Линклар

Шошилинч хабар
17 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:38

Коронавирус: Тошкент бозорларида нархлар ошди, қўшниларда товар заҳираси тугамоқда (ВИДЕО)


Тошкент Чорсу бозори, 10 февраль, 2020 йил
Тошкент Чорсу бозори, 10 февраль, 2020 йил

Тошкентдаги йирик улгуржи бозорларда Хитойдан келадиган товарлар нархи 5 фоизгача кўтарилди.

Савдогарлар қўшни Қирғизистон Хитой билан савдо йўлини тўсгач, товар келиши секинлашгани, шу боис, нархлар ҳам бироз ошганини айтмоқда.

Хитой товарлари нархини 5-10 фоизга қадар кўтарган қўшни Қирғизистон савдогарлари омбордаги товар заҳираси тугаб бораётганидан хавотирга тушмоқда.

"Ўрикзор"да нарх ошди

Тошкентдаги йирик "Ўрикзор савдо комплекси" - халқ орасида "Ўрикзор" улгуржи бозори деб номланувчи бозорда савдо қиладиган тадбиркор жорий вазиятнинг мавҳумлиги боис¸ ўз товарлари сотув нархини 5 фоизга оширишга мажбур бўлганини айтади.

"100 минглик молга 5 минг қўйишга мажбур бўлдик. Хитойдан тўғридан-тўғри мол келмай қолгани учун кунимиз "объездчилар" (ноқонуний йўл билан - таҳр.)га қолди. Улар ҳозирги вазиятда нархни оширди", дейди тадбиркор.

Унга кўра, бозорда харидорлар ҳам сийраклашган, савдо ҳам ўтган йилнинг айни даврига нисбатан сустлашган.

"Коронавирусдан қўрқув бозорда ҳам бор. Ҳар йили 8 март арафасида савдо қизирди. Бу йил одам кам. Шунинг учун ортиқча нархни бозор ҳам кўтармайди. Лекин, ҳаммамизда қўрқув бор - товар заҳираси тугаса, нима қиламиз - билмаймиз", деди тадбиркор.

"Ўрикзор" улгуржи бозоридаги товарларнинг қарийб 60 фоизи - қўшни Қирғизистон ва Қозоғистон орқали - Хитойдан келади.

"Ўрикзор" - Тошкент ва унинг атрофидаги ички бозорларни ҳам асосий истеъмол маҳсулотлари ва кийим-кечак билан таъминловчи йирик улгуржи бозор ҳисобланади.

Бу бозорга "объездчилар" Хитой товарларини олиб кела бошлаганига оид тафсилотлар ҳозирча Озодликда йўқ. Айни пайтда, Қирғизистон чегара қўшинларидан олинган маълумотга кўра, Ўзбекистонга Хитой товарлари ўтадиган чегара-ўтказиш пунктларида юк қатнови ҳеч бир чекловларсиз давом этмоқда.

Қурилиш моллари нархи ҳам ошди

Тошкентдаги қатор қурилиш товарлари бозорларида ҳам нархлар 25-30 фоизгача ошгани айтилмоқда.

Савдогарлар бу бозорга ҳам Хитойдан товар келмаётганини нарх ошишига сабаб қилиб келтирмоқда.

"Обой, кафель ва ҳоказо маҳсулотларнинг нархи 25-30 фоизгача қимматлаган. Ваҳима йўқку, лекин дўкончилар маҳсулот олиб келиш учун Хитойдан бошқа давлатларни қидиришни бошлашган", деди бу бозорлардаги вазиятдан хабар олган Тошкентдаги мобиль мухбир.

Қирғизистонда заҳира тугаяпти

Хитойда коронавирус тарқалиши ортидан Қирғизистон 24 январь куни Хитой билан чегараларини бутунлай ёпган эди.

Натижада, Хитойдан Ўзбекистонга борадиган товар йўли ҳам тўсилди.

Тадбиркорларга кўра, ҳозирча Ўзбекистонга қирғиз савдогарларининг заҳирасидаги Хитой товарлари келмоқда ва қўшнилар нархни бироз оширган.

Шу кунда, Ўзбекистондаги бозорларни Хитой товарлари билан таъминлаётган икки йирик бозор - Қирғизистон жанубидаги "Қорасув" ва шимолидаги "Дордой" улгуржи бозорларида нархларнинг 5-10 фоизгача ошгани кузатилди.

Қирғиз савдогарлари Озодликка ҳар йили Григорий ва Хитой Янги йил байрами арафасида январь ва февраль ойларида сотиладиган товар-маҳсулотларни Хитойдан олдиндан олиб келишлари боис¸ икки ойлик заҳира борлигини айтади.

Уларга кўра¸ Қирғизистондаги бозорларда ҳозир ушбу заҳира ҳисобига савдо одатдаги тартибда давом этмоқда, аммо бу заҳиранинг март ўртаси - апрель бошига қадар тугаши кутилмоқда.

Қирғизистон Иқтисодиёт вазирлигининг Ҳудудлараро ҳамкорлик бошқармаси раҳбари Зайнидин Жумалиевга кўра, қўшни Хитойдан йилига 2 миллиард долларлик товар-маҳсулот мамлакатга кириб келади.

"Ҳозир икки тарафдан ҳам бирдек товар кираётгани ҳам йўқ, чиқаётгани ҳам йўқ. Хитойдан товар олиб келаётган фуқароларни 15-январгача қайтариб олиб келганмиз. Ҳозир авиация орқали товар келиши ҳам тўхтаган. Ҳозир фақат поезд орқали товар олиб келиш мумкин", деди 21 февраль куни вазирлик расмийси.

Қирғизистон расмийси Хитойдаги карантин тахминан 2-3 ойга чўзилиши тахмин қилинаётгани, бу орада мавжуд асосий истеъмол товарларини Россия, Туркия ва Қозоғистондан келадиган маҳсулотлар билан қоплаш йўллари кўриб чиқилаётганини қўшимча қилди.

Хитойга йўллар ёпилган

Хитойда COVID-2019 - янги коронавирус эпидемияси бошланиши ортидан Қирғизистон 24 январь куни Хитой билан чегараларини тамомила ёпиб қўйди.​

27 январдан автобус қатнови, 1 февралдан эса, поезд қатнови ва авиапарвозларни тўхтатиб қўйган Қозоғистон, ҳозирча товарлар қатновини тўхтатгани йўқ.

Ўзбекистон эса 1 февралдан Хитой билан авиақатновни вақтинча тўхтатиб, бу давлатдаги ўзбекистонликларни махсус рейслар билан ватанига қайтарди.

XS
SM
MD
LG