Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:56

"Юқоридан келаётган ҳамма ҳужжатлар кирилл алифбосида". Лотинлаштириш яна кечикмоқда


Жиззах вилоят, Пахтакор туманида кирилл ёзувидаги пешлавҳалар лотин ёзувидагига алмаштириляпти. 2021, 1 март. Ҳокимлик расмий сайтидан
Жиззах вилоят, Пахтакор туманида кирилл ёзувидаги пешлавҳалар лотин ёзувидагига алмаштириляпти. 2021, 1 март. Ҳокимлик расмий сайтидан

Лотин ёзувидаги ўзбек алифбосига ўтиш юзасидан 2010 йилгача қилинмаган ишларни Мустақиллик байрами муносабати билан битириш учун Бош вазир белгилаган муддат 1 августда якунига етди.

Бу ишни бажаришга масъул мулозимлар ҳукумат раҳбарининг шу йил 1 июлдаги фармойиши ижроси давом этаётганини билдирди.

Бош вазир фармойишидан хабардор ўзбек зиёлилари лотинлаштиришни тезлатишга доир ҳужжат таъсирини сезмаётганликларини айтишмоқда.

Ҳукумат раиси фармойиши

Бош вазир Абдулла Ариповнинг жорий йил 1 июлида кирилл алифбосида эълон қилинган фармойишига биноан 1 августга қадар Ўзбекистондаги барча жой, кўча, атамалар, ташкилотларнинг номлари, шунингдек, иш қоғозлари ва турли бланклар лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида бўлиши таъминланиши лозим эди.

Бош вазир Абдулла Ариповнинг лотин ёзуви асосидаги ўзбек алифбосига ўтишни жадаллаштириш тўғрисидаги фармойиши
Бош вазир Абдулла Ариповнинг лотин ёзуви асосидаги ўзбек алифбосига ўтишни жадаллаштириш тўғрисидаги фармойиши

Ҳукумат раҳбари мазкур фармойишни “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” 2021 йил 10 февралдаги қарор ва Мустақиллик байрамига муносиб тайёргарлик кўриш лозимлиги билан изоҳлаган.

"Лағмонистон"нинг "Lag'monjon"га айланиши

Фарғона вилоят ҳокимининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси Соҳибжамол Тонготарованинг 3 августда Озодликка билдиришича, бош вазир фармойишини бажариш юзасидан ишлар жадал олиб борилмоқда:

“Ишхоналари пешлавҳалари кириллда ёзилган тадбиркорлар ҳаммаси огоҳлантирилган. 1 августгача лотин ёзувига ўтиши кераклиги айтилган. Масалан, биз “Азия” меҳмонхонасига борганмиз, “Давлат хизматлари”га бориб огоҳлантирганмиз. Мана бугуннинг ўзида Қувасой шаҳрида мактаб директорлари учун семинар-тренинг ўтказяпмиз, бу тадбир ҳам айнан шу мавзуда. Иш кетяпти. Бироқ лотинга тўлиқ ўтдик, дея олмайман”.

Соҳибжамол Тонготарованинг айтишича, лотинлаштиришнинг оқсаши тадбиркорларнинг чиқимдан қочишга уриниши билан боғлиқ:

“Баъзи тадбиркорлар пешлавҳаларни ясатиш учун катта пул сарфлашган. 5 миллиондан 10 миллионгача ишлатилган жойлар бор. Сусткашлик мана шу ҳолат билан боғлиқ. Лекин аксарияти лотинга ўтиб бўлди”.

Фарғона вилоят ҳокими давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчисининг айтишича, пешлавҳаларни лотин ёзувига ўтказишдан бош тортганлар жаримага тортилиши мумкин, бироқ ҳокимият бу чорани қўллашдан тийиляпти:

“Жарима кўзда тутилган. Лекин биз тушунтириш йўли билан, яхши кайфият, яхши муносабат билан ҳеч кимнинг дилини оғритмай қиляпмиз бу ишни. Масалан, бир тадбиркор ўз муассасасини “Лағмонистон” деб номлаган. Судгаям берди бизни. Лекин биз сўзлашувлар, яхши муносабат йўли билан ҳам пешлавҳасидаги номни “Лағмонистон”дан “Лағмонжон”га, ҳам кириллдан лотинга ўтказдик”.

“Ёввойона” “Ёстиқхона” билан ҳеч кимнинг иши йўқ

Goldenpages.uz телефонномасида Тошкент шаҳридаги ресторанлардан 398 тасининг манзили, телефон рақамлари келтирилган. Рўйхатдаги ресторанлар орасида ўзбекча номланганини деярли учратмайсиз. Инглизча “Happy Land” деган ном билан бошланадиган рўйхат русча “Роза Мимоза” деган ном билан тугайди. Бироқ кўпчилик ресторанлар номи лотин ёзувида берилган.

