


Қирғизистон ва Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати совиб, Қозоғистон шимолида қор ёға бошлар экан, расмийлар бу қишда одамларнинг иссиқлик ва электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондириш учун кўмирга таянишни режалаштирмоқда.

Қирғизистон

Қирғизистон келаётган қишда энергия муаммоларига дучор бўлишини кўрсатувчи огоҳлантирувчи белгилар баҳор ва ёзда пайдо бўлди.

Қирғизистонда ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг кўп қисми гидроэлектростанцияларга тўғри келади. Айримлар жорий йилда кузатилган қурғоқчилик туфайли мамлакат энергия инқирозига йўлиқишини башорат қилмоқда.

Сентябрь ойи якунида ”Нацэнергохолдинг” раҳбари Талайбек Байғзиев Қирғизистон шаҳар ва қишлоқларида “кўча, реклама, дўкон, кафе ва бошқа турар-жой бўлмаган иккинчи даражали объектларни ёритишга чекловлар” киритилишини эълон қилди.

Аммо кейинги бир неча ой давомида уй ва корхоналар яхши ёритилиши ва иситилиши учун бу чекловлар етарли бўлмайди.

Қирғизистон ишлатадиган электр энергиясининг 40 фоизини таъминлайдиган Тўқтағул ГЭСи сув омборида ҳозир 12.5 миллиард кубометр сув бор.

Бир йил олдин бу кўрсаткич 15.2 миллиард кубометрни ташкил қилган эди. ГЭСнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш учун 16 – 17 миллиард кубометр сув керак.

Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Азиз Аалиевнинг айтишича, одатда куз-қиш мавсумида зарур бўлган электр энергиясини ишлаб чиқариш учун Тўқтағул сув омборидан “тахминан 6-7 млрд” сув бўшатилади.

Аммо ҳозирда сув омборида атиги 12.5 миллиард кубометр сув бўлгани учун, апрель ойига бориб сув сатҳи турбиналардан паст даражага тушиб қолиши ҳамда ГЭС фаолияти тўхтаб қолиши мумкин.

ГЭС ишлаши учун зарур бўлган минимал сув миқдори 5.5 миллиард кубометрни ташкил қилади.

Шундай экан, Қирғизистон расмийлари олдида икки йўл бор: баҳор ва ёзда қишлоқ хўжалиги учун етарлича сув бўлишини таъминлаш учун бу қиш сувни тежаб ишлатиш керак ёки сувни одатдагидек ишлатиб, келгуси мавсумда экинлар учун сув камроқ бўлиши ҳамда Тўқтағул ГЭСи фаолияти тўхтаб қолишига ҳозирлик кўриш керак.

Иккинчи йўл, табиийки, Ўзбекистон ва Қозоғистонга маъқул келмайди, чунки иккала давлат келгуси мавсумда Тўқтағул сув омборида экинлар учун етарли миқдорда сув қолишини таъминлаш мақсадида Қирғизистонга аввалроқ берган ваъдаси устидан чиқиб, мамлакатга электр энергиясини экспорт қилмоқда.

Қирғизистон расмийлари келаси йилдан бошлаб электр энергияси нархини оширишни режалаштирмоқда. Бу зарур чора, аммо нархларнинг кўтарилиши харидорларга ёқмаслигини кутиш мумкин.

Президент Садир Жапаров “Facebook”да Ўзбекистон ва Қозоғистон Тўқтағул сув омбори сувидан ирригация учун фойдаланиши, “Қирғизистон эса фақат электр энергиясини ишлаб чиқариш учун” фойдаланиши ҳақида ёзди. Президент Қирғизистон аҳолиси “[қанча электр энергияси ишлатаётгани] ҳақида қайғурмаслигини”, чунки у арзон эканини қўшимча қилди.

Жапаровнинг сўзларига кўра, қўшни давлатлардан импорт қилинадиган электр энергияси нархи Қирғизистон истеъмолчилари ҳукуматга тўлайдиган нархдан юқори. Бу эса давлат ғазнаси учун қийинчилик туғдиради. Жапаров нархларни кўтариш орқали “Худо хоҳласа, 2024 – 2025 йилларга бориб энергия тақчиллигини енгиб, электр энергиясини экспорт қилишни бошлашимиз мумкин”, деб ёзди.

Ҳозирча Қирғизистонда нефть ёки табиий газ захиралари деярли йўқлиги сабабли, мамлакат уйларни иситиш ва қишда электр энергиясини ишлаб чиқариш учун анъанавий энергия манбаси бўлмиш кўмирга таянишга мажбурдир.

Кўмир нархи эса бутун дунё бўйлаб, шу жумладан, Марказий Осиёда ошиб бормоқда.

