Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:55

Жадидлар ва Ислом. Тадқиқотчи Адиб Холид "жадидларни жадид қилган нарса" ҳақида


 Маҳмудхўжа Беҳбудий ва бошқа жадидлар назарида уларнинг жамиятлари ҳақиқий эътиқоддан йироқ эди.
Маҳмудхўжа Беҳбудий ва бошқа жадидлар назарида уларнинг жамиятлари ҳақиқий эътиқоддан йироқ эди.

Ўзбекистон ва Марказий Осиёда советлар иттифоқи қулаши ортидан бошланган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий модел изланишлари минтақанинг турли давлатларида турлича кўриниш олган ва олмоқда. Бу жараёнларда, хусусан, Ўзбекистонда жадидчилик ҳаракати ва жадидларнинг қарашларига бот-бот мурожаат қилинади.

Ўтган аср бошларида Туркистонда кенг қулоч ёйган бу ҳаракат жамиятнинг барча соҳаларини тубдан ислоҳ қилиш, Туркистоннинг "тараққийга юз буриши"ни мақсад қилган эди.

АҚШнинг Миннесота штатидаги Carleton College профессори¸ тарихчи олим ва антрополог Адиб Холид Озодликка тақдим этган мақола жадидлар ва уларнинг ислоҳотчилик ҳаракатида марказий ўрин тутган Ислом ҳақида.

Адиб Холид “Ўзбекистон: Миллатнинг туғилиши”¸ “Коммунизмдан кейинги ислом”, "Мусулмон маданий инқилоб сиёсати: Марказий Осиёда жадидчилик" каби китоблар муаллифи.

Жадидчилик исломий ислоҳотлар ҳаракати ўлароқ бошланди, Ислом ҳаракат учун марказий масала бўлиб қолди. Дастлабки жадидларнинг аксарияти анъанавий исломий таълим олган уламолар эди. Маҳмудхўжа Беҳбудий муфтий эди, Садриддин Айний мударрис эди, Мунаввар қори Абдурашидхон ўғли, Абдурауф Фитрат, Абдулқодир Шакурий (ва кўплаб бошқалар) эса Бухоро ва бошқа жойлардаги мадрасаларда таҳсил олган эди.

Аммо жадидларни жадид қилган нарса шуки, улар марказий осиёликлар ҳақиқий Исломдан йироқлашиб, ўз эътиқодлари бузилишига йўл қўйган, деб ҳисоблар эдилар. Дарҳақиқат, улар ўз жамоаларининг «таназзули» ва «дегенерациясини» ҳамда мустамлакага айлантирилганини ҳақиқий Ислом йўлидан чиқиш билан изоҳладилар. Ҳақиқий Ислом тараққиётга тўсқинлик қилмасди. Аксинча, мусулмонларга дунёвий билимларни эгаллашни ва тараққиётга эришишни буюрганди. Жадидларга кўра, мусулмонлар ҳақиқий Исломга амалга қилган даврда улар илм соҳасида дунёда етакчи эдилар, мусулмон империялар эса қудратли эди. Имоннинг бузилиши уларни жаҳолатга ҳамда сиёсий ва ҳарбий заифликка йўлиқтирган эди. Ушбу муаммога ечим «ҳақиқий Исломга» қайтиш эди.

Жадидларнинг фикрига кўра, уларнинг жамиятлари ҳақиқий эътиқоддан йироқ эди. Аждодлардан мерос бўлиб қолган кўплаб урф-одатлар ва анъаналар бузуқ эди, уларнинг Исломга зид жиҳатлари бор эди. Ислоҳотга муҳтож кўплаб масала бор эди.

Профессор Адиб Холид
Профессор Адиб Холид

Мозорларни зиёрат қилиш ва у ерда кўмилган авлиёлардан шафоат сўраш энг кескин танқидга учраган одат бўлди, дейиш мумкин. Жадидлар авлиёларга сиғинишни ширк ва бутпарастликнинг бир тури деб ҳисоблар эдилар. Фитратнинг таниқли «Баёноти сайёҳи ҳинди» («Ҳинд сайёҳи қиссаси») асарида Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилгани келган ҳиндистонлик мусулмон сайёҳ у ерда кўрганларидан ҳайратга тушади. Зиёратчилар қўчқор шохлари ва мозор байроғи илинган байроқ устуни каби муқаддас ҳисобланган ёдгорликларни ўпиб, дафн этилган авлиёга ибодат қилаётган эди. Саёҳатчи бу ҳолатдан лол қолади: «Чи қадар шоёни ҳаират аст, ки шумо дигаронро ба иллати бутпарастӣ ва саҷдаи салиб кофир медонед ва худатон ам ба чӯби алами мазорҳо саҷда оварда, ҳоҷати худатонро аз Баҳоуддин мехоҳед ва бозхудатонро мусулмон медонед». (« Ҳайратланарли жойи шундаки, сизлар бошқаларни бутпарастлик ва салибга сиғиниш жиҳатидан кофир деб атайсиз, шу қатори ўзингиз ҳам мозор чўплари ва яловларига сажда қилиб, ҳожатингиз раво бўлишини Баҳовуддиндан тилайсиз ва яна ўзингизни мусулмон деб атайсиз»)