Озодлик номи кирилл ёзувидаги бир неча ресторан билан боғланди. Ўзбекчага “Ёстиқхона” деб ўгириш мумкин бўлган ресторан вакилининг айтишича, шу пайтгача пешлавҳангни лотин ёзувига ўтказ, деган талаб билан ҳеч ким келмаган. Худди шундай жавобни номини русчадан “Ёввойона” деб, русчадан “Суши устаси” деб ўзбекчалаштириш мумкин бўлган ресторанлар вакилларидан ҳам эшитдик.

Бош вазир фармойишини кутмаган Пахтакор

Айни пайтда Тошкент шаҳар ҳокимлиги беэътибор қолаётган бу масалага айрим туманларда катта эътибор берилаётгани маълум.

Масалан, Пахтакор туман ҳокимлиги (Жиззах вилояти) кириллда ёзилган пешлавҳалар лотин алифбосига ўтказилиш жараёни тўғрисидаги фоторепортажини жорий йилнинг 1 мартида, Бош вазирнинг бу ҳақда фармойиши чиқишидан 4 ой олдин ўз расмий сайтида эълон қилган эди.

Умумий вазият

Мамлакат бўйлаб умумий вазият қандай? Бу савол жавобини Адлия вазирлиги билиши мумкин. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 10 февралдаги қарори билан тасдиқланган лотин алифбосига тўлиқ босқичма-босқич ўтиш бўйича “Йўл харитаси”даги жуда кўп вазифалар айнан шу вазирлик зиммасига юклатилган. Бироқ вазирлик матбуот хизмати “бу масалалар билан Тил департаменти шуғулланиши”ни айтиш билан чекланди. Мавзу юзасидан ўтган галги мақолани тайёрлаш жараёнида ҳам Озодлик Адлия вазирлигидан худди шундай жавобни эшитган эди.

Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти мутахассиси Саҳобиддин Мусаев 6 июлда Озодлик саволларига жавоб бераркан, Бош вазир Абдулла Ариповнинг 1 июлдаги фармойишини лотин ёзувидаги ўзбек алифбосига ўтиш бўйича 2010 йилгача қилинмаган ишларни бажариш зарурати билан тушунтирган эди:

“Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўтиш тўғрисидаги қонун 1993 йилда қабул қилинганидан хабарингиз бор. Кейин ўтиш муддати деб 2000 йилнинг 1 сентябри белгиланди. Ундан кейин 2005 йил, 1 сентябрь янги муддат қилиб кўрсатилди. Кейин яна 5 йилга жилди. Шу муддатлар орасида режалар тасдиқланди. 2010 йил 1 сентябрга қадар барча кўча номларию пешлавҳалардан тортиб, иш қоғозларигача янги алифбога кўчиши керак эди. Таҳлиллар шуни кўрсатяптики, бу соҳада камчиликлар бор. Бош вазирнинг кўрсатмаси шу камчиликларни бартараф қилишга тааллуқли”.

Жиззахдаги Hamid Olimjon va Zulfiya ijod maktabi o'qituvchisi (исми айтилишини истамади) 3 август куни Озодлик саволига жавобан лотин ёзувига ўтиш жараёни тўғрисида мана бундай фикр билдирди:

“Shu qarorning (Бош вазир фармойиши – таҳр.) ta'sir doirasini shaxsan men sezganim yo'q. Bizga kelgan qarorning o'zi lotinchada emas. Bizga yuqoridan kelayotgan barcha hujjatlar kirill alifbosida. Ko'chadagi banner va reklama afishalari ham kirill alifbosida uchrab turadi”.

Ўзбек ёзувини кириллдан лотинга ўтказишга доир илк ҳужжат имзоланганига 28 йил бўлди. 1993 йили қабул қилинган қонунга биноан ўзбеклар лотин ёзувига асосланган янги алифбога бундан 11 йил муқаддам тўла ўтиб бўлган бўлиши керак эди.

1929 йилда Совет Иттифоқида мусулмон озчиликлар томонидан фойдаланиб келинган анъанавий араб алифбоси лотин алифбоси билан алмаштирилган.

1940 йилга келиб эса, лотин алифбоси рус тилида қўлланиладиган кирилл алифбосига алмаштирилганди.

Тошкентнинг ТТЗ даҳасида жойлашган лотин ва кирилл ёзувидаги кўча рекламаси. 03.08.2021.
Тошкентнинг ТТЗ даҳасида жойлашган лотин ва кирилл ёзувидаги кўча рекламаси. 03.08.2021.
Тошкентнинг ТТЗ даҳасида жойлашган кирилл ёзувидаги кўча рекламаси. 03.08.2021.
Тошкентнинг ТТЗ даҳасида жойлашган кирилл ёзувидаги кўча рекламаси. 03.08.2021.
Тошкентнинг ТТЗ даҳасида жойлашган лотин ёзувидаги кўча рекламаси. 03.08.2021.
Тошкентнинг ТТЗ даҳасида жойлашган лотин ёзувидаги кўча рекламаси. 03.08.2021.

XS
SM
MD
LG