Яқинда Бишкек иссиқлик электр станцияси (ИЭС) таъмирланди ва модернизация қилинди. Лекин 2017 йил охирида ИЭС қайта ишга туширилганидан кўп ўтмай, авария содир бўлди ва қишнинг энг совуқ кунларида станция ишламай қолди.

Бу ҳолат ИЭСни реконструкция қилиш учун Хитой берган 384 миллион доллардан 100 миллиони расмийлар томонидан ўзлаштириб олингани билан изоҳланди.

Бу йил қишда Қирғизистон пойтахти шаҳардаги ИЭСга таянади. Расмийлар ИЭС қишда ишлашини таъминлаш учун Бишкекка кўмир олиб келишмоқда.

Кўмир нархи ва захиралари ҳақида ташвишлар шунчалик кучлики, Қирғизистоннинг энг йирик кўмир конларидан бири ҳисобланувчи Норин вилоятидаги “Қора кеча” конида маҳаллий “Қирғизкўмир” компанияси кузатув камераларини ўрнатди. Шунингдек, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси конни қўриқлаш учун одам юборди.

2020 – 2021 йиллар қишида Бишкекда бир тонна кўмир нархи 3600 – 3800 сўмни (42 – 45 доллар атрофида) ташкил этган бўлса, бу йил бир тонна кўмир нархи 5000 сўмга (тахминан 60 доллар) кўтарилди. Пойтахтда ўртача ойлик тақрибан 220 долларни ташкил қилади.

Парламент депутати Тазабек Икрамов мамлакат шимоли-шарқда жойлашган Қоракўл шаҳрида бир тонна кўмир нархи 6000 сўм, жанубдаги Боткен вилоятида эса 7500 сўм эканини айтди.

Қозоғистон

Ҳозирча Қозоғистон энергия танқислиги ҳақида гап очгани йўқ, лекин оммавий ахборот воситаларида пойтахт Нур-Султонга кўмир ташилаётгани хабар қилинди.

8 октябрь куни “Казинформ” давлат агентлиги октябрь ойининг илк ҳафтасида Нур-Султонга 171 вагон кўмир юборилганини хабар қилди.

Қозоғистон кўмир захиралари бўйича дунёда 10-ўринда. Айни дамда Нур-Султонни газга ўтказиш ишлари олиб борилмоқда. Лойиҳа 2023 йилга қадар якунланиши кутилмоқда.

Бу қиш Қозоғистон бўйлаб шаҳар ва қишлоқлар қўшимча кўмир ёқиши, натижада Марказий Осиёнинг шарқий ярмида ҳаво ифлосланиши муаммоси янада чуқурлашиши айтилмоқда.

Бишкек жаҳондаги ҳавоси энг ифлосланган йирик шаҳарлардан бирига айланган. Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида эса ҳавонинг жиддий ифлосланиши узоқ вақтдан бери муаммо бўлиб келади.

Ўзбекистон

Тахминан 1 триллион кубометр табиий газ захираларига эга бўлган Ўзбекистон ўз фуқароларини газ билан таъминлашда муаммога дуч келмаслиги керак.

Аммо ўтган йилги қишда кўплаб одамлар, жумладан, пойтахт Тошкентдаги маҳаллалар турғунлари газ таъминотидан вақтинча узиб қўйилди.

Бир неча шаҳарда газ таъминотидаги узилишлардан норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Декабрь ойи ўрталарида президент Шавкат Мирзиёев газ экспортини тўхтатишни буюрди.

Ўзбекистон бу қиш газ муаммосини бартараф этиш мақсадида импорт қилинадиган газ тарифларни озайтирди ҳамда қўшни Туркманистон билан кўпроқ газ сотиб олиш учун янги шартнома имзолади.

Ўтган қишда амалдорлар электр энергияси ва газ таъминотидаги узилишлар давомида кўрган ягона чора газ баллонлари, ўтин ва кўмир миқдорини кўпайтиришдан иборат бўлди.

Сўнгги йилларда Туркманистондан ташқари барча Марказий Осиё мамлакатларида кўмир қазиб олиш кўлами ошиб бормоқда.

Марказий Осиё давлатлари бу йил мустақилликнинг 30 йиллигини нишонламоқда. Бу давр мобайнида минтақада энергия ишлаб чиқаришни такомиллаштириш ва модернизация қилиш учун кўплаб маблағ сарфланди.

Аммо 2021 йил қиши яқинлашар экан, атроф-муҳитни ифлослантирувчи кўмир иситиш ва электр энергиясининг асосий манбаси бўлиб қолмоқда. Айрим ҳолатларда бу ёқилғидан фойдаланиш минтақада ҳар бир уйни иссиқлик ва энергия билан таъминлаш учун етарли бўлмайди.

XS
SM
MD
LG