Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:45

Сувсизликнинг туби: Кичик Оролдан сув қочмоқда. Балиқлар ҳам


 Муканғози Ибаев (чапда) шериги билан моторли қайиқни сувнинг чуқурроқ жойига судраб бормоқда. Кичик орол, Қизилўрда вилояти, 22 август, 2023.
Муканғози Ибаев (чапда) шериги билан моторли қайиқни сувнинг чуқурроқ жойига судраб бормоқда. Кичик орол, Қизилўрда вилояти, 22 август, 2023.

Кичик Орол соҳилидаги балиқчилар жойи. Бу фақат паст бўйли буталар ўсадиган қақраган очиқ майдон. Бу ерда бир пайтлар денгиз бўлган, ҳозир эса туз чанг шунчалик баланд кўтарилганки, машина ойнасини очиш иложсиз. Фақат денгизга яқинлашганда салқин ҳаво димоққа урилади, чуқур нафас оласиз.

Кичик Оролда 18 балиқчилик участкаси ижарага берилди. Шулардан еттинчи участкага Озодлик мухбири борди. Балиқчилар эрталабки овдан сўнг дам олишди – баъзилар ётибди, баъзилари қишлоқдаги ҳаётни муҳокама қилади. Уларнинг барчаси “еттинчи участка”дан, 130 километр узоқликда жойлашган Шомишкўл қишлоғидан келган.

51 ёшли Абилбай Абилдаев ўн боланинг отаси: тўққиз қиз ва бир ўғил. Болаларини Орол денгизида балиқчилик қилиб улғайтирганини айтади.

“Балиқчилик ота-боболарим касби. Худо хоҳласа, мен ҳам бу ишни ташламайман. Элликдан ошган одамга бошқа иш топиш қийин”, дейди балиқчи қирғоқдан узоқлашаётган мовий денгизга қараб.

Орол денгизига олиб борувчи йўлнинг катта қисми тап-тақир чўлдан иборат. Қизилўрда вилояти, 22 август, 2023.
Орол денгизига олиб борувчи йўлнинг катта қисми тап-тақир чўлдан иборат. Қизилўрда вилояти, 22 август, 2023.

Абилбайнинг ўғли балиқчи бўлишни истамайди, отаси ҳам уни тушунади: кейинги йилларда Сирдарёдан келаётган сув камайиб, денгиз суви янада шўрлашиб бормоқда. Натижада Оролда балиқ заҳиралари тугаб, балиқчиларининг даромади ҳам камайган.

“Дарёдан денгизга сув оқмай қўйди, балиқлар сезиларли даражада озайди. Даромадимиз 50-70 фоизга камайди. Ҳозир аҳвол унчалик яхши эмас... Денгиз сувга муҳтож. Сув бўлади, овлар кўпаяди. Аммо ҳозир аҳвол шуки, доим ҳам харажатларни оқлай олмаймиз. Бу баҳорда балиқ умуман бўлмади”, дейди Абилбай Абилдаев.

Балиқчилар бу жойда 10-15 кун яшайди. Бу ерга балиқ овлаш ускуналари, қайиқ учун ёқилғи ва озиқ-овқат олиб келишади. Сўнгги пайтларда буларни қарзга олишяпти. Агар ов бароридан келса, қарзлар узилиб, оилага ҳам нимадир қолади.

Балиқчилар айтишича, ҳар бир қайиқ иш юришган кунларда кунига 20-30 кило балиқ олиб келади. Ов қайиқдаги икки балиқчи ўртасида тенг тақсимланади. Ҳар куни эрталаб маҳаллий тадбиркор янги балиқ сотиб олади ва уни балиқ заводига олиб боради.

Орол балиқчилари воблани 200 тангадан, сазанни 500 тангадан, кулбанинг килосини 1300 тангадан сотяпти. Талабга қараб балиқ нархи кўтарилади ёки тушади.