Дарҳақиқат, сўфийлик удумларининг аксарияти кескин танқидга учради. Маҳмудхўжа Беҳбудий учун сўфийлик, хонақоҳдорлик, муридгарлик каби сўфийлик билан боғлиқ амаллар Исломнинг асл таълимотини чалкаштирадиган ва мусулмонларни жаҳолат зулматида сақлайдиган сафсата ва хурофот шакллари эди. Баччабозлик танқидга учраган яна бир масала бўлди. Ниҳоят, жадидлар туғилиш ва суннат тўйларини, оила қуриш тўйларини ва мотам маросимлари исрофгарчилик ўлароқ танқид қилдилар

Ушбу бузуқликлар мактаблар ва мадрасалар ҳам бузуқ бўлгани учун мавжуд эди. Мактаблар нафақат самарасиз эди, балки уларда болалар англай олмайдиган сўфий шеъриятдан фойдаланилар эди (жадидлар бундай шеърлар катталар учун ҳам фойдасиз деб ҳисобларди). «Мадрасаларда биз дунёвий илм нари турсун ло-ақл диний илмларнинг асли бўлган тафсир ва ҳадис ҳам ўқитилмайди», [деб ёзган эди жадид муаллиф].

Исломнинг бу йўсин бузилиши Марказий Осиё таназзулга юз тутиши ва руслар томонидан забт этилишига сабабчи бўлган эди. Мунаввар қори ёзган эди: «Бўзахўрлик, қиморбозлик, баччабозлик, базм қилмоқ, … зино қилмоқ, шикоят қилмоқ ва бир-бирларини ҳақорат қилмоқ … бу афъоли қабиҳаларимизни сабабидан мулк-мамлакатимиз тағаййур ва табаддул бўлуб, асир-у, хор-у залил бўлдук».

Тўғри жавобларни Қуръон ва ҳадисларда топиш мумкин эди – агар улар фақат қонуний матнларга шарҳлар (ҳошия) билан чекланувчи мадрасалар йўлида эмас, балки тўғри ўрганиладиган бўлса. Жадидлар учун ҳидоят йўлида тўғридан-тўғри Қуръон ва ҳадисга қайтиш жуда зарур эди. Фитрат учун Қуръон «роҳбари нажот» эди. Фитрат шундай номланувчи китобида тўғри ҳаёт кечириш тўғрисида Қуръондан иқтибос (араб тилида) келтирган ҳолда кўрсатмалар берди. Шунингдек, у «Оила» деб номланувчи китобни ҳам нашр этди. Унда оилавий ҳаёт ҳақидаги ўз тасаввурларини баён қилди. Унинг тасаввурлари Қуръондан олинган иқтибосларга таянган бўлиб, мадрасаларда ўқитиладиган китоблар таълимотидан фарқ қиларди.

Чор ҳукмронлиги даврида шаръий маҳкамалар ўз фаолиятини давом эттирди. Қозилар шариат ҳақидаги тушунчаларига таянган ҳолда ҳукм чиқарардилар. Жадидлар ушбу судларни ислоҳ қилмоқчи эдилар, чунки шариат замонадан хабардор бўлганлар томонидан ва замона «иқтизосича» / талабича талқин қилиниши лозим эди. Маҳмудхўжа Беҳбудий 1906 йилда илгари сурган бу фикр 1917 йилги жадидлар дастурида муҳим ўрин тутди.

Ушбу масалаларда жадид зиёлилар мустамлакачилик туғдирган саволларга жавоб излар экан, мусулмон дунёсида бошланган кенг ислоҳотлар оқими билан ҳамнафас эдилар. Ҳамма жойда улар ислоҳотга эҳтиёж сезмаган ёки ислоҳотчиларнинг анъанавий удумларга қаратилган танқидини маъқулламаган бошқа мусулмонлар қаршилигига дучор бўлдилар. Кўп ҳолатларда баҳслар кескин тус олди ва ислоҳотчилар ҳамда уларга қарши бўлган бир-бирларини қаттиқ танқид қилдилар. Аммо бу «дунёвийлар» ва «исломчилар» ўртасидаги баҳс эмас эди. Иккала томон ҳам исломий аргументларни келтирди. Аксинча, баҳс-мунозаралар Исломнинг турли талқини атрофида эди – Ислом нимани англатиши, ким уни таърифлаш ваколатига эга экани ва, пировардида, мусулмонлик нимани англатиши [асосий баҳс мавзулари эди].

Бугунги кунда шароит умуман бошқача бўлса-да, бундай баҳслар ҳали ҳам бор. Жадидлар учун агар Ислом тўғри талқин қилинадиган бўлса, замонавий дунё фуқароси, миллат аъзоси ва мусулмон бўлиш ўртасида ҳеч қандай зиддият йўқ эди. Уларнинг анъанавий одатларни хурофот ва сафсата деб танқид қилиш, Қуръон ва ҳадисдан тўғридан-тўғри фойдаланишга чорлаш, турли маросимлардаги исрофгарчиликни қоралаш ва мозорларга боришга кескин қарши чиқиш каби қарашлари мусулмон дунёсидаги турли хил исломий ислоҳот ҳаракатларининг бир қисмидир. Бугунги кунда ушбу қарашларнинг айримлари «ваҳҳобийлар» қарашларига ўхшайди. Аммо жадидлар назарида ислоҳ қилинган Ислом замонавий дунёда тараққиётга, хусусан, миллат тараққиётига эришишга соғлом замин ярата олар эди. Марказий Осиёнинг мустақил давлатлари ва уларнинг фуқаролари дунёда ўз ўринларини белгилаш учун курашар экан, жадидларнинг дин ва миллатни муросага келтириш ҳақидаги қарашлари ҳали-ҳануз долзарб бўлиб қолмоқда.

XS
SM
MD
LG