Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:37

Маҳкумлар Пскентдаги манзил-колонияда шароитнинг аянчли эканлигидан шикоят қилди (ВИДЕО)


Тошкент вилоятининг Пскент туманида жойлашган 64/75 cонли манзил-колониясидан Озодликка мурожаат қилган маҳкумлар, бу ердаги шароитнинг жуда оғирлигидан шикоят қилди.

Маҳкумларнинг иддао қилишларича, манзил колонияга белгиланганидан "қарийб икки баравар кўп одам жойлаштирилган", ҳамма "ўзини-ўзи боқади", "гигиена хароб аҳволда", маҳкумлар жазо муддати кам қолгани учун "тишини-тишига босиб бундай шароитда яшашга мажбур" бўлмоқда.

Манзил колония мулозими маҳкумларнинг нормадагидан кўп эканлигини инкор қилмади, давлат томонидан маҳкумларга овқат берилмаслигини айтди, шароит зўр эканлигини таъкидлади.

Тошкент вилоятининг Пскент туманида жойлашган 64/75 cонли манзил колонияда қолган жазо муддатини ўтаётган, исми сир қолишини сўраган бир неча нафар маҳкумнинг Озодликка ёзишича, Ўзбекистон президенти маҳкумларни авф қилганидан сўнг, бу муассаса одамга тўлиб кетди:

“Бизнинг УЯ 64/75 манзил колониямиз 450 кишига мўлжалланган, лекин ҳозирги даврда 800 дан ортиқ маҳкум сақланмоқда, бу ўз-ўзидан жой етишмаслигига ва санитария-гигиенанинг хароб бўлишига олиб келади. Маҳкумларнинг кўрпа-тўшагига қараб бўлмайди, ювиниш хоналари абгор ҳолатда. Овқат масаласига келсак, манзил колониясида давлат томонидан овқат умуман берилмайди, ҳамма ўзини ўзи боқади, боқолмаганлар ва шароити йўқ, орқасидан ҳеч ким йўқламайдиган маҳкумлар жуда қийналиб, аянчли аҳволда яшашади”, деб ёзилади маҳкумларнинг Озодликка юборган мактубида.

Маҳкумлар Пскентдаги манзил колонияда шароитнинг аянчли эканлигидан шикоят қилди (ВИДЕО)
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:01 0:00

Бу видео Пскентдаги 64/75 манзил-колонияда шу йилнинг баҳорида олингани айтилади.

Исми сир қолишини сўраган маҳкумлардан бирининг Озодликка айтишича, маҳкумларнинг кўпайиб кетганлиги сабабли, узоқ муддатли учрашувга келган яқинлари уч кунлаб навбат кутишмоқда:

“Яқинда менинг уйимдагилар ҳам кўргани келишди. Бизда атиги 16 та учрашув хонаси бор. Уч кун навбат кутдик. Хоналарда шароит жуда ҳам ёмон. Қисқа муддатли учрашувга келганлар учун эса, умуман шароит мавжуд эмас ва учрашув хонасининг антисанитар ҳолатига маймунлар йиғлайди”, дейди маҳкумлардан бири.

"Маслократ" маззада, оддий маҳкум азобда"

Унинг иддао қилишича, бу муассасада маҳкумларга пули бор-йўқлигига қараб муомала қилинади:

“Гапнинг тўғриси, бу ерга келганимда киноларда кўрганим, концлагерлар эсимга тушди. Маслократ (қамалишидан олдин таниқли бўлган бой шахслар, амалдорлар, жиноят оламига яқин бўлган шахслар – таҳр.) маҳкумларга четроқдан шароит яратиб беришади. Масалан, бирор фермерга ишчи қилиб расмийлаштиради. Улар ўша ердан келмай, жазо муддати тугагунча маишатда яшайверади. Қолган маҳкумларни эса итдай ғишт заводида ишлатишади. Маош 150 минг сўм. Ҳамма жойда муттаҳамчилик, порахўрлик, таниш-билишчилик. Гап қайтарган маҳкумларни милиция ходимлари билганича ҳақорталаб, уришади. Маҳкумлар эса тезроқ оиласи бағрига қайтиш учун тишини тишига қўйиб чидашга мажбур”, дейди маҳкум.