“2005 йилда Кўкарал тўғони қурилганидан бери балиқчилик билан шуғулланаман. Аввалига денгиз суви шўр эди. Ҳамма балиқлар дарёнинг қуйилиш жойида бўларди. Биз фақат ўша ерда балиқ тутардик. Сув келиши билан денгиз аста-секин янгиланиб, балиқлар кўпайиб, Оқбастага етиб келдик. Сўнгги икки-уч йил ичида денгизга сув қуйилиши тўхтади, яна балиқ йўқ. Илгари битта қайиқда кунига 100 кило балиқ овлаш имкони бор эди, ҳозир 20-30 килодан ҳам хурсандмиз. Баъзида қуруқ қўл билан қоламиз”, дейди балиқчи Муканғози Ибоев.

Тушдан кейин балиқчилар навбатдаги сафарга тайёргарлик кўра бошладилар. Аввал биз эски мотоциклга тўрларни юкладик. Мотоциклда бир киши уларни қирғоққа олиб чиқди. Тўрлар билан сувга чиқиш алоҳида бир вазифа. Ўтган йилнинг ўзида денгиз қирғоқдан тахминан бир ярим километр узоқлашди.

Муканғози Ибоевнинг ёрдамчиси Асхат қайиққа элликлик тўрни (тўр катаги 55 мм) юклади. Балиқ овлаш анъанасига кўра, уларга “Мойлансин!” ("Ов бароридан келсин!") деб тилак айтишади. "Ҳа, шундай бўлсин!" деб жавоб беради балиқчилар баланд овозда.

Маҳаллий балиқчиларнинг қайиқлари. Кўпинча балиқчилар ўлжаси ёнилғи харажатини ҳам қопламайди.
Маҳаллий балиқчиларнинг қайиқлари. Кўпинча балиқчилар ўлжаси ёнилғи харажатини ҳам қопламайди.

Қайиқни сувга туширгандан сўнг, балиқчилар уни том маънода яна 500-600 метрга судраб боришади, моторли қайиқ саёз сувда сирпанади.

“Биз қирғоқдан бир ярим-икки километрча йўл юрдик. Ҳали ҳам двигателни судраб кетяпмиз. Бу ерда жуда саёз, фақат ярим метр сув бор. 20-30-километрда тўрни ташлаймиз. Кечқурун қайтамиз. Бу вақт ичида 50 литр ёқилғи кетади. Ҳеч вақосиз қайтиб, ёнилғи харажатини қоплай олмай қолган пайтларимиз ҳам бўлади”, дейди балиқчи Муканғози Ибоев.

“ТУМАН ҲАЁТИ ДEНГИЗ БИЛАН БОҒЛИҚ”

Сув камлиги сабабли, кўпроқ одамлар балиқчиликни ташлаб, бошқа соҳаларда иш излаб ёки бошқа жойларларга кетмоқда. Буни қирғоқда ташлаб кетилган кўплаб қайиқлар ҳам тасдиқлайди.

“Балиқчилар навбатчилик асосида ишга, ёзда эса қурилишга боради. Буларнинг бари уларнинг қайиқлари. Бу қайиқларни сотмоқчи бўлса ҳам ким сотиб олади? Ҳеч кимга керакмас. Бу ерда ҳамма балиқчи. Бир томондан, улар денгизнинг қайтишидан, сув келишидан умид узишни исташмайди. Ҳамма нарса охир-оқибат барибир сувга боғлиқ. Агар сув келса, вазият ўнгланади. Тўғонда сув кўп бўлган йилларда Кичик Оролдан сув Катта Оролга оқиб ўтарди. Ўша йилларда бу қайиқларнинг ҳеч бири ҳозиргидек ётмаган. Уларнинг ҳаммаси сувда эди, одамлар яхши ишлаб, яхши яшарди”, дейди Ороллик балиқчи тадбиркор Жеткерген Акмирзаев.

Орол шаҳри ва унинг атрофидаги 15 аҳоли пункти ҳаёти балиқчилик билан чамбарчас боғлиқ. Улардан бири Орол шаҳридан 170 километр узоқликда, Сирдарёнинг оғзида жойлашган Қорашалон қишлоғидир.

