Линклар

Шошилинч хабар
17 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:07

Жиззахлик таксичилар: Mижоз олиш учун “кўча”га ҳар сафар 5000 сўм тўлашга мажбурмиз! (ВИДЕО)


Озодликка тақдим этилган видеодан бозор олдидан мижоз олаëтган ҳайдовчилардан пул ундирилаëтгани кўринади.
Озодликка тақдим этилган видеодан бозор олдидан мижоз олаëтган ҳайдовчилардан пул ундирилаëтгани кўринади.

Жаззах шаҳар марказидаги “Кўкбозор” ва унинг атрофидан мижоз олиш учун ноқонуний гуруҳ вакилларига мунтазам равишда “доля” беришга мажбур бўлмоқда.

“Кўкбозор” маъмурияти "доля" олаётганларнинг ўз назоратидаги ҳудудда эмаслигини айтди. Жиззах шаҳар солиқ бошқармаси уларни “фирибгарлик” билан шуғулланаëтган жиноий гуруҳ деб атади.

Шаҳар ҳокимлиги¸ бозор маъмурияти ва солиқ инспекторлари бу гуруҳ фаолиятига барҳам бериш учун масъулият шаҳар Ички ишлар бошқармаси ваколатида эканини таъкидлади.

Вазиятдан хабардор ИИБ ходими эса¸ бу ҳудудда киракашлик қилаëтган таксичиларнинг ҳам¸ улардан “доля” йиғадиган шахсларнинг ҳам фаолияти ноқонуний эканини эътироф этди¸ айни пайтда¸ бу фаолиятни қонуний ўзанга ўтказиш учун ҳокимлик ва солиқ тизими масъуллигини таъкидлади.

Озодликка тақдим этилган аудиосуҳбат¸ видеотасвир ва суратлардан мижоз олишга тўхтатган ҳайдовчилардан очиқчасига ҳақ талаб қилинаëтгани ва бирор шаклда қайдга олинмаëтган нақд пул йиғиб олинаëтгани тушунилади.

Озодликка тақдим этилган аудиолардан¸ бундай фаолиятнинг айнан қонуний доирадан ташқарида қолишидан манфаатдор кучлар борлиги ва уларнинг “тепада” ўтирган мулозимларга бориб тақалиши англашилади.

“Икки йилдан бери давом этаëтган очиқ қароқчилик?”

Жиззахлик киракашларга кўра¸ кейинги икки йил давомида шаҳарнинг аксар бозорлари¸ хусусан¸ шаҳарнинг “Кўкбозор” деб аталадиган марказий бозоридан мижоз олиш учун ҳақ тўлаш тизими жорий этилган.

Айрим бозорларда бу тўловни автомобиллар тураргоҳида хизмат кўрсатишга лицензияси бор шахслар олса¸ ҳайдовчиларнинг айтишича¸ “Кўкбозор”дан Зомин ва Дашнободга қатнайдиганлар “питаг”идан (русча пятак сўзининг бузилган шакли – таҳр.) пулни ноқонуний гуруҳ ундирмоқда.

Жиззахдаги “Кўкбозор” ( тилла бозор рўпараси )дан одам оламан. Таксилардан ноқонуний пул йиғувчи зўравонлар бор - ҳар бир мошинадан 5000 сўмдан ноқонуний пул йиғади 2 йилдан бери. Ундан олдин Зуфар исмли шахс бу иш билан шуғулланар эди¸ охири пичоқ еб ўлиб кетти. Ҳозир булар кунига камида 150 та машинадан 5000 сўмдан пул йиғади¸ бермаганни қўйишмайди ўлдираман¸ ураман деб дўқлайди. Буларнинг исмлари Ҳабиб¸ Адҳам¸ Алишер. Айримлари муқаддам судланган. Бу кимсалар ҳеч кимдан қўрқмасдан иш юритаяпти. Гаплари бўйича орқасида одамлари бор эмиш. Шу кунларда шофëрлар билан кўп жанжал ҳолатлари бўлаяпти Охири бахайр бўлсин”¸ дейди Озодликка мурожаат қилган ҳайдовчилардан бири.

Бу ва бошқа ҳайдовчиларнинг айтишича¸ киракашлардан авваллари кунига 5000 сўм ундириб келган бу гуруҳ ҳозирга келиб¸ ҳар сафар мижоз олганлик учун 5000 сўм тўлаш талабини қўйгани ортидан¸ келишмовчиликлар кучайиб кетган.

Бермасанг бу ердан одам олмайсан, бу ер бизнинг ҳудудимиз бўлади¸ деяпти очиқчасига. Бу кимсаларга нисбатан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар чора кўриб¸ бундай фаолиятига чек қўйилмаса¸ катта жиноят бўлмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди. Жиззахга “лихие 90” (бошдоқсиз 90-йиллар – мафия тадбиркорлардан очиқчасига ҳақ талаб қилган криминал давр назарда тутилмоқда – таҳр.) қайтаëтганга ўхшайди ҳозир”¸ дейди киракашлардан бири.

