Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:04

Коронавирус одамларга кўршапалакдан юққан бўлиши мумкин


Коранавирус ана шундай кўринишга эга.
Коранавирус ана шундай кўринишга эга.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти пайшанба куни Женевада чақирилган шошилинч йиғилишда коронавирус ёки тожли вирус (2019 n-CoV ўткир респиратор вируси) тарқалаётгани сабабли вақтинча халқаро миқёсдаги фавқулодда ҳолат эълон қилиш зарур, деган қарорга келди.

Сўнгги хабарларга кўра, вирус юқтирганлар сони 9800 дан ошди, ҳалок бўлганлар сони эса 200 дан ошди. Вирус Хитойдан ташқари яна 18 мамлакатда аниқланди. Улар барча қайд этилган ҳолатларнинг атиги 1 фоизидан кўпроғини ташкил қилади.

Вирус Хубэй вилоятининг маъмурий маркази бўлмиш Ухан шаҳридаги мол бозорида пайдо бўлгани тахмин қилинмоқда.

Тожли вируснинг хавфли жиҳати одамдан одамга юқишидир. Вируснинг Хитойдан ташқарида одамдан одамга юқиши ҳозирча фақат тўрт мамлакатда — Вьетнам, Германия, АҚШ ва Японияда содир бўлди.

Сешанба куни Германияда 33 ёшли шахс Хитойдан келган ҳамкасбидан вирусни юқтиргани хабар қилинди. Бу эса вирус Европа ҳудудида бир кишидан иккинчисига тарқаган илк ҳолатдир. Аввалги барча ҳолатлар Хитойдан қайтган шахсларда кузатилган эди.

Сешанба куни Японияда ҳам автобус ҳайдовчиси вирусни юқтиргани маълум бўлди. Ҳайдовчи кейинги ой ичида сайёҳларни, жумладан, уханлик сайёҳларни манзилига элтиб қўйган.

Вируснинг нақадар хавфлилиги ҳали тўлиқ аниқлангани йўқ. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вирус юқтирганларнинг тахминан 2 фоизи ҳалок бўлаётганини билдирди.

Тожли вируслар одатда сут эмизувчилар ҳамда қушларда учрайди. Вируснинг айрим турлари енгил, айримлари оғир касалликларга олиб келади. Тожли вируслар одатда нафас олиш йўли инфекциясини келтириб чиқаради.

Вируснинг аксар тури хавфсиз бўлиб, шамоллашда кузатиладиган аломатларни келтириб чиқаради. Аммо вируснинг 2003 йилда тарқалган оғир ўткир респиратор синдроми (SARS) деб номланувчи тури анча хавфли. 2002–2003 йилларда мазкур вирус 37 давлатда 8 мингдан ошиқ кишига юққан, 774 нафар кишининг ёстиғини қуритган эди.

Сўнгги ҳисобларга кўра, айни дамда тарқалаётган 2019 n-CoV вирусини юқтирган ҳар бир одам ўрта ҳисобда яна 2-3 одамга касалликни тарқатмоқда.

Вируснинг келиб чиқиши ҳақида турли тахминлар ўртага ташланди. Аввалига вирус Ухандаги ҳайвонот бозорида илонлардан тарқалгани айтилди. Эндиликда вирус манбаси кўршапалаклар бўлгани айтилмоқда. Бундай хулосага вируснинг генетик таҳлили ортидан келинди.

Чоршанба куни эълон қилинган илмий мақолада вирус ҳар 7,4 кунда икки баробар кўп одамга юқаётгани қайд этилди. Бу эса янги тожли вирус 1918 йилги испан гриппи вируси каби юқумли эканлигини англатади. Ўшанда бу касалликдан 50 миллион одам ҳалок бўлган эди. Испан гриппи тарихда энг кўп одам умрига зомин бўлган пандемия ҳисобланади. Шундай бўлса-да, янги вирус испан гриппи вирусидан секинроқ суратда тарқалмоқда.

Тожли вирусларга қарши самарали вакцина ишлаб чиқилмаган. Бу эса уларнинг тарқалишига қарши курашни мушкуллаштиради. Шу сабаб Хитой расмийлари мамлакат бўйлаб саёҳатларни чеклаш учун кескин чораларни кўрмоқда. Хусусан, Ухан ҳамда у жойлашган Хубэй вилоятида 50 миллион одам саёҳати чекланиб, ҳудуд изоляция қилинди. Бошқа давлатлар эса аэропортларда ва денгиз портларида назоратни кучайтирмоқда.

Қатор давлатлар эса карантинга ёпилган Ухандан ўз фуқароларини олиб чиқиб кетмоқда. Хусусан, АҚШ ва Японияда шаҳардан ўз фуқароларини махсус рейс билан олиб чиқиб кетди. Бошқа давлатлар ҳам ўз фуқароларини эвакуация қилишга ҳозирланмоқда.

Олиб чиқиб кетилган шахслар махсус шифохоналарда камида икки ҳафта давомида кузатилади. Янги вируснинг хавфли жиҳати уни юқтирган шахсда касаллик аломатларининг дарҳол пайдо бўлмаётганидир.

Янги эпидемия глобал иқтисодга салбий таъсир кўрсатмоқда. Toyota, IKEA, Starbucks, Tesla, McDonaldʼs ҳамда Foxconn каби йирик ширкатлар Хитойдаги завод ва фабрикалари ҳамда дўконларини вақтинча ёпди.

Шунингдек, сўнгги икки кун ичида бир неча авиаширкат, жумладан Ўзбекистон ҳам Хитойга рейсларни бекор қилди.

XS
SM
MD
LG