Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:43

Чирчиқда коллеж ўқувчиси қиз синфдошини пичоқлади


Тошкент вилоят, Чирчиқ шаҳридаги Ижтимоий-иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежининг иккинчи босқич ўқувчиси ўзининг қиз курсдошини пичоқлади. Бу хабарни тасдиқлаган коллеж ўқитувчиси сўзларига кўра, икки курсдош ўртасида чиққан жанжал шу воқеа билан тугаган. Қиз касалхонада даволанмоқда. Йигит устидан жиноят иши очилди.

20 февраль куни коллеж биноси олдидаги кўчада содир бўлган воқеа тўғрисида Озодликка келган бу хабарни тасдиқлаган коллеж ўқитувчиларидан бирининг айтишича, бу воқеага уларнинг (Озодликка бу ўқувчиларнинг исм-фамилияси маълум) ўртасидаги ишқий муносабатлар сабаб бўлган:

“Бизга кейин маълум бўлишича бу ўқувчилар бир-бирини яхши кўрган. Ўша куни дарсдан чиқиб, булар ўзаро жанжаллашиб қолишади ва бола аччиғидан унга икки марта пичоқ суқиб олади. Бу коллеж биносида эмас, шу яқиндаги кўчада бўлган. Кейин одамлар Тез ёрдам чақирган ва ўқувчи қизни касалхонага олиб кетишган”, деди ўқитувчи.

Унинг айтишича, пичоқ урган бола воқеа жойидан қочмаган ва етиб келган милиция ходимларига ўзи таслим бўлган.

Исми сир қолишини сўраган ҳуқуқ-тартибот идораларидан бири мулозимининг айтишича, пичоқ урган ўқувчи бола устидан жиноят иши қўзғатилган:

“Ҳозир бола билан терговчи шуғулланяпти. Бола айбига тўла иқрор бўлган, лекин ҳибсга олинмаган. Уйидан қатнаб сўроқ қилиняпти. Унга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган", деди мулозим.

Чирчиқ шаҳар Тез тиббий ёрдам касалхонасининг ўзини таништирмаган шифокори, ўқувчи қизнинг жароҳати оғир эмаслигини айтди:

“Ўқувчи қиз сонидан ва кўкрак қисмидан жароҳат олган. Ҳозир аҳволи анча яхши. Ҳаётига хавф соладиган жароҳат олмаган”, деди шифокор.

Ўзбекистон Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов жорий йилнинг февралида ЎзА агентлигига берган суҳбатида ўтган йилда мактаб ўқувчилари, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари томонидан 1,5 мингдан зиёд жиноят содир этилганини айтган эди.

1,5 минг жиноятнинг бир нечаси ҳақда Озодлик ўз вақтида хабар қилган.

Хусусан, ўтган йилнинг 6 октбярь куни 1- сонли Тошкент юридик коллежи талабаси 2 курсдошини пичоқлаган эди. Талабалардан бири воқеа жойида жон берди. Пичоқланган яна бир талаба Тошкентдаги шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг жонлантириш бўлимига ётқизилди.

Тошкентдаги 1- сонли Тошкент юридик коллежидаги “ваҳшийликлар” ўтган ҳафта Ўзбекистон телеканалида ҳам танқид қилинган эди.

Сўнгги пайтларда Ўзбекистон коллежларида бир неча марта қотиллик амалга оширилди.

Тошкентдаги Боровский номли Тиббиёт коллежида ўтган йил май ойида 17 ёшли Жасур Ибрагимов курсдоши тарафидан калтаклаб ўлдирилиши катта шов-шувга сабаб бўлган эди.

Март ойида эса Тошкент Давлат техника университетининг 1-курс талабаси Тошкентдаги коллежлардан бирининг ўқувчисини рашқ сабабли, ошхона пичоғи билан жароҳатлаган эди.

XS
SM
MD
LG