Пахта ваҳимаси

Исми сир қолишини сўраган бошқа бир маҳкумнинг айтишича, пахта териш мавсуми яқинлашгани боис, ҳар бир тутқунни ваҳима боса бошлайди:

“Ҳар йили манзил колония маҳкумлари пахта теримига олиб чиқилади. Бу каторганинг ўзи. 120 килограммдан пахта териш норма қилиб қўйилади. Агар нормани бажармасанг, камситиш, хўрлаш бошланади. Бу ҳам майли, лекин виговор берса ёмон бўлади. Яна авввалги қамоқхонага жўнатиб юбориши мумкин. Шунинг учун, бу икки ойни бизларда дўзах деб аташади. Ҳозирдан колонияда пахтага тайёргарлик бошланган. Давлатнинг мажбурий меҳнатга қарши чиқарган қонунлари қамалган маҳкумларга тааалуқли эмас, менимча”, дейди маҳкум.

Нега манзил колонияларда маҳкум кўпайди?

Озодлик суҳбатлашган маҳкумнинг айтишича, ҳар йилги амнистиядан ташқари президент авфидан кейин манзил колониялари одамга тўлиб кетган:

“Аввал амнистияда ҳар йилда бир марта биринчи судланиши булган, жазо муддати 2 ярим йилдан кам бўлган 7 мингдан ортиқ маҳкум жазодан озод этилиб озодликка чиқарди, қолган муддати 2 ярим йилдан кўп булган биринчи марта судланиши булган минглаб маҳкумларга жазо муддатини қисқартириш, яъни срезка бўларди, иши терговдаги маҳбусларнинг жиноий иши тугатиларди, шунинг ҳисобига зоналарда одам бир хил миқдорда ушлаб туриларди. Ҳозирги афв эса 2017 йилда 2700 кишини жазодан озод қилдик дея, бутун дунёга жар солмоқда. Лекин авфга тушиб, манзил колонияга жўнатиладиганлар учун шароит борми ёки йўқ, буни ҳеч ким ҳисобга олмаган. Тошкент вилояти ҳудудидаги манзил колонияларида жой йўқлиги сабабли Тошкент шаҳар, Тошкент вилояти, Фарғона, Андижон, Наманган вилоятидан қамалган маҳкумларни Жиззахдаги манзил колониясига жўнатишмоқда”, деди манзил колония раҳбарларидан бири билан яхши алоқада бўлган маҳкумлардан бири.

Манзил колония мулозими маҳкумлар иддаосини инкор қилмоқда

Озодлик Пскент туманидаги 64/75 манзил колониясига қўнғироқ қилиб, маҳкумларнинг иддаоларига муносабат сўради.

Ўзини таништирмаган мулозим, маҳкумлар нормадагидан икки баравар кўп эканлиги ҳақидаги маҳкумлар иддаосини рад этмас экан, лекин улар учун барча шароитлар муҳайё қилинганини айтди:

- Кимдир сизларга нотўғри маълумот берибди. Шароитлар яхши, келиб кўришингиз мумкин. Овқат масаласида эса, манзил колонияда маҳкумларга давлат томонидан овқат берилмайди. Лекин ўзларининг ошпазлари бор, икки маҳал тушлик ва кечқуринги овқат қилиб берилади, деди мулозим.

Озодликнинг, “овқат масаллиқлари қайси ҳисобдан олинади” деган саволини эшитгандан сўнг, мулозим телефонни ўчириб қўйди.

Жазони ижро этиш муассасалари устидан назорат қилувчи махсус прокуратуранинг Тошкент вилоятидаги ишонч телефонини кўтарган мулозим ўзини таништиришни истамади.

Мулозим маҳкумларнинг иддаоларини бирма-бир қайд қилиб олгач, Озодлик радиосининг телефон рақамини ҳам ёзиб олди ва бу масала ўрганилиб, жавоб беришини айтди.

Бироқ, кун давомида Озодликка махсус прокуратурадан қўнғироқ бўлмади.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги озодликдан маҳрум қилиш туридаги жазони ижро этиш муассасаларининг ички тартиби қоидасига кўра, манзил-колониялардаги маҳкумлар соқчисиз, аммо назорат остида сақланадилар.Улар эрталаб ўриндан туришдан кечки ётишгача бўлган вақт мобайнида колония ҳудуди доирасида эркин юриш ҳуқуқидан фойдаланадилар.

Қоидага кўра, агар маҳкум бажараётган иш ёки олаётган таълим тақозо этса, маъмуриятнинг рухсати билан колония ҳудудидан ташқарида назоратсиз юриши мумкин, маҳкум фуқаролар киядиган кийимда юриши, ёнида пул ва қимматли буюмлар сақлаши, пулдан чекланмаган ҳолда фойдаланиши,чекланмаган миқдорда телефон орқали сўзлашиши, посилка, йўқлов ва бандероллар олиши ҳамда жўнатиши мумкин.

XS
SM
MD
LG