Бу маълумотни тасдиқлаш учун ҳайдовчилар ноқонуний пул ундираëтган шахслар билан тортишув ëзилган аудио ва уларнинг ҳайдовчилардан нақд пул олаëтгани туширилган видеони Озодликка тақдим этди.

Жиззахлик киракашлардан нақд пул ундираëтган гуруҳ
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:13 0:00

Аудиосуҳбатдаги пул талаб қилаëтган эркак киши¸ ҳайдовчига “ўзининг шунчаки ижрочи экани¸ бу пулларнинг кимга кетишини ҳамма яхши билишини” писанда қилади.

Ўз хавфсизлиги учун чўчиб¸ шахси сир тутилишини сўраган ҳайдовчилар¸ пул ундираëтганларга бошчилик қиладиган йигитнинг спортзалдан чиқмайдиган¸ "качок" йигит эканини қўшимча қилди.

"Булар мафия гуруҳи¸ улардан кўпчилик¸ ҳатто мелисаларнинг ўзи ҳам қўрқади. Бир-иккита ҳайдовчи шикоят қилган эди¸ ҳеч ким ҳеч нарса қилмади".

Расмийларнинг хабари бор¸ аммо ҳеч ким чора кўришга шошилмаяпти

Озодлик жиззахлик киракашларнинг бу иддаолари ортидан Жиззах шаҳар ҳокимлиги¸ “Кўкбозор” маъмурияти¸ шаҳар солиқ бошқармаси ва ИИБ мулозимлари билан батафсил суҳбатлашди.

Суҳбатлардан аëн бўлишича¸ икки йилдан бери Жиззах таксичилари мижоз оладиган “питак”лардаги ноқонуний пул йиғишлардан ҳамманинг хабари бор¸ аммо бу жараëнни тўлиғича қонуний изга солишга ҳеч ким ошиқмаëтир.

Кўкбозор”да учта питак (пятак) бор. Улардан Тошкент¸ Самарқандга қатнайдиганлар бор¸ кейин Жиззах туманларига кетадиганлари бор. Иккитасини пуллик стоянка қилган¸ таксичилар кунига 5000 сўм тўлаб¸ мижоз олади. Зомин¸ Дашнободга қатновчи шоферлар мижозини бозор олдидаги кўчадан олади. Бу бозор ҳудудига кирмайди”¸ деди Озодлик гаплашган бозор маъмурияти ходимларидан бири.

Озодликка тақдим этилган қисқа видеотасвир билан танишган мулозимлардан бири¸ унинг Маданият маҳалласига қарашли Тошкент кўчасидан мижоз оладиган киракашлар билан боғлиқлигини билдирди.

Бу киракашларнинг ўзи ҳам лицензиясиз ишлайди. Пул йиғаëтганлар ҳам ноқонуний. Пул йиғувчилар¸ гўë ҳайдовчилар учун навбат ташкил қилиб¸ уларни тартибга солиб келаяпти ва шунга ҳақ олаяпти. Бўлмаса¸ киракашлар мижоз талашиб ўзаро уришиб кетади”¸ деди вазиятдан яхши хабардор маҳаллий мулозимлардан бири.

Жиззах шаҳар ИИБ сининг Озодлик гаплашган ходимлари¸ бундай ноқонуний фаолиятни қонунийлаштириш улар ваколатига кирмаслигини айтди.

Ҳокимият бор¸ солиқ идораси бор. Шаҳар марказида шунча лицензиясиз таксичи ишлаяпти¸ улардан фирибгарлар гуруҳи ҳеч бир қонуний асоссиз миллионлаб сўм ундираяпти. Ҳамма билади¸ лекин шу фаолиятни расмийлаштириб¸ ундан давлатга фойда келадиган қилишни хоҳламайди. Ички ишларнинг вазифаси тартиб сақлаш¸ лицензия бериш¸ солиқ ундириш эмаску!”¸ деди Озодлик гаплашган ИИБ расмийларидан бири.

Айни пайтда¸ Жиззах шаҳар солиқ бошқармасининг Озодлик боғланган ходими киракашлардан пул ундираëтган шахсларни “мошенник”лар деб атади ва уларни тегишли жазога тортиш ИИБ ваколатида эканини таъкидлади.

  • Озодлик 2019 йил ноябрь ойида Қўқон шаҳар бозоридан мижоз олиш учун ҳайдовчиларнинг ноқонуний гуруҳга ҳар сафар пул беришга мажбурланаëтгани ҳақида ëзган эди.
XS
SM
MD
LG