Қорашалонда маҳаллий аҳоли "тўқал том" деб атайдиган уйлар сақланиб қолган – улар қамишдан қурилган, томсиз, ташқариси эса лой билан сувалган. “Бундай уйларда балиқчилар яшар эди. Кейинчалик Кўкарал тўғони қурилди, сув денгизга оқиб тушди, балиқчилар қишлоқларида ҳаёт яхшилана бошлади”, дейди маҳаллий турғунлар.

Анъанавий қозоқ қишлоқларида катта уйлар яхши ҳаёт нишонасидир. Қорашалонда эса улар сони оз эмас. Олис қишлоқларда коттеж қурганлар ҳам бор. Бу ерда қадимдан балиқчилик ва чорвачилик билан шуғулланишган. Аммо денгиз уларга яқинроқ – у ҳаёт манбаи.

“Март ойидан бери денгизга сув тушмади. Бу ерда 124 оила истиқомат қилади, ҳамма сув ташвишида. Қишлоғимизда 70-80 нафар балиқчи бор. Оилаларининг фаровонлиги денгиз билан боғлиқ”, дейди Қорашалон қишлоғида яшовчи Ўразбай Оспанов.

“ТУЗ МИҚДОРИ БАЛИҚЛАР УЧУН ХАВФЛИ ДАРАЖАГА ЯҚИНЛАШГАН”

Сув тизимига техноген босим кучаймоқда, денгизнинг биологик ресурслари камаймоқда.

Маҳаллий ихтиолог Зауалхон Эрмаханов Кичик Орол ҳам ўлик денгизга айланиши мумкинлигидан хавотирда. Зеро, Сирдарёдан сув оқими камайгани сайин денгизнинг шўрлиги ҳам ортаверади. Ҳозирги вақтда денгиз суви литри учун туз миқдори 13 граммни ташкил қилади. Агар сув шўрлиги 16 граммдан ошса, балиқлар нобуд бўлади.

“Оролнинг маҳаллий балиқлари ўртача 10 грамм сув шўрлигида тухум қўйган. Агар бир литр денгиз сувида 10 граммдан ортиқ туз бўлса, балиқнинг уруғланиши қийин бўлади. Уруғланса ҳам, тухум ўлади. Охирги пайтлар буни пайқадик. Ҳозир денгиз суви шўрлиги 13 грамм. Шунинг учун балиқчилар хавотирда. Кичик Оролнинг 30 фоизини эгаллаган акваторияда Сирдарёдан сув етишмаётгани учун балиқ омон қолмайди”, дейди Зауалхон.

Мутахассиснинг огоҳлантиришича, Кичик Орол муаммосига зудлик билан ечим топилмаса, бу табиат ва инсониятга тузатиб бўлмас зарар етказади.

“Илгари, Кўкарал тўғони қурилгунга қадар Кичик Орол шўрлиги 35 граммни ташкил қилган. Яъни, океан шўрлиги билан бир хил эди. Ўша оғир йилларда Кичик Оролда Азов денгизидан олиб келинган камбаладан бошқа балиқ йўқ эди. Шошилинч чоралар кўрилмаса, Кичик Орол одамларнинг боқувчиси бўлмай қолади, дейди Зауалхон Эрмахонов.

Расмий маълумотларга кўра, Қизилўрда вилоятига ҳар йили кириб келаётган 12 куб километр сувнинг атиги уч куб километри Кичик Оролга қуйилади. Ихтиолог Эрмаханов ҳужжатда кўрсатилган сув денгизга қуйилганига шубҳа қилади.

Зауалхан Эрмахановнинг айтишича, Қозоғистон дарё сувидан самарасиз фойдаланмоқда. Унинг ҳисоб-китобига кўра, Кичик Орол йилига камида олти куб километр сув олсагина, беш-олти йил ичида аввалги ҳолига қайтади.

“Сирдарё бўйида Кўксарай тўғони бор. Ундан кўзланган мақсад сув кўп бўлганда уни тўплаб, ёзда Қизилўрда вилоятига жўнатиш. Ҳозир қарасангиз, Кўксарайда сув бор. Балиқ кўпайиб бормоқда. Бундай бўлмаслиги керак. Сув пастга йўналтирилиши керак. Кўксарай – бу контррегулятор, бошқа нарса эмас. Чордара сув ҳавзасининг мақсади балиқчилик эмас. Шундай экан, Кўксарай суви дарёга йўналтирилиши шарт. Бу Кичик Оролни сақлаб қолиш йўлларидан бири, дейди Зауалхон Эрмахонов.

