Линклар

Шошилинч хабар
17 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:11

Коронавирусга қарши Россия вакцинасининг Ўзбекистонга келиши кечикади. Вакцина пуллик бўлиши мумкин


"Спутник-V" вакцинаси, 12 октябрь, 2020, Россия
"Спутник-V" вакцинаси, 12 октябрь, 2020, Россия

Россия ишлаб чиқарган "Спутник-V" вакцинасини Ўзбекистонга келтириш ваколати берилган Ўзбекистондаги Laxisam ширкати вакцинани қабул қилиш учун тайёрлигини билдирди.

Ширкат раҳбарига кўра, вакцинани сақлаш учун музхоналар ҳозирланган. Аммо 2020 йил охиригача етказилиши ваъда қилинган 10 миллион доза вакцина кечикиши мумкин.

Соғлиқни сақлаш тизимидаги Озодлик манбасига кўра, ҳозирча коронавирусга қарши вакцина аҳолининг каттагина қисми учун пуллик, маълум бир қатлами учун эса, текин бўлиши режаланган. Аммо бу маълумот расман тасдиқлангани йўқ.

Айни пайтда "Спутник-V" вакцинасини бу қадар катта дозада олиб келиш масъулияти нега айнан Ўзбекистондаги битта ширкатга берилди ва Россиядан бошқа давлатлар билан бу борада музокаралар борми – бу саволга ҳам ҳануз расмий жавоб берилмади.

"Спутник V" вакцинасининг йил охирига келиши даргумон

1994 йилдан бери Ўзбекистон фармацевтика бозорида ишлаётган Laxisam ширкати бош директори Шавкат Алимуҳамедов ўз ширкати Россиянинг тўғридан-тўғри инвестициялар фонди (РТИФ) билан эришилган келишув доирасида вакцинани қабул қилиб олишга тайёрлигини билдирди.

Директорга кўра, вакцина таъминоти бўйича ҳануз Россия томонидан жавоб кутилмоқда.

Шавкат Алимуҳамедовнинг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, "Спутник-V" вакцинасини сақлаш учун махсус музхоналар ҳозирланган ва иш ривожига кўра, уни Ўзбекистонда тайёрлаш истиқболларига ҳам ҳозирлик кўрилмоқда.

Шу йилнинг сентябрь ойида эришилган дастлабки келишувга кўра, 10 миллион доза 2020 йилнинг охирига қадар, яна 25 миллион доза эса 2021 йил бошида Ўзбекистонга етказилиши кўзланган эди.

Куни кеча Соғлиқни сақлаш вазирлиги "Спутник-V" вакцинасини Ўзбекистонда синовдан ўтказиш режалангани ва бунинг учун Россияга 500 доза вакцина учун буюртма берилганини хабар қилди.

Аммо, Россияда эса вакцинани кенг кўламда ишлаб чиқариш жараёни ҳануз бошлангани йўқ.

Президент Владимир Путин бу борада Франция раҳбари Эммануэл Макрондан ёрдам сўраган. Бундан ташқари, Буюк Британиянинг AstraZeneca ширкати ҳам Россия вакцинасига қизиқиш билдирган. Аммо, бу музоракалар натижаси ҳануз очиқлангани йўқ.

“Россия томони жим”

Ўзбекистондаги йирик фармацевтика ширкатларидан бирида ишлайдиган ҳамда икки давлат ўртасида вакцина хусусида бораётган музокаралардан хабардор мутахассисга кўра, йил охирига қадар 500 доза вакцинанинг Ўзбекистонга кириб келиши ҳали савол остида:

“Россия томони ўзи жим бўлиб қолди ҳозир. Чунки уларда ҳали ишлаб чиқариш жараёни бошлангани йўқ. Ҳали бу вакцина синов жараёнининг 3 босқичи якуний натижалари ҳам тайёр эмас, адашмасам. Шунинг учун ҳали 500 доза йил охиригача етиб келадими ва умуман, 35 миллион дозани биз Россиядан ололамизми – бугунги вазиятда бунга ҳали аниқ жавоб йўқ”, - деди исмини очиқламаслик шарти билан Озодликка маълумот берган мутахассис.

Озодлик РТИФ ширкати матбуот хизмати билан ҳам боғланди, аммо ҳозирча саволларга жавоб ололмади.