ИНСОНИЯТ ТАРИХИДАГИ ЭНГ ДАХШАТЛИ ОФАТЛАРДАН БИРИ

Орол денгизидаги сув сатҳи 1960-йиллардан буён тез пастлай бошлади. Бунинг сабаби, бир қанча қирғоқбўйи давлатлари Орол денгизига қуйиладиган иккита асосий дарё – Амударё ва Сирдарёни далаларга йўналтириб, экологик ҳалокатга олиб келганидир. Охир-оқибат денгиз Кичик Орол (Шимолий денгиз) ва Катта Оролга бўлинди. Энди Катта Орол йўқ – бу ўлик денгиз. Мутахассислар Кичик Оролнинг ҳам бошига Катта Оролнинг куни тушишидан хавотирда.

“Фалокат олдини олиш учун дарёдан денгизга оқадиган сув ҳажмини ошириш керак. Сирдарё сувидан тўрт давлат фойдаланади. Тўртта давлат аҳолиси ва сувга бўлган эҳтиёж йил сайин ортиб бормоқда. Қизилўрда вилоятига кириб келаётган дарё сувининг камида 50 фоизи денгизга етиб бормайди. Сабаби исрофгарчилик. Кам одам сувга етарлича эътибор беради, уни ҳисоблайди ёки қаерга кетаётгани ҳақида қайғуради. Масалан, Ўзбекистонда сув ҳисоблагичлари ўрнатилди. Сув йўллари тўлиқ бетонланган. У ерда исрофгарчиликка йўл қўйилмайди. Аммо бизда ундай эмас. Назорат сустлиги туфайли Кичик Оролга борадиган сув тобора камаймоқда, денгиз эса йил сайин саёзлашяпти”, дейди “Орол денгизи” жамоат бирлашмаси директори Айнагул Баймахонова.

Маҳаллий балиқчилар балиқ овлаш учун ҳафталаб кутадиган балиқ овлаш станциясидаги уй.
Маҳаллий балиқчилар балиқ овлаш учун ҳафталаб кутадиган балиқ овлаш станциясидаги уй.

Орол денгизининг саёзлашиши инсоният тарихидаги энг даҳшатли экологик офатлардан биридир. Денгизни қайта тиклаш билан боғлиқ биринчи тадқиқотлар 1975-1976 йилларда бошланган. Кўкаралда иккита тўғон қуриш режалаштирилган эди.

Қозоғистон ушбу икки тўғондан бири – Кўкарал тўғонини 2005 йилда қуриб битказди. Ўшандан бери 18 йил ўтди. Орол денгизини қутқаришнинг иккинчи босқичи амалга ошмади.

Мутахассислар фикрича, сўнгги беш йил ичида денгиз сатҳи икки ярим метрга пасайган. Бир пайтлар Кичик Оролнинг ҳажми 27 куб километр бўлган бўлса, ҳозир 10 куб километр йўқолди. Яъни Кичик Орол сувининг учдан бир қисмидан кўпроғи йўқолган.

Толибоннинг "ҳалокатли канали". Ўзбекистон нега жим?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:28:42 0:00

“МИНТАҚА ДАВЛАТЛАРИ ЎЗАРО КEЛИШМАСА ОРОЛ МУАММОСИ ҲАЛ БЎЛМАЙДИ”

15 сентябрь куни Тожикистонда давлат раҳбарлари – Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчиларининг учрашуви бўлиб ўтди. Унда қуриётган денгизни тиклаш, унга оқиб ўтадиган дарёлар сувини тежаш масаласи муҳокама қилинди. Йиғилишда иштирок этган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Афғонистонда қурилаётган Қўштепа канали Амударёдаги сувнинг камайишига олиб келишидан хавотир билдирди. Мирзиёев Афғонистонда ҳокимият тепасида турган “Толибон” ҳаракати билан мулоқот ўтказишни таклиф қилди. Оқ Ўрда хабар беришича, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Орол денгизига қуйиладиган икки дарёнинг ҳолати ва сувдан самарасиз фойдаланиш муаммосига эътибор қаратган.

“Минтақамизнинг икки асосий дарёси – Сирдарё ва Амударё оқимини тартибга солиш даражаси ниҳоятда юқори. Уларнинг ҳавзаларида 80 дан ортиқ сув омборлари қурилган бўлиб, уларнинг умумий ҳажми қарийб 65 куб километрга етади. Шундай қилиб, антропоген таъсирнинг ортиши, табиатдан экстенсив фойдаланиш ва турли хил ижтимоий-экологик муаммоларнинг кескинлашиши кутилмоқда. Буларнинг барчаси минтақа учун жиддий хавф туғдиради”, деди Тоқаев.

Бу йил Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ташкил этилганига 30 йил тўлди. Жамғармага Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон аъзодир. Президентлар саммити ҳар уч йилда бир марта ўтказилади. Бу йиғилишда халқаро жамғармада ҳозирда қанча маблағ борлиги, улар қаерга ва қандай сарфлангани айтилмаган. Аввалроқ мутахассислар Оролни қутқариш жамғармаси маблағлари минтақадаги сув танқислиги ва экологик муаммоларни ҳал қилиш учун етарли эмаслигини таъкидлаган эди.

Ҳокимият чанқоғи ва сув. Саида БМТда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:59 0:00

Нидерландиянинг Делфт шаҳридаги Сув фанлари институти ходими, трансчегаравий сув ҳамкорлиги ва дипломатия бўйича маслаҳатчи Бўта Шарипованинг айтишича, Марказий Осиёда сув танқислиги муаммолари йилдан-йилга мураккаблашиб, сиёсийлашиб бормоқда.

“Бу парадокс, лекин низо ва можаролар олдини олиш учун ҳукумат амалдорлари мутахассислар билан сув масалаларини тўлиқ муҳокама қилмай, фақат юқори сиёсий даражада қоғозда қолдириб, муаммони янада мураккаблаштирди. Халқаро жамғарма унинг асосий органи бўлмиш ижроия қўмитаси қаерда жойлашиши борасида ҳануз келиша олмаяпти. Шунинг учун ҳар уч-тўрт йилда бир янги муассаса кейинги мамлакатда очилади. Келгуси йил январида Қозоғистонда очилиши режалаштирилган. Бу жамғармага аъзо давлатлар фонд лойиҳалари учун пул ажратмайди. Улар фақат ўз томорқасида бирор лойиҳани амалга оширадида, бу уларнинг жамғармага қўшган ҳиссаси эканини айтишади”, дейди мутахассис.

Шарипованинг айтишича, кўпчилик Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ташкил этилишидан умидвор бўлган, бироқ унинг ҳозирги ҳолатида самарали ишлаши жуда шубҳали.

“Биринчи сабаб, барча давлатлар томонидан энг юқори сиёсий даражада қўллаб-қувватланаётган бўлса ҳам, сув бўйича мутахассислар ва бошқа экспертлар сувни қандай самарали тақсимлашни ўтириб муҳокама қилишмаяпти. Фикримча, барча мамлакатларнинг сув, энергетика, экология ва иқтисод бўйича экспертлари бир жойга тўпланиб, бир ечимга келса, минтақадаги ягона бирлаштирувчи омилга айланиши мумкин. Ҳозирда давлатлар бир-бирини тинглаши даргумон. Ҳар бир давлат фақат ўз позициясини ва таклифини билдиради ва бир-бирини қўллаб-қувватламайди. Иқлим ўзгариши ҳам сув тошқинларига, ҳам қурғоқчиликка сабаб бўлмоқда. Шу боис сув ресурслари бўйича мулоқот ва ҳамкорлик доимий музокараларни талаб қилади. Марказий Осиёда сув муаммосини тез ва осон ҳал қилиб бўлмайди", дейди Бўта Шарипова.

Форум

XS
SM
MD
LG