Вакцина аҳолига сотиладими? – ССВ очиқламаётир

"Спутник-V" вакцинаси синовдан ўтиб, Ўзбекистонга етиб келган тақдирда аҳоли текин эмланадими ёки пулликми, пуллик бўлган тақдирда неча пулдан тушиши мумкин – Laxisam ширкат директори ҳануз бу саволларга жавоб йўқлигини айтди.

Аммо хусусий ширкат раҳбарига кўра, вакцина кредит ҳисобига олиб келинади ва ширкат уни сотади. Масъул бу борадаги бошқа саволларга Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигидан жавоб олишни тавсия қилди.

Ўзбекистон ССВ ёки бош масъул идоралари коронавирусга қарши эмлаш аҳоли учун пуллик бўладими ёки текин, ёхуд алоҳида бир қатлам учун бепул бўладими – бу ҳақда ҳануз баёнот бергани йўқ.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ)бу борадаги саволлар билан Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги (СЭОА)матбуот котиби Муҳаммаджон Бозоровга мурожаат қилишни тавсия қилди.

Бозоров мухбир билан қисқа мулоқотда саволларни Телеграм канали орқали йўллашни сўради, саволларни қабул қилди, Озодлик ҳануз бу саволларга жавоб кутмоқда.

Аммо Соғлиқни сақлаш тизимидаги Озодлик манбасига кўра, ҳозирча коронавирусга қарши вакцина аҳолининг каттагина қисми учун пуллик, маълум бир қатлами учун эса, текин бўлиши режаланган. Аммо бу маълумот расман тасдиқлангани йўқ.

Халқаро матбуотда берилган маълумотларга кўра, агар "Спутник-V" вакцинаси Британиянинг AstraZeneca ширкати билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилса, ўртача нархи тахминан 4 АҚШ долларига тушиши мукин.

Бу вакцина икки кўринишда – музхонада –18 даража ҳароратда сақланадиган тайёр вакцина ёки 2-8 даража ҳароратда сақланадиган лоифиль (кукун) ҳолида тайёрланиши мумкин. Кўриниши, етказилиши ва эмлаш жараёнига кўра, вакцинанинг якуний нархи шаклланади. Россия матбуоти ҳозирча якуний нарх 10 АҚШ долларини ташкил қилишини хабар қилмоқда.

Бу борада Ўзбекистон ва Россиядаги тегишли расмий идоралар ҳануз маълумот бергани йўқ. Хусусан, Laxisam ширкати маъмурияти бу ҳақда гапиришга ҳануз эрта эканини билдирди.

Аммо ширкат раҳбарига кўра, вакцинанинг бошланғич нархи, Россияда кенг кўламдаги ишлаб чиқариш бошланиши билан пастлайди ва агар Ўзбекистонда ишлаб чиқариш бошланса, янада арзонлашади.

Вакцина импорти нега яна фақат бир ширкатга берилди?

ССВ баёнотига кўра, Россиядан 35 миллион доза вакцинани сотиб олиб, Ўзбекистон аҳолисига тарқатиш ваколати Laxisam ширкатига берилган.
Бу ваколат нега айнан бу ширкатга берилган –бунга ҳануз расмий изоҳ берилгани йўқ.

Laxisam ширкати маъмурияти, мамлакатдаги фармацевтика бозорида 1994 йилдан буён ишлаётган йирик ширкат сифатида вакцина олиб келиш учун киритган сўрови қондирилганини билдирди, бу борадаги бошқа саволларга ҳам ССВдан жавоб олишни тавсия қилди.

Озодлик ССВ ҳамда СЭОАдан саволларга жавоб кутмоқда.

Ўзбекистондаги йирик фармацевтика ширкатларидан бирининг ишлайдиган мутахассисга кўра, Laxisam ширкати ва унинг эгаси Шавкат Исмоилов Ўзбекистонда танилган кўп йиллик таъминотчилардан биридир.

“Бу одам 1990 йилларнинг бошида бошлаган эди бу бизнесни. Аввал дори олиб киришди, 2000 йиллардан ишлаб чиқариш линиясини ҳам бошлаган. Бозорда бунча йил қолиш осонмас, биласиз. Лекин, энди биласиз – ҳамма йирик бизнесларнинг бир чети ҳукуматга бориб тақалади бизда. Мен сизга бу ширкат фалончига тегишли, деб айтмайин. Сиз шу йўлдан қидириб борсангиз, топасиз”, - деб иддао қилди коронавирусга қарши вакцина бўйича Россия билан бораётган музокараларга алоқадор мутахассис исми сир қолиши шарти билан.

Бу борадаги танқидий фикрлар ижтимоий тармоқларда ҳам янграмоқда.

Жумладан, Телеграм тармоғидаги bakiroo канали муаллифи шундай ёзди:

"Мамлакат ва миллат қашшоқлиги ва қолоқлигининг боши - бир қўлли, ягона, монопол компаниялар... "Ведомости"нинг ёзишича, "Спутник-V" вакцинасининг ягона тарқатувчиси Сбернинг (Сбербанк назарда тутилоқда - таҳр.) шўъбаси «Иммунотехнологии» компанияси бўлади. Катта эҳтимол билан, бизда ҳам сифатига милёнта савол бўлган "Спутник-V" вакцинаси сотиб олиниши (шунчалик сиёсий даражада тиқиштирилмоқдаки, йўқ дейиладиган бўлса, худо кўрсатмасин, ўрис армияси чегарамизда пайдо бўлиши мумкинга ўхшайди ёки бирон провокация чиқаришади) ва унинг тарқатувчиси сифатида якдона компания танлаб олинса керак".

Хитой вакцинасига нима бўлди?

Айни пайтда ССВ Ўзбекистонга синовдан ўтказиш учун Хитойдан 6 минг доза вакцина келтирилганини маълум қилган.

Ноябрь ойи бошида бу вакцинани синовдан ўтказишда 5 минг кўнгилли қатнашиши айтилган эди. Бу синовлар натижаси ҳақида ҳам ҳануз расмий баёнот берилгани йўқ.

Агар Россиянинг Буюк Британия ва Франция билан ишлаб чиқаришга оид музокаралари кутилган натижани бермаса, Ўзбекистон Хитойдан вакцина оладими? - Озодлик 2 декабрь куни ССВга бу борада ҳам саволлар билан мурожаат қилди, аммо ҳануз жавоб олмади.

Аммо Соғлиқни сақлаш тизимидаги Озодлик манбасига кўра, Хитой вакцинаси синовларию бу давлатдан вакцина олиш эҳтимоллари ҳақида ҳозирча бирор жиддий ҳаракат кузатилмаётир.

“Ҳозир асосий эътибор Россияга қаратилган. Россияга 20 дан ортиқ давлат 1 миллиард дозадан ортиқроқ вакцина учун буюртма берган, биласиз. Биз 35 миллион дозага келишганмиз. Ишлаб чиқариш изига тушса, Ўзбекистон учун энг қулай мамлакат Россия бўлади”, деди бу мутахассис.

COVID-19 учун вакциналар

Ҳозир дунё миқёсида синовлардан муваффақиятли ўтган бир неча вакцинанинг номи маълум:

  • АҚШнинг Pfizer ширкати билан Германиянинг BioNTech ширкати тайёрлаган вакцина, ўртача самарадорлиги 95 фоиз, -70 градус ҳароратда сақланиши ва ташилиши лозим, ўртача тахминий нархи 18 АҚШ доллари,
  • Британиядаги AstraZeneca ширкати тайёрлаган вакцина, ўртача самарадорлиги 90 фоиз, 2 дан 8 градусгача температурада сақланиши мумкин, тахминий ўрта нархи 15 АҚШ доллари.
  • АҚШнинг Moderna ширкати тайёрлаган вакцина, ўртача самарадорлиги 94,5, - 20 даража совуқда сақланиши лозим, ўртача тахминий нархи 25-37 АҚШ доллари,
  • Росссиянинг «Спутник-V” вакцинаси, ўртача самарадорлик даражаси 95 фоиз, 2 дан 8 градусгача температурада сақланиши мумкин, нархи тақрибан 10 АҚШ долларигача.

Бугунги кунда дунё бўйича коронавирус инфекциясига қарши 25 та вакцина клиник, 139 таси эса клиникагача бўлган синовлар жараёнида.

Буюк Британия, АҚШ, Германия, Хитой, Россия каби давлатларда ишлаб чиқарилган 9 та вакцинанинг охирги (учинчи) босқич синовлари давом этмоқда.

XS
SM
